«Албатта, Биз Қуръонни туширдик ва албатта, уни Биз Ўзимиз муҳофаза қиламиз».
Қуръоннинг тарқоқ тушиши ва унинг ҳикматлари
Аввал айтганимиздек, Қуръон йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда тушди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят тушар эди, бир тушишида ўнта оятгача ҳам тушган вақтлар бўлган. Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда тушар эди. Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон ва мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят тушгандан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта, улар бундай баҳонани қила олмас эдилар.
Қуръоннинг тарқоқ тушишининг бошқа ҳикматлари ҳам бор. Шулардан бири — кишиларни ота-боболаридан қолиб келган урф-одатларидан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун, Қуръон аста-секин тушиб, юқорида зикр қилинган нарсаларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди.
Араблар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса, ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бошқа қабилалар олдида ўзининг ҳурматини кўрсатиш учун ўзининг уста шоири бўлишига интилар эди. Шу билан бирга, бу шоир бошқа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам, улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият бериб, шоир ва сўз усталарини ниҳоятда қадрлар эдилар.
Шундай бир пайтда Қуръони Карим ўзининг ажойиб услуби, шифобахш ҳикматли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон ярим оролидаги халқларнинг қалбига йўл топди.
Албатта, Қуръон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асар-ларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффақиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қуръон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қолдилар. Қуръонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди. Лекин кофирларнинг бошлиқлари янги динга киришдан ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига иймон келтиришдан бош тортиб, ҳақиқатга қарши бўлмағур нарсалар билан уруш очдилар. Улар Қуръонни «шеър» дедилар, «аввалги ўтган кишиларнинг афсоналари» деб ҳам кўрдилар. Муҳаммад алайҳиссаломни эса, гоҳида «жинни» десалар, гоҳида «фолбин» дедилар. Лекин улар бу билан ҳеч нарсага эриша олмадилар.
Арабларнинг одати бўйича, бир-бирларидан сўзда усталигини исбот қилмоқчи бўлсалар, бир-бирларини тортишувга чақирар эдилар. Шу одатга биноан, Қуръон ҳам улардан ўзига ўхшаш бир нарса ёки суралардан бирига ўхшаш бир сура келтиришни талаб қилди. Шундай талабнинг бўлиши ва унинг Қуръонда зикр қилинишидан мақсад, бунга асрлар давомида тарих гувоҳ бўлсин, араблар ўзлари энг уста шоир ва ваъзхон бўлатуриб, Қуръон чақириғи олдида ожиз қолганлари бардавом эслатиб турилсин, дейишлик эди. Ҳатто замонлар ўтиши билан бирор-бир мунофиқ, бузғунчи чиқиб, Қуръон арабларни ожиз қолдирган эмас, агар араблар хоҳласа, Қуръонга ўхшаш китобни туза олар эдилар, демаслиги учун шундай бўлди.
Бу борада Қуръон ўзига хос йўл тутиб, аввало, араблардан Қуръонга ўхшаш бир нарсани ижод қилишни талаб қилди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
Do'stlaringiz bilan baham: |