R e f e r a t
Bajardi: Davlatboyeva Yulduz
Tekshirdi: ___________________
Соглом турмуш тарзини шакллантириш буйича утказиладиган тадбирларда тиббиёт ходимлари етика ва дионтологиси
Аҳолининг узоқ умр кўриш давомийлигини таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Зеро, ушбу кўрсаткич инсонларнинг соғлом турмуш тарзи ва фаровон ҳаёти ифодасидир.Шу ўринда соғлом турмуш тарзи нима, унга амал қилиш меъёрлари қандай, юртимизда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар нималардан иборат, каби саволлар туғилади.
Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно ОДИЛОВА шу каби саволларга ойдинлик киритди.
— Соғлом турмуш тарзи — инсоннинг кун тартибига риоя этиши, фаол ҳаракат асосида организмини чиниқтириши, спорт билан шуғулланиши, тўла ва сифатли овқатланиши, гигиеник қоидаларга амал килиши, зарарли одатлардан ўзни тута билишидир, — дейди у. — Серҳаракатлилик организмни табиий равишда рағбатлантириб туради. Шунинг учун серғайрат, тиниб-тинчимайдиган одамлар доимо тетик, бардам, кексайганларида ҳам бақувват ва шижоатли бўлади.
Афсуски, ҳозирги урбанизация шароитида кенг жамоатчилик ва ёшларимиз ўртасида жисмоний фаолик сезиларли камайганлиги кўзга ташланмоқда. Шу боис жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, камҳаракатлиликка қарши оммавий курашиш, инсонларнинг юксак жисмоний ва ақлий иш қобилиятини муҳофаза этиш, аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб қилиш тобора долзарблик касб этмоқда.
— Носоғлом турмуш тарзи қандай салбий оқибатларга олиб келади?
— Носоғлом турмуш тарзи ва жисмоний нофаоллик юрак-томир тизими касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали яллиғланиши, қандли диабет каби юқумли бўлмаган хасталикларни келтириб чиқаргани боис бутун дунё бўйича ногиронлик ва барвақт ўлимларнинг етакчи сабабларидан ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кейинги бир неча ўн йил ичида дунёда ортиқча вазн ва семизлик муаммоси ортиб бормоқда. 2015 йилда юқумсиз касалликлар 40 миллион одамнинг умрига завол бўлди, бу эса дунё бўйича барча ўлим ҳолатларининг 70 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистонда бу борада аҳвол қандай?
— Юртимизда юқумсиз касалликлар ҳар йили барча ўлим ҳолатларининг 78 фоизининг сабабчиси бўлмоқда. 2017 йилда жинси ва ёши бўйича стандартлаштирилган ўлим сабаблари структурасида биринчи ўринни қон айланиш тизими касалликлари, жумладан, юрак ишемик касаллиги, артериал гипертония ва унинг асоратлари (миокард инфаркти, инсульт ва ҳоказо) эгаллади (69 фоиз). Улардан кейин хавфли ўсмалар (8 фоиз), қандли диабет (3 фоиз) ва нафас олиш аъзолари касалликлари (3 фоиз) жой олди.
2014-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда 18-64 ёшдаги аҳоли орасида ўтказган ўрганишлари салбий натижаларни кўрсатди. Жумладан, аҳолининг учдан икки қисми (67 фоиз) сабзавот ва меваларни етарлича истеъмол қилмайди (ҳар куни 400 граммдан кам), ярми ортиқча вазнга эга (тана вазни индекси ≥25 kg/m2). Катта ёшдаги юртдошларимизнинг ҳар бешинчисида семизлик аниқланган (тана вазни индекси ≥ 30 kg/m2). Аҳолининг 46 фоизида қондаги холестериннинг ортган даражаси қайд қилинган. Эркакларнинг 42 фоизи ва аёлларнинг 1,5 фоизи тамаки истеъмол қилади. Аҳолининг деярли учдан бир қисмида юқори артериал босим (≥ 140/90 mm Hg) қайд этилган. 40-64 ёшдаги инсонларнинг бешдан бир қисмида ўн йиллик юрак-томир тизими касалликларининг ривожланиш хавф даражаси 30 фоиздан ортиқ. Одамлар орасида бир кунда истеъмол қилинаётган туз миқдори ўртача 14,9 граммни ташкил қилади, бу эса тавсия этилган кўрсаткичдан (кунига 5 граммдан кам) 3 баравар кўп.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баҳолашига кўра, 2016 йилда юқумсиз касалликлар етказган иқтисодий зарар тахминан 9,3 триллион сўмни ташкил этган, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,7 фоизига тенг.
— Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизимда қайси ўзгаришларга асос бўлди ва сиз раҳбарлик қилаётган марказ томонидан унинг ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Дарҳақиқат, мазкур ҳужжат қабул қилингунга қадар профилактика чора-тадбирларини самарали мувофиқлаштириш тизими мавжуд эмаслиги натижасида фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини юритишда келишилган чоралар кўриш имкони мавжуд эмасди. Аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражаси пастлигича қолаётгани боис асосий эътибор профилактикага эмас, касалликлар билан курашишга қаратиларди.
Президентимиз қарори юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаоллигини оширишни ташкил қилиш ва бошқариш механизмларини такомиллаштиришга асос бўлмоқда. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида марказимиз томонидан муайян ишлар олиб бориляпти. Жумладан, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар ва уларнинг хавф омилларига қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарарли одатларга қарши курашиш, аҳолининг тиббий маданиятини ривожлантириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий спорт ҳаракатини тиббиёт профилактикаси билан интеграциялаштириш бўйича оммавий тадбирлар ўтказяпмиз.
Халқаро ҳамкорликнинг самарали йўлга қўйилгани ишимизни енгиллаштирмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг артериал гипертония, қандли диабет, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ҳамда бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бўйича клиник протоколлар, стандартлар ҳамда тавсиялар талаблари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари амалиётига татбиқ қилинди. 40 ёш ва ундан катта аҳоли ўзлари истиқомат қилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалари томонидан режа асосида оммавий скрининг тадбирлари билан қамраб олинмоқда. Ўтган даврда 1,3 миллиондан зиёд инсонлар юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини аниқлаш бўйича скрининг текширувларидан ўтказилган бўлиб, турли даражадаги юрак-қон томир касалликлари хавф омиллари аниқланган, шунингдек, биринчи марта юқумли бўлмаган касалликларга чалинган беморлар қатъий назоратга олинди.
Юртимизда ҳафтанинг ҳар шанба куни “Саломатлик куни” деб эълон қилиниб, тиббиёт ходимлари иштирокида оммавий спорт тадбирлари тизимли равишда ўтказиляпти. Нотиббиёт касб-ҳунар коллежларида “Соғлом турмуш тарзи ва оила” фани дарс жадвалига киритилди. Тиббиёт олий таълим муассасаларида янги йўналиш — нутрициолог мутахассислигини тайёрлаш йўлга қўйилди. Жамоат жойлари, супермаркетлар, бозорлар, хиёбонлар ва маҳаллаларда “Соғлом овқатланиш ярмаркаси”, “Саломатлик майдончаси” тадбирлари, “Соғлом ҳаётга қадам ташла!”, “Биз тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз!” акциялари ва таълим муассасаларида “Саломатлик дарслари” орқали аҳолига соғлом турмуш тарзи тамойиллари кенг тарғиб қилиняпти.
Айтиш керакки, ушбу қарор асосида нафақат бизнинг марказга, балки барча давлат органлари ва ташкилотларига ҳам талайгина вазифалар юклатилган. Хусусан, ҳар бир муассаса ходимлар учун иш куни давомида гимнастика машқлари, ҳафтасига камида бир маротаба югуриш, сузиш, футбол, волейбол, баскетбол, теннис ва бошқа тадбирларни ўз ичига олган “Саломатлик куни” жорий этиши шарт. Ходимларнинг мунтазам равишда оммавийлашган спорт турлари бўйича мусобақалар ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирларида қатнашишларини рағбатлантириши лозим.
— Мутахассис сифатида соғлом турмуш тарзининг организмимизга фойдалари ҳақида нима дея оласиз?
— Бу ҳақда узоқ гапириш мумкин. Келинг, сизга илмий хулосаларни айтай. Рус олими И. Павлов жисмоний ҳаракатнинг инсон саломатлигига таъсирини организм ташқи муҳит билан чамбарчас боғланганлигини англатувчи кўриниш, деб таърифлайди. Бундай боғланиш ва биологик аъзолар фаолиятини марказий асаб тизими бошқариб туради. Жисмоний машғулот у ёки бу мускуллар гуруҳига таъсир қилмай, бир бутун механизм ҳисобланган организмга ўз таъсирини кўрсатади. Айниқса, доимий узлуксиз равишда бажариладиган жисмоний ҳаракат киши соғлиғига яхши таъсир этади. Хусусан, модда алмашинуви яхшиланади, организм тўқималари озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради, парчаланган моддалар эса организмдан тезроқ чиқариб ташланади. Юрак чиниқади ва янада чидамли бўлади. Шу сабабли фаол жисмоний ҳаракат қилувчи кишилар доим тетик, руҳан енгил, кувватга тўлган, кайфияти юқори, дили равшан бўлади.
Бундан ташқари, бизнинг иссиқ иқлим шароитимизда анъанавий усуллар билан бирга ноанъанавий усуллар орқали ҳам организмни чиниқтириш мумкин. Масалан, ҳар хил оёқ ванналари қабул қилиш, тузли ҳамда тошли йўлакчаларда юриш, шунингдек, уйқудан олдин ва кейин очиқ ҳавода сайр қилиш организмнинг иммун тизимини кучайтиради. Агар ҳар куни камида 25-30 дақиқа югуриб, турли машқларни бажарсак, ўзимиздаги ижобий ўзгаришларни тезда пайқаймиз. Жумладан, юрак-қон-томир функцияси фаоллашгани, нафас олишимиз яхшилангани, суякларимиз мустаҳкамланиб, мускулларимиз янада кучли бўлгани яққол сезилади. Шунингдек, бўғинларимиз ҳаракатчанлиги ортиб, овқатнинг яхши ҳазм бўлаётгани, асаб тизимимиз хотиржамлиги бизни хурсанд қилади.
Айтиш жоизки, кун тартибига амал қилиш соғлом турмуш тарзи асосидир. Кун тартиби инсоннинг дунёга келган кунидан бошлаб амалда бўлувчи доимий жараён саналиб, шахснинг турли мазмундаги фаолиятларни — меҳнат қилиш, дам олиш, овқатланиш, спорт билан шуғулланиш ва ҳоказоларни муайян вақтда, тартиб билан, кетма-кет бажаришидир. Табиийки, кун тартиби ҳамма учун бир хил бўла олмайди ва у шахснинг ёши, соғлиғи, иш қобиляти ва маиший турмуш шароитига мувофиқ тузилади. Унинг умумий талабларига амалий меҳнат билан жисмоний меҳнатнинг тўғри тақсимланиши, ўз вақтида дам олиш, ҳар куни муайян вақт ва меъёрда овқатланиш, маълум вақтда уйқуга ётиш ва барвақт уйғонишга одатланиш, очиқ ҳавода сайр этиш кабилар киради. Инсоннинг соғлом ёки носоғлом турмуш тарзи ҳам кун тартибининг тўғри ёки нотўғри уюштирилганига боғлиқ. Тўғри тузилган кун тартиби организмнинг ҳар томонлама тўғри ривожланиши, ироданинг мустаҳкамланиши, меҳнат унумдорлиги юқори бўлиб, ишлаш қобилиятининг узоқ вақт яхши сақланиши, касалланишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Соғлом турмуш тарзи омилларидан яна бири — озодаликдир. Унга риоя қиладиган одам саломат бўлади. Озодалик терини тоза тутишнинг биринчи қоидасидир. Зеро, тери организмни ташқи зарарли таъсирлардан: совуқ қотиш, қизиб кетиш, намлик, механик ва кимёвий шикастланишлардан ҳимоя қилади, модда алмашинувида фаол иштирок этади. Шу боис ҳар бир киши, аввало, ўз баданини озода тутишга эътибор бериши зарур.
— Кўпчилигимиз тўғри овқатланиш қоидаларига ҳам амал қилмаймиз.
— Рост айтасиз. Соғлигимиздаги кўплаб муаммолар шу туфайли юз беради. Аслида, овқатланиш, айниқса, ўз вақтида ва меъёрида, зарур бўлганда эса парҳезбоп таомлар истеъмол қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Организм меъёрида фаолият кўрсатиши учун 600 дан ортиқ озуқалар керак. Бунга фақат рационал овқатланиш орқалигина эришиш мумкин. Лекин кўпчилик “рационал овқатланиш” деганда, мазали, тўйимли, юқори калорияли таомларни истеъмол қилишни тушунади. Бироқ истеъмол қилинадиган таомлар организм тикланишини таъминласа, йўқотилган энергияга бўлган талабни қондирса, таркибида зарур даражада оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар, микро-макроэлементлар, ўсимлик толалари сақласа ҳамда озиқ-овқатлар ва уларнинг таркиби, миқдори ошқозон-ичак тизими ферментлари фаоллиги билан мос келса, буни рационал овқатланиш сифатида қабул қилиш мумкин.
Одамнинг кунлик қувват сарфини аниқлаш учун асосий алмашинув, овқатнинг специфик динамик таъсири ва ҳар хил фаолият турлари қўшиб чиқилади. Физиология нуқтаи назаридан барча сарфланадиган қувватнинг 40 фоизи асосий жисмоний фаоллик ҳиссасига тўғри келиши керак. Кунлик қувват сарфи аниқлангандан кейин қабул қилинаётган ва сарфланаётган энергия микдорига қараб овқат рационини тузиш мумкин.
Овқатни куннинг қайси қисмида истеъмол қилиш ҳам муҳим омилдир. Таомланишда вақтни ҳисобга олиш шартли рефлекслар ҳосил бўлишига олиб келади ва ўз навбатида, организмни овқат қабул қилишга тайёрлайди. Овқатланиш орасидаги вақт кун тартибининг қандайлигидан қатъи назар маълум танаффуслардан иборат бўлиши керак, жумладан, нонушта ва тушлик, тушлик ҳамда кечки овқат оралиғидаги вақт 5-6 соатни, уйқудан олдинги овқатланиш 1,5-2 соатни ташкил қилиши лозим.Кунига тўрт маҳал овқатланиш тавсия қилинади.
Ҳар бир овқатланишда егуликнинг таркибий қисмига эътибор бериш лозим. Чунки оқсилга бой овқат асаб тизими қўзғалувчанлигини оширади. Шунинг учун уни куннинг биринчи ярмида — организм фаоллик кўрсатувчи қисмида истеъмол қилган маъқул. Уйқудан олдин асаб тизимини қўзғатиш ярамайди, бу чуқур уйқу ҳолатини юзага келтириши мумкин. Кечки овқатнинг кўп истеъмол қилиниши ёғлар оксидланиши тўлиқ бўлмаслигига олиб келади ва семиришга мойилликни келтириб чиқаради. Кечки овқат кам миқдорда, енгил, сабзавотлар ва сут маҳсулотларидан иборат бўлиши зарур.
Суҳбатимиз интиҳосида барчадан соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилишни сўрайман. Зеро, соғлом инсон узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |