1-маъруза: ГФР ва Италия Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда
Режа:
ГФР Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда
Италия Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда
Таянч иборалар: оккупацион ҳудуд, Назорат кенгаши, Бундестаг, Бундесрат, Бундесвер, ландтаг, “Аденауэр даври”, “янги шарқий сиёсат”, “янги неоконсерватизм сиёсати”, Берлин девори, “Халштейн доктринаси”, консенсус1
ГФР Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда
Германиянинг таслим бўлиши ҳақидаги битимга мувофиқ 1945 йил 2 июнда АҚШ, СССР, Буюк Британия ва Франция Германиядаги Олий ҳокимиятни ўз зиммаларига олдилар. Уни бошқариш учун тўрт томонлама Назорат кенгаши тузилди. Ғолиб давлатлар ўз ҳудудларида ўз манфаатларини кўзлаганликлари тезда маълум бўлиб қолди. Масалан, СССР Потсдам битимларини бажариш ниқоби остида Шарқий Германияда социализм қуришни жадаллаштирди.
1945–1949 йиллар Германия тарихида оккупация тартиби ҳукм сурган давр ҳисобланади. Потсдам конференцияси (1945 йил 17 июль – 2 август)дан сўнг, оккупация ҳудудларида сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, ёшлар ташкилотлари тузила бошланди. Аммо улар умумгерман миқёсида эмас, балки ҳар бир ҳудудда алоҳида-алоҳида тузилди. Жумладан, фашистлар таъқиб этган Германия коммунистик партияси ва Германия социал-демократлар партияси яширин фаолиятдан чиқди.
Айни пайтда янги сиёсий партиялар ҳам вужудга келди. Ғарбий оккупацион ҳудудда 1945 йилда Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) тузилди. Унга Конрад Аденауэр раҳбарлик қилди. 1947 йилга келиб, учта оккупация ҳудудларининг барчасида ХДИ тузилди. 1946 йилда Баварияда тузилган Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) ХДИ билан “ҳамдўстлик” муносабатларида бўлди. Либерал-демократлар эса, 1948 йил 11 декабрда Эркин демократик партияни (ЭДП) туздилар2. Шундан кейинги 20 йил мобайнида ГФРни шу учала партиянинг коалицияси бошқариб келди.
Германиянинг ғарбий ҳудудларида 1948 йил 20 июнда ўтказилган пул ислоҳоти иқтисодий барқарорликнинг иқтисодий омили бўлди. АҚШ ўша даврдаёқ “Маршал режаси” асосида ёрдам беришга қарор қилди (1948–1949 йй.да 1,4 млрд доллар миқдорида ёрдам кўрсатилди). Сиёсий соҳада эса Германиянинг ғарбий ҳудудларида Конституция ишлаб чиқилиши муҳим аҳамият касб этди. Уч ҳудуд қўмондонлари кенгаши тасдиқлаган бу Конституция 1949 йил 23 майда кучга кирди. Конституция асосий фуқаролик, эркинлик ва сиёсий ҳуқуқларни мустаҳкамлади, Ғарбий Германияни демократик федератив давлат деб эълон қилди. 1949 йил 14 августда парламентнинг қуйи палатаси – бундестагга сайлов ўтказилди. 1949 йил 7 сентябрда мамлакат президенти Теодор Хейс (ёки Хойс) ва биринчи канцлер Конрад Аденауэр сайланди. 1951 йилда ГФР ҳудудида оккупация тартиби бекор қилинди.
Шарқий оккупацион ҳудудда 1946 йилда Германия Коммунистик партияси (ГКП) Германия социал-демократик патияси (ГСДП) билан бирлашиб Германия бирлашган социалистик партиясини (ГБСП) ташкил этди. Унинг ташаббуси билан миллий фронт тузилиб, ҳудуддаги барча сиёсий кучлар унга бирлаштирилди. Миллий фронтнинг раҳбар органи сифатида Немис миллий кенгаши (парламентга ўхшаш такилот) 1949 йил 7 октябрда Германия Демократик Республикаси тузилганлигини эълон қилди. Вильгельм Пик ГДР президенти ва Отто Гротеволь биринчи бош вазир этиб сайланди. Шундай қилиб, 1949 йилда Германиянинг ҳудудий парчаланиши содир бўлиб, ташкилий жиҳатдан расмийлашди.
Do'stlaringiz bilan baham: |