«Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин.
Қуръоннинг тарқоқ тушиши ҳикматларидан яна бири —уни ёдлаш осон бўлиши учун эди. Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг атрофидаги саҳобаларнинг кўпи ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Ахир, Қуръон бирдан тушса, уни ёдлаш қийин бўлиб қолар эди.
Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турардилар, қийинчилик, машаққатларга учрардилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қуръон оятлари тушиб уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди.
Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, бу ишнинг динимизда ҳукми қандоқ экан, деган саволлар пайдо бўларди. Шундоқ ҳолатларда оят тушиб, бу ишларга аралашар, тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса, Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига олиб келар эди.
Қуръони Каримнинг тарқоқ тушишлигининг энг улкан ҳикматларидан бири —унинг масдари, келиб чиққан жойига ишорат ва ҳақиқий илоҳий китоблигига ҳужжатдир. Ўйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят, олдинма-кейин, баланд-паст бўлиб тушсада, ҳаммаси йиғилиб бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарфи ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос.
Қуръоннинг инсоонларни ожиз қолдириши
Қуръон арабларга ва бошқа халқларга ўзига ўхшаган бирорта китобни ёки унинг сураларига ўхшаш бирорта сурани келтиришни таклиф қилганда, уларнинг барчаси бу ишдан ожиз қолиши ҳақиқатан ҳам Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига ёрқин далилдир.
Қуръон тушишидан олдин ва хусусан, Қуръон тушаётган пайтда арабларда сўз усталиги, адабиёт, шеър ва ваъзхонлик ниҳоятда юқори даражада эди. Йил давомида улар бир неча сайл ва маросимлар ўтказиб туришар эди. Хусусан, «Укоз» деган жойда шеър айтиш ва ваъзхонлик қилишда катта-катта мусобақалар ўтказилиб, машҳур ва улкан шоирлар мусобақа қатнашчиларига баҳо қўяр эдилар.
Арабларнинг бундай сўз усталигига икки сабаб бор эди: улар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса, ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бошқа қабилалар олдида ўзининг ҳурматини кўрсатиш учун ўзининг уста шоири бўлишига интилар эди. Шу билан бирга, бу шоир бошқа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам, улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият бериб, шоир ва сўз усталарини ниҳоятда қадрлар эдилар.
Шундай бир пайтда Қуръони Карим ўзининг ажойиб услуби, шифобахш ҳикматли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон ярим оролидаги халқларнинг қалбига йўл топди.
Албатта, Қуръон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асар-ларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффақиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қуръон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қоддилар. Қуръонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди. Лекин кофирларнинг бошлиқлари янги динга киришдан ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига иймон келтиришдан бош тортиб, ҳақиқатга қарши бўлмағур нарсалар билан уруш очдилар. Улар Қуръонни «шеър» дедилар, «аввалги ўтган кишиларнинг афсоналари» деб ҳам кўрдилар. Муҳаммад алайҳиссаломни эса, гоҳида «жинни» десалар, гоҳида «фолбин» дедилар. Лекин улар бу билан ҳеч нарсага эриша олмадилар.
Арабларнинг одати бўйича, бир-бирларидан сўзда усталигини исбот қилмоқчи бўлсалар, бир-бирларини тортишувга чақирар эдилар. Шу одатга биноан, Қуръон ҳам улардан ўзига ўхшаш бир нарса ёки суралардан бирига ўхшаш бир сура келтиришни талаб қилди. Шундай талабнинг бўлиши ва унинг Қуръонда зикр қилинишидан мақсад, бунга асрлар давомида тарих гувоҳ бўлсин, араблар ўзлари энг уста шоир ва ваъзхон бўлатуриб, Қуръон чақириғи олдида ожиз қолганлари бардавом эслатиб турилсин, дейишлик эди. Ҳатто замонлар ўтиши билан бирор-бир мунофиқ, бузғунчи чиқиб, Қуръон арабларни ожиз қолдирган эмас, агар араблар хохласа, Қуръонга ўхшаш китобни туза олар эдилар, демаслиги учун шундай бўлди.
Бу борада Қуръон ўзига хос йўл тутиб, аввало, араблардан Қуръонга ўхшаш бир нарсани ижод қилишни талаб қилди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
Do'stlaringiz bilan baham: |