3. Дискрет ва нодискрет фискаль сиёсат.
Ҳукуматнинг бандлик даражаси, ишлаб чиқариш ҳажми, инфляция суръатлари ва тўлов баланси ҳолатини ўзгартиришга йўналтирилган махсус қарорларни қабул қилиши натижасида давлат харажатлари, солиқлар ва давлат бюджети қолдиғини мақсадли ўзгартирилиши дискрет фискал сиёсат дейилади. Дискрет фискаль сиёсат юритилганда иқтисодий пасайиш даврида жами талабни рағбатлантириш учун давлат харажатларини оширилиши ва солиқларни камайтирилиши натижасида давлат бюджети камомади юзага келтирилади. Ўз навбатида даврий кўтарилиш пайтида бюджет профицити юзага келтирилади.
Дискрет фискаль сиёсат иқтисодий тебранишларни юмшатишда муҳим роль ўйнасада, унинг айрим камчиликлари мавжуд. Бу, аввалам бор, вақт оралиқлари билан боғлиқ. Яъни иқтисодиётда пасайиш ёки инфляцион зўриқишнинг пайдо бўлиши, бу ҳолатларни аниқлаш юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун давлат харажатлари ва солиқ тушумларини ўзгартириш борасида қарор қабул қилиш, бу қарор бажарилишини таъминлаш жараёнларининг ҳар бири ўртасида маълум вақт ўтади.
Бу вақт давомида иқтисодий вазият ўзгаради ва кўрилган чора-тадбирлар кўтилган натижани бермаслиги мумкин. Шу туфайли даврий тебранишларни автоматик тарзда юмшатиб туриш механизмини яратиш зарурати юзага келади.
Нодискрет фискаль сиёсат – давлат харажатлари, солиқлар ва давлат бюджети қолдиғини автоматик ўзгартиришни кўзда тутади. Нодискрет фискаль сиёсат ўрнатилган барқарорлаштиргичларга асосланади. Ривожланган давлатларда ўрнатилган барқарорлаштиргичлари ролини прогрессив солиқ тизими, давлат трансфертлари тизими ва фойдада иштирок этиш тизими ўйнайди. Нодискрет фискаль сиёсат даврий тебранишларни юмшатиш учун ҳукуматнинг бевосита аралашувини талаб этмайди. Даврий пасайиш шароитида даромадлар пасайиши туфайли солиқ ставкалари пасаяди. Бу эса жами талабнинг ошишига, ишлаб чиқаришни кенгайтиришга рағбатни юзага келишига олиб келади. Шунингдек пасайиш даврида давлат трансфертлари, жумладан ишсизлик нафақаси тўловлари миқдори ошади. Бу ҳолат ҳам жами талабни ошириб, жами таклиф ҳажмини ошишига ижобий таъсир кўрсатади.
Иқтисодий юксалиш даврида ортиқча талаб иқтисодиётга инфляцион таъсир кўрсатаётган шароитда даромадлар даражаси ошиши билан солиқлар ставкалари пасаяди ва бу жами талабга чекловчи таъсир кўрсатади. Айни пайтда давлат харажатлари (ишсизларга нафақалар, давлат трансфертларининг бир қанча турлар) ҳам пасаяди. Аммо нодискрет фискаль сиёсат воситалари иқтисодий тебранишларни тўлиқ юмшатиш имконини бермайди ва у дискрет фискал сиёсат юритишни инкор этмайди.
Иқтисодиётнинг ўрнатилган барқарорлиги даражаси даврий бюджет тақчиллиги ва профицити миқдорларига боғлиқ. Даврий тақчиллик (ортиқчалик) иқтисодий фаоллик пасайиши (ошиши) шароитида солиқ тушумларининг автоматик камайиши (ошиши) ва давлат харажатларининг автоматик ошиши (камайиши) натижасида юзага келадиган давлат бюджети тақчиллиги (профицити)дир.
Даврий пасайиш босқичида солиқлар автоматик пасайиши, давлат трансфертларининг ошиши натижасида бюджет тақчиллиги келиб чиқади.
Даврий юксалиш босқичида солиқлар автоматик кўпайиши ва давлат харажатларининг камайиши натижасида бюджет профицити пайдо бўлади.
Тўлиқ бандликни таъминлаган дискрет фискаль сиёсат юритилиши натижасида давлат бюджетининг таркибий тақчиллиги (профицити), яъни тўлиқ бандлик шароитида бюджет харажатлари (даромадлари) ва даромадлари (харажатлари) ўртасидаги фарқ юзага келади.
Даврий тақчиллик кўпинча давлат бюджетининг ҳақиқий тақчиллиги ва таркибий тақчиллик фарқи сифатида баҳоланади.
Давлат бюдждети камомадини молиялаштириш усуллари:
1. Пул-кредит эмиссияси;
2. Давлат заёмларини чиқариш;
3. Давлат бюджетига солиқ тушумларини кўпайтириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |