Яҳудийлар Ўрта Осиёда. Маълумки, яҳудийлар Ўрта Осиёга қадим замонлардан кўчиб келганлар. Уларнинг бу келишлари ҳақида турли хил ривоятлар мавжуд. Уларнинг ичида умум эътироф этилганларидан бири шуки, яҳудийлар бу минтақага Эрон орқали кириб келганлар. Бу халқнинг Ўрта Осиёга ҳижрати кўп асрлар мобайнида давом этди. Тахминларга кўра, улар Ассурия қувғинлари пайтида – эр. ав. VII-VI асрларда Эронга кўчиб кела бошлаганлар. Ҳатто e.р. ав. VIII асрларда баъзи яҳудийлар Исроилни тарк этиб, Миср, Эрон каби ўлкаларда бошпана топганликлари ҳақида ҳам хабарлар бор. Форс давлати маълум муддат Ўрта Осиёни ўз ҳукмлари остида тутиб турган ва худди шу даврда яҳудийларнинг кўчиб келиши амалга ошган. Бу фикрни маҳаллий яҳудийларнинг форс лаҳжаларидан бирида гаплашишлари ҳам қувватлайди. Уларнинг ҳаёт тарзлари, урф-одатлари қадимий яҳудий, форс ва маҳаллий - Ўрта Осиё маданиятларининг қоришмасидан иборат. Тарихнинг турли жараёнларида бу уч маданиятдан баъзиларининг таъсири кучайиши ёки аксинча сусайиши кузатилган. XVIII асрнинг бошларида Ўрта Осиёда юз берган сиёсий жараёнлар туфайли яҳудийлар Эрон, Афғонистон, Хива, Қўқон ва Бухоро жамоаларига бўлиниб кетди. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Россия томонидан Ўрта Осиёнинг маълум бир қисмининг босиб олиниши яна яҳудийларнинг Туркистон Мухторияти ва Бухоро Амирлиги жамоаларига бўлиниб кетишига олиб келди. яҳудийлик миллат дини бўлганлиги учун яҳудийлар қаерда бўлмасин, бири-иккинчисидан қанча узоқ бўлмасин, ўқийдиган китоби – Таврот, эътиқод қиладиган дини ягона бўлиб қолаверди. XVIII асрда Ўрта Осиё яҳудийлари тушкунлик даврини бошдан кечирдилар. 1793 йили ўзи Ғарбий Африкадан бўлиб, Фаластиннинг Сфат шаҳрида яшовчи Иосиф Мамон Мағрибий ўз шаҳри яҳудийлар учун моддий ёрдам тўплаш мақсадида Бухорога келади. У бу ерлик яҳудийларнинг ўз динларидан узоқлаша бошлаганликларини кўриб, шу ерда қолишга ва миллатдошларига диний таълим беришга аҳд қилади. яҳудийлар доимо тинч, кам аҳолили жойларда яшашни афзал кўрганлар. Агарчи Ўрта Осиёлик яҳудийларни Бухоро яҳудийлари дейилса ҳам, улар кўпроқ Самарқандда яшаганлар. XVIII асрнинг ўрталарида Нодиршоҳ Самарқандни босиб олганида унинг лашкарлари орасида турклар, лазгинлар, афғонлар, эронийлар, шунингдек, яҳудийлар бўлганлар. Улар Самарқанднинг Шоҳ-Каш, Чор-Рага, Новадон, Қўшҳовуз каби гузарларида яшаб қолганлар. Бухоро ҳукумати Нодиршоҳ даврида яҳудийларга нисбатан юмшоқ муомалада бўлган.
Сон жиҳатдан кўпайган яҳудийларнинг барчалари бир мавзега жам бўлиб яшашни хоҳлашарди. Бироқ, Бухорода ҳам, унинг Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Кармана каби вилоятларида ҳам яҳудийларни мусулмонлардан ажралган ҳолда алоҳида яшашга мажбур эдилар. 1843 йилнинг баҳорида маҳаллий яҳудийларга Самарқанднинг шарқий қисмидан 2,5 гектар жойни 10000 кумуш тангага сотиш ҳақидаги шартнома тузилди. Бу шартномани яҳудилардан 32 киши имзолади, давлат унинг ҳақиқийлигини тўрт муҳр билан тасдиқлади. Шундай қилиб, яҳудийлар ўзларининг биринчи маҳаллаларига эга бўлдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |