Туманим Нурота – тоғлар ораси,
Отим Эргаш Жуманбулбул боласи.
Қаридимми десам кўнглим қоласи,
Тобора ортади ёшлик хаваси.
Эргаш Жуманбулбул ўғли (1868- Қўрғон қишлоғи - 1937йил Қўштамғали қишлоғи) — ўзбек халқ шоири, достончи. Деҳқон достончи оиласида туғилган. Унинг ота-бобосигача, шунингдек, амаки ва момолари достончи-шоир ўтган (Ёдгор, Лафас, Мулла Тош, Мулла Холмурод, Жуманбулбул, Тилла кампир, Султон кампир, Жоссоқ, Ёрлақаб ва бошқалар 17-19-асрларнинг таниқли достончилари бўлганлар).
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг улкан шоир-достончи бўлиб етишувида оиласи ва қишлоғидаги бой адабий муҳит катта роль ўйнаган. Достончилик таълимини отаси Жуманбулбулдан олган.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ижоди, репертуари бой ва ранг-баранг. Шоир «Кунтуғмиш», «Якка Аҳмад», «Алибек билан Болибек», «Далли», «Равшан», «Қундуз билан Юлдуз», «Хушкелди», «Холдорхон», «Қиз Жибек», «Гўрўғлининг туғилиши», «Ҳасанхон», «Авазхон», «Авазнинг Фарангга сафари», «Нурали», «Хиромон» («Жаҳонгир»), «Алпомиш», «Юсуф билан Аҳмад», «Тулумбий», «Қиронхон», «Қумри», «Ошиқ Ғариб», «Вомиқ билан Узро», «Варқа билан Гулшоҳ», «Маҳтумқули» каби 30 га яқин достонларни, жуда кўп термаларни ёд билган. Булардан дастлабки 9 та достон, «Ойсулув» достонининг мазмуни, кўпгина анъанавий ва замонавий термалар, ўзидан аввал ўтган бахшилар ва достончилик санъати ҳақида маълумотлар Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ўзидан ёзиб олинган. Эргаш Жуманбулбул ўғли халқ достонларининг барча жанрларидан намуналар билган. Достонларнинг ғоявийлиги, халқчиллиги, бадиий гўзаллиги учун курашган.
Эргаш Жуманбулбул ўғли анъанавий достон ва термаларни куйлаб келиш билан бирга ўзи ҳам ижод қилган. Унинг «Таржимаи ҳол» достони, «Келдим», «Тошкент таърифида», «Қизил», «Турсуной», «Охунбобоев», «Ғози Олим», «Отажон Ҳошим», «Шоирларга раҳбар Ҳоди», «Эшон», «Асов қизлар», «Бир ҳафта хўп бўдци ёғин» каби термалари эътиборга молик.
Пўлкан шоир (1874-1942)
Атоқли халқ бахшиси, ўзбек достончилик мактаби асосчиларидан бири Муҳаммад Жонмурод ўғли Пўлкан 1874 йилда хозирги Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига қарашли Қатағон қишлоғида Мулла Жомурод хонадонида таваллуд топган.
Муҳаммаддаги достончиликка меҳр-муҳаббат юксаклигини билган Қўрғон достончилик мактаби намоёндаларидан бири, машҳур Жассоқ бахши уни ўзига шогирдликка қабул қилади ва 70 дан ортиқ достонларни ўргатади: «Гўрўғли» туркумидаги достонлар, «Қиронхон», «Орзигул», «Алпомиш», «Ёдгор», «Рустам» туркуми ва б. У Жассоқ бахшини 12-шогирди ҳисобланади. Ёш Муҳаммадқул 25 ёшида ҳалқ достончиси сифатида элга танилади.
Октябрь инқилобидан кейин, Пўлкан шоир кўплаб ҳамюртлари каби совуқ Сибир ўрмонларига мардикорликка сафарбар қилинади. Маълумотларга қараганда Муҳаммадқул “Пўлкан” тахаллусини мардикорликда юрган пайтида танлаган. Бу жумла “полк” сўзига “ан” қўшимчаси қўшилувидан ҳосил бўлган деган қарашлар бор. Бошқа маълумотларга кўра “Пўлкан” қадимги мўғилчада “улуғ”, “катта” маъноларини англатади. Бахши шоир шу сабабли бу сўзни тахаллус сифатида қабул қилган бўлиши мумкин.
Пўлкан шоирнинг репертуарлари мавзу ва жанр жиҳатидан турли-туман бўлиб, уларда ўзбек халқининг ўтмишидаги ҳаёти, урф-одатлари, интилиши ва орзу-умидлари ифодаланган. «Ҳасан батрак» (1927йил) достонида ўзбек меҳнаткашларининг ер ва сув ҳақидаги орзу-тилаклари, бу йўлдаги кураши акс этган. Пўлкан куйлаган анъанавий достонлар ҳам ғоявий ва бадиий юксаклиги билан ажралиб туради. Пўлкан ижоди ўзбек фольклори тараққиётида муҳим босқич бўлди.
Совет Иттифоқи пайтида Пўлкан шоир оғзидан ўттиздан ошиқ достон ва термалар ёзиб олинган. Унинг ўзи эса янги жорий қилинган кирилл имлосини яхши билмагани учун саводсиз деб ҳисобланган. Аслида Пўлкан хатирчилик шайхдан Қуръони Каримнини ўрганган ҳамда ислом динини ва фалсафасини яхши билган илмли киши бўлган.
Собиқ шўро замонида Пўлкан шоирнинг совет тузумини мадҳ этувчи асарлари қайта-қайта чоп этилган, унинг ўзи эса 1942 йилда Сталин қатағонига учраб, Каттақўрғон қамоқхонасига қамалгандан сўнг, орадан кўп вақт ўтмай сил касаллиги туфайли вафот этган.
Do'stlaringiz bilan baham: |