«Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар.»
Бундай гапни, яъни унга ўхшаш нарсани ҳеч қачон келтира олмасликлари ҳақидаги ҳукмни ҳеч бир инсон айта олмайди. Чунки, инсон ер юзида ўзидан кучли ёки ўзи билан тенг кучга эга шахснинг йўқ эканлигини ҳеч қачон билмайди. Шунинг учун ҳам, юқоридаги гапга ўхшаш гапни айтишга тили бормайди. Лекин Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгувчидир. У зот Ўз бандаларининг Қуръонга ўхшаш нарсани келтира олмаслигини аниқ билгани учун бу гапни айтган ва ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чикди.
Мана, бир неча аср ўтди, авлодлар кетидан авлодлар келди, қанча-қанча улкан уламолар, ёзувчилар, тил усталари, танқидчилар — барчалари ўз асарларида Қуръоннинг мўъжизакор эканини ва барча инсонлар унга ўхшаш нарса келтира олмасликларини тан олишдан бошқа иложлари бўлмади.
Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидир. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўъжизаси бўлган.
Фиръавн қавми математика, табиат ва айниқса сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло уларга юборган Пайғамбари Мусо алайҳиссаломга берган мўъжизасини шуларга мое қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканлигига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб юборди.
Исо Пайғамбар келганда эса, кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўъжизасини берди.
Ҳақиқатни айтганда, аввалги Пайғамбарларнинг мўъжизалари вақтинчалик мўъжизалар эди. Чунки, Пайғамбарлар тириклик вақтида бу мўъжизалар ўз таъсирини ўтказиб туриб, улар вафот этгандан сўнг йўққа чиқар эди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги шариати учун боқий мўъжизани ихтиёр этди. Бутун оламлар учун сўнгги ва умумий Пайғамбар қилиб танлаган ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзининг каломини бош мўжиза сифатида нозил қилди.
Бу китоб ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки, Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мое бўлиб тушди. Ҳар қандай соғлом фикрли киши турли бузғунчи фикрлардан холи бўлган ҳолда Қуръонни ўрганса, албатта у илоҳий мўъжизакор китоб эканлигини тан олиши турган гaп. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан ўтганларидан кейин ҳам мўъжизакорлик ҳолида турибди ва қиёматгача тураверади.
Қуръоннинг мўжизакорлиги
Қуръоннинг мўъжизакорлиги ҳақида гan кетганда, аввало шуни айтиш каракки, юқорида зикр қилинганидек, у араб тилида, араб сўз усталарини ожиз қолдириш учун юборилган китоб бўлиб, унинг ҳақиқий мўъжизасини тўлиқ тушуниш учун араб тилини билувчи киши бўлиши шарт.
Биз араб бўлмаганимиз ва араб тилини билмаганимиз учун, Қуръоннинг араб тилига боғлиқ бўлмаган мўъжизаларидан баъзи бирларини эслатиб ўтамиз.
Шулардан бири келажакда бўладиган ҳодисалардан берилган хабарлардир. Қуръони Каримда инсон ақлини лол қолдирадиган даражада баъзи бир хабарлар келадики, ўша оятларни туширилган пайтда эшитган кишилар «албатта, бу муболағадир», деб ўйлаган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.
Мисол: Сураи «Нур»да шундай дейилган:
«Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди.»
Мана шу оят тушмасдан олдин мусулмонлар ҳатто ухлаган чоғларида ҳам қуроллари билан ухлаб, бизга ҳам бир осойишталик келиб, диний амалларимизни бемалол бажара олармиканмиз, деб турган вақтлари эди. Бу оят тушгандан сўнг кўп ўтмасдан улар орзу қилган вақтлар етиб келди ва Ислом уммати Аллоҳнинг ердаги халифаси деб эълон қилинди. Яна бошқа бир оятни олиб кўрайлик. «Моида» сурасида шундай дейилган:
«Эй, Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».
Бу оят тушишидан олдин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни баъзи саҳобалар ўз ихтиёрлари билан кофирларнинг ёмонлигидан қўриқлаб туришарди. Шу оят тушгандан сўнг эса, Пайғамбар алайҳиссалом ҳужраларидан бошларини чиқариб, қоровулларга қараб: «Энди сизлар кетаверинглар, Аллоҳнинг Ўзи мени кишиларнинг ёмонлигидан сақлайдиган бўлди», деб айтдилар.
Мана шу оят Қуръоннинг илоҳий китоб эканлигига энг кучли далиллардан биридир. Чунки, шу оят тушгандан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч қўрқмасдан кофирларнинг ичида юрдилар, биринчи сафда туриб, улар билан жанг қилдилар ва бошқа ҳолатларда ҳам бемалол юравердилар. Кофирлар қанчалик уринмасин, у кишига пашша чаққанчалик озор етказа олмадилар.
Қуръонда аввал ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг умматлари ҳақида кўпгина қиссалар бор. Маълумки, Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмаганлар, умрларида бирор соат ҳам дарс олмаганлар. Шунга қарамай, Қуръонда келган қиссалар энг тўғри ва далиллик бўлиб, ҳатто, Инжил ва Таврот каби китобларнинг хатоларини тўғрилаб келган. Бу ҳакда XX асрда шу қиссаларнинг баъзи бирларига тааллуқли бўлган ашёвий далилларни синчиклаб ўрганган таникли уламолар ҳам айтиб ўтдилар. Уларнинг ичида аввал мусулмон бўлмаганлари, шу илмий ишларидан сўнг Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканлигига тан бериб, мусулмон бўлдилар.
Қуръон кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун туширилган китоб бўлиб, коинот, мавжудот ва илмий масалаларда сўз юритиш унинг вазифаси эмас. Лекин шу билан бирга, Қуръонда баъзи бир илмий сўзлар келганки, албатта, улар Қуръоннинг илоҳий мўъжизакор китоб эканлигига катта далилдир.
Такрор бўлсада, яна айтамизки, Муҳаммад алайҳиссалом Маккада ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам эдилар. У ерда илм-маърифат, Мадраса ёки илмий муассаса деган нарса асло бўлмаган. Бу эса, Пайғамбар алайҳиссалом илмий масалалардан мутлақо бехабар эдилар, дегани. Лекин шунга қарамай, Қуръонда шундай илмий масалалар зикр қилинганки, бунинг сирини ўша вақтда ва ундан кейинги вақтларда ҳам ҳеч ким билмаган. Фақат бизнинг давримизга келиб, илм-фан ниҳоятда тараққий этган бир даврдагина у нарсалар тушунилди. Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида шундай дейди:
Do'stlaringiz bilan baham: |