Мавзу: Аждодлар мероси мангу барҳаёт.
Режа:
Бахшичилик санъатини ҳалқимизга барҳаёт этган устозлар.
Устоз бахшиларнинг ҳаёти, ижоди ва бахшичилик санъати ривожланишига қўшган ҳиссаси.
Устоз бахшиларнинг издошлари.
Кириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “Достончилик ва бахшичилик – миллий ғуруримиз, унинг замиридаги эзгу қадриятларни ҳалқимизга етказиш лозим” деб таъкидлаб ўтган.
Президентимизнинг миллий маданиятимиз ва санъатимиз истиқболини ўйлаб қабул қилаётган фармон ва қарорлари маданиятимиз тарихининг ҳали биз билмаган янги саҳифаларини очмоқда.
Ўтган давр мобайнида қадимий ва ноёб дурдоналаримиз ҳисобланган мақом, бахшилар ва достончилик санъатининг эътибордан четда қолиб келаётганлиги маданиятимиз тарихига бўлган салбий ҳолатлардан бири эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий маданиятимизнинг туб илдизи ва жон томири бўлган мумтоз қўшиқчилик ҳамда халқ ижодиётининг дурдоналарини асраб-авайлаш борасидаги ғамхўрликлари туфайли санъатнинг ушбу турларини янада ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги 4320-сонли қарорига мувофиқ Термиз шаҳрида Республика бахшичилик санъати маркази ва унинг ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Бу бахшичилик санъатини сақлаш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳамда шу йўналишда иқтидори бор ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Бахшичилик санъатини ҳалқимизга барҳаёт этган устозлар
Бахши – терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Унинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй инсон қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Бахши халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини ва бирор чолғу чалишни билиши, хонандалик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. У жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олиши лозим. Тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш достон айтишнинг асосий талабларидан. Бу эса, ўз навбатида табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади. Она юртга садоқат, муҳаббат, дўстлик, биродарлик, қаҳрамонликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достонларни бахшилар севиб куйлайдилар. Бахшилар томонидан ижрочилик ижоди бахшичилик санъати дейилади. Масалан, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади. Ўзбекистон халқ бахшилари Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор ва Абдумурот Раҳимовлар, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Қодир бахши Раҳимов бетакрор ижродлари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшдилар.
Юртимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланадилар. Жумладан, Булунғур достончилик мактаби азалдан қаҳрамонлик достонларини ижро этиб келгани билан машҳур. Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Пўлкан шоирлар номи билан боғлиқ бўлган Қўрғон достончилик мактабида, асосан, лирик ишқий қиссалар куйланади.
Устозларимиздан бири Зарифов Ходи (20.03.1905й - Тошкент - 13.01.1972й) - ўзбек фолклоршунослиги асосчиси. Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларининг тўпловчиси. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1967йил). Ўзбек халқ бахшиларидан «Юсуф билан Аҳмад», «Ёдгор», «Равшан», «Рустамхон», «Очилдов» каби машҳур достонларни ёзиб олган, шунингдек, эртак, қўшиқ ва мақоллар, диалектологияга оид материаллар, тарихга оид ҳужжат ва ёдномалар тўплаган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Нурмон Абдувой ўғли, Абдулла Нурали ўғли, Холиёр Абдукарим ўғли, Аҳмад бахши Матназар ўғли, Бола бахши каби халқ санъаткорлари, улар ижоди ҳақида илмий мақолалар ёзган. Ўзбек эпоси масалалари, бахшичилик санъати, халқ шоирларининг эпик репертуарининг ғоявий-бадиий мундарижаси, ўзбек фолклоршунослигининг асосий тараққиёт йўлларини тадқиқ этишга алоҳида эътибор берган. Зарифов Ходи ўзбек фолклоршунослигида ўз мактабини яратди.
Do'stlaringiz bilan baham: |