2.3. Ёруғсоя қонунлари
Маълумки, предметларнинг шакли ва материаллар натурадаги ёруғсоя орқали ҳам идрок этилади. Ҳар қандай предмет турли хил эгриликлар ёки текисликлар-юзалар билан чегараланган бўлиб, ҳар хил ёруғлик шароитида бўладилар, яъни ёруғлик нурлари предметларга турлича тушиб, уларнинг юзларини турлича ёруғлантиради. Баъзи юзалар кўпроқ, бошқалари камроқ ёруғлик оладилар. Предметлар юзасининг ёруғланиш даражаси аввало, ёруғлик манбаигача бўлган масофага боғлиқ бўлади. Ёруғлик манбаи юзадан қанчалик узоқликда бўлса, предмет шунча кучсиз ёруғланади ва аксинча, ёруғлик манбаи предметга қанча яқинда жойлашса, у шунчалик кучли ёруғланади. Шунингдек, предмет юзасининг ёруғлик даражаси предметдан кузатувчигача бўлган масофага ҳам боғлиқ бўлади, яъни нарсалар туси киши кўзига яқинлашган сари очроқ, узоқлашган сари эса тўқроқ кўринади. Юзаларнинг ёруғланиш даражаси шу юзага тушуётган тушиш бурчагига ҳам боғлиқ бўлади. Энг кучли ёруғликни ёруғлик манбаига тик қараган юза олади. Тушаётган ёруғлик нурларининг бурчаги қанчалик катта бўлса, нарсалар юзасига тушаётган нурлар шунча кам бўлади.
Ҳаётдаги ҳар қандай нарсалар ёруғлик таъсири остида хох табиий, ҳоҳ сунъий ёруғ ва сояларга эга бўладилар. Нарсаларда ёруғ ва соялар бўлмаса уларни ҳажми сезилмайди. Рассомлар ҳам ўз асарларида бундан фойдаланадилар. Ёруғсояларнинг буюмларда жойлашуви маълум қонуниятларга бўйсунади ва улар нарсаларнинг шаклига (куб, призма, конус, цилиндр, шар, в.б.), ҳарактерига, рангига, ёруғлик манъбаидан узоқлигига, предметдан расм чизувчигача бўлган масофага боғлиқ бўлади. Хусусан, предметга ёруғлик тик тушганда эса уларда ёруғ ва соя нисбатлари кескин ва ёнбошдан тушганда уларнинг нисбати катта бўлмайди. Шунингдек, юмалоқ шаклдаги предметларда (конус, шар, цилиндр) ёруғликдан сояга ўтиш юмшоқ ва равон содир бўлади, қиррали (куб, пирамида, призма в.б.) шаклларда эса бу ходиса кескин рўй беради.
Ёруғсояларнинг предметларда акс этиши гипсли геометрик шакллардагига қараганда аниқроқ кузатилади.
Тасвирий санъат назариясида ёруғсоя қонунларининг таърифи қуйидагича белгиланади. 1. Предмет юзларининг ёруғлантирилган қисмига ёруғ, ёруғлик тушмаган қисмига соя дейилади. “Ёруғдан сояга ўтишдаги қисмини яримсоя” деб юритилади. 3. Ёруғликни ўртасида жойлашган энг ёрқин ялтироқ жойи блик деб аталади. Теварак атрофдаги ёруғликдан акс таъсир этиши натижасида сояда ҳосил бўлган очроқ қисмни рефлекс дейилади. 26-расм.
Сояларни икки хили бўлади, шахсий соя ва тушувчи соя. Шахсий соялар бевосита предмет танасида жойлашса, тушувчи соялар, предмет танасидан ташқарида бўладлар. Тушувчи сояларнинг ҳарактери ёруғлик манбаининг юқори ёки пастда бўлишлигига боғлиқдир. Хусусан предметга ёруғлик юқоридан тушса тушувчи соялар қисқа, пастдан тушса узун бўлади. 27-расм.
Шунингдек, рангтасвир ва қаламтасвирида ёруғсоя перспективасига ҳам риоя қилинади. Бу ҳодиса ёруғлантирилган предмет билан ёруғлик ўртасидаги масофага боғлиқ бўлиб, унда ёруғлик билан соя нисбатлари турлича бўлади. Ёруқлантирилган предмет ёруғлик манбаига қанчалик яқин бўлса предмет юзаси шунчалик ёрқин ва аксинча қанчалик масофа узоқ бўлса ёруғсоя ва соя нисбатлари бир- бирларига яқин бўлади. Бундан шундай хулоса чиқадики, предметлар бизнинг кўзимиздан қанчалик узоқлашса, уларда фақат ўлчов жиҳатдан қисқаришгина рўй бермасдан, балки уларни ёруғсояларида ҳам аниқлик йўқолади, ҳажм ҳам яхши сезилмайди, ҳажмли предметлар юпқа ва текис кўринади. Ҳаво перспективасига хос бу ҳодисани ёмғирли ёки туманли кунларда яққол кузатиш мумкин. Ҳаво переспективасининг содир бўлишига асосан кузатувчи билан буюм орасидаги ҳаво қатлами, туман, пар, ёмғир, чанг парчалари сабабчи бўлади. Бу заррачалар предметнинг ёруғ қисмини бўғади, соясини очартиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |