Молияни бошқариш тизими муҳим аҳамиятга эга бўлади, чунки у мамлакат иқтисодиётини бошқаришнинг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳозирги даврда иқтисодиётнинг муваф-фақиятли ривожланиши оқилона йўлга қўйилган ва бошқарилиб турувчи молия тизими ҳамда фонд бозорисиз мумкин эмас. Молия тизими моддий ва маънавий неъматлар яратиладиган реал иқтисодиёт негизида фаолият кўрсатади. Ўз вақтида молия тизими бу реал иқтисодиётнинг фаолият кўрсатиш шарт- шароитларини белгилаб беради. Бозор муносабатлари шароитида иқтисодиётни таркибий қайта қуришда, моддий ва номоддий ресурсларни
тақсимлашда ҳамда пул оқимлари оқилона сарфланишида молия тизими муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги даврда молия тизими реал иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирлар, дастаклар ҳамда молия институтларининг барча бўғинлари фаолиятининг йиғиндисидан иборат. Шунинг учун жамиятни жамоат – сиёсий ҳаётида оқилона мувозанатни сақлаб туриш, уни ривожлантиришда, давлат органларининг барча бўғинлари ўртасида муносабатларни йўлга қўйишда молияни бошқариш жуда мураккаб ҳамда пухта ишлаб чиқилган молия тизимини талаб этади.
Мамлакатимизда молияни бошқариш энг аввало давлатимизнинг олий қонунчилик органлари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига асосан молияни бошқариш олий қонунчилик органлари ҳисобланган Олий Мажлиснинг икки палатасига, яъни Сенат ва Қуйи Қонунчилик Палатасига юклатилган. Бундай бошқарув энг аввало давлат бюджетини кўриб чиқиш, уни тасдиқлаш ҳамда бюджет ижросини тасдиқлашда юзага чиқади. Олий Мажлис бундан ташқари солиқлар, йиғимлар, божлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғрисидаги қонунларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
Молияни бошқаришда олий қонунчилик органларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка асосан Президент девони томонидан мамлакатдаги молия сиёсатини олиб бориш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда солиқлар бўйича имтиёзлар бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларини қабул қилиш учун таклифлар киритади.
Молияни бошқаришда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси муҳим ўринга эга. Ушбу органга асосан давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг ҳаракатини мақсадли назорат
қилиш юклатилган. Бундан ташқари қабул қилинган қонунларни молиявий нуқтаи назардан экспертиза қилишни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан мамлакатимизда молияни бошқаришда жуда катта ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юклатилган. Ушбу ваколатли орган томонидан давлат бюджетини ишлаб чиқиш, унинг ижросини назорат этиш ҳамда мамлакатимизда молия, пул, кредит ва фонд бозорида ягона сиёсат олиб борилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мамлакатдаги барча вазирликлар ва идораларнинг молия фаолиятини назорат қилади ва тартибга солиб туради.
Биз юқорида таъкидлаб ўтган молияни бошқаришдаги умумий бошқарувдан ташқари уни аниқ амалга оширувчи тезкор(оператив бошқарув) молия аппарати мавжуд. Мамлакатимизда молияни бошқаришни жойларда ижро этувчи барча ташкилий тузилмаларнинг жамламаси молия аппаратини ташкил этади. Агар биз молияни бошқаришнинг умумий ва тезкор соҳаларини умумлаштирсак, у ҳолда молияни бошқариш тизимини шакллантириб уни қуйидаги чизмада кўришимиз мумкин.
Молия тизимида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги муҳим ўринни эгаллайди. Бунинг асосий сабаби, Молия вазирлиги нафақат молия сиёсатини ишлаб чиқиб, уни амалга оширади, балки ўз вақтида давлат ижроия органлари томонидан бажарилишини бевосита назорат этади. Молияни бошқаришда Молия вазирлигига амалдаги қонунчиликка асосан қуйидаги вазифаларни бажариш юклатилган:
-манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда миллий иқтисодиётни ривожлантириш юзасидан қисқа ҳамда узоқ муддатли режа-тахминларни ишлаб чиқишда иштирок этади;
-мамлакат олий ижроия органлари билан биргаликда давлатнинг марказлашган пул маблағлари ресурсларига бўлган эҳтиёжини аниқлайди
ва уни давлат ва маҳаллий бюджетлар ўртасида тақсимлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;
чизма
Ўзбекистон Республикасида молияни бошқариш тизими
Молияни тезкор бошқарув
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг
жойлардаги бўғинлари
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси ва
унинг жойлардаги бўғинлари
Ўзбекистон Республикаси
Давлат божхона Қўмитаси ва унинг жойлардаги бўғинлари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг икки
Палатаси
Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб Палатаси
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси
Манба. Чизма муаллиф томонидан тайёрланган.
-давлат бюджетининг лойиҳасини тайёрлаш юзасидан ишни ташкил этади, маҳаллий бюджетлар учун умумдавлат солиқларидан ажратмалари меъёрлари лойиҳасини ишлаб чиқади, ажратиладиган субвенция ҳамда дотацияларнинг миқдорини белгилайди;
-давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ижросини таъминлайди;
Давлат Солиқ Қўмитаси билан биргаликда солиқ тизими ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;
-манфаатдор вазирликлар, идоралар ва компаниялар билан биргаликда нарх-наво сиёсатини (тарифлар, имтиёзлар) аниқлашда иштирок этади;
Давлатнинг қисқа ҳамда узоқ муддатли облигацияларни муомалага чиқариш ва уларни жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
миллий қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш ва унинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
мамлакатда суғурта фаолиятини такомиллаштириш юзасидан олиб бориладиган ишларда иштирок этади ва назорат қилади;
Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи ва ваколати бўйича ҳалқаро молия ташкилотлари (Халқаро Валюта фонди, Халқаро Тикланиш ва Тараққиёт Банки ва бошқалар) билан ҳамкорликни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг ташқи давлат қарздорлиги юзасидан дастурлар лойиҳасини ишлаб чиқади ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўзига юклатилган вазифаларни ўзининг таркибий бўғинлари орқали амалга оширади. Биз бу таркибий тузилишни қуйидаги чизмада кўришимиз мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги
5 чизма Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг таркибий тузилиши.
Туманлар ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларнинг молия бўлимлари
Манба. Чизма муаллиф томонидан тайёрланган.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг жойлардаги бўғинлари ўз фаолиятини «Бюджет тизими тўғрисида»ги Қонунига асосан ташкил этади ҳамда амалга оширади.
Мамлакат янги солиқ қонунининг қабул қилиниши натижасида давлат даромадларида солиқлар ва йиғимларнинг аҳамиятини оширишга таъсир кўрсатди. Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ва давлат бюджетига даромадлар тушумини ошириш мақсадида Молия вазирлиги таркибидан махсус ваколатга эга бўлган марказлашган солиқ органлари тизимини ташкил этишга катта эҳтиёж сезилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши 1991 йил 14 июнда
«Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари тўғрисидаги низом»ни тасдиқлади. Ушбу низомга асосан Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 12
августида 217-сонли «Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ органлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қонунчилик асосида солиқ органларининг мустақил давлат солиқ хизмати сифатидаги фаолияти бошланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитасининг мақоми, унинг асосий вазифалари, функцияларининг доираси ва фаолиятининг кенгайиши натижасида 1994 йил 14 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат бош солиқ бошқармасини Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитасига айлантириш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармонни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 18 мартда
«Ўзбекистон республикаси Давлат солиқ қўмитасини ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши масалалари тўғрисида»ги 114-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу меъёрий ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси мамлакатимизда солиқ ва божхона сиёсатини амалга ошириш ҳамда давлатнинг иқтисодий манфаатларини ва мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги давлатнинг ваколатли органи эканлиги белгилаб қўйилди.
Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислохотларнинг чуқурлашиб бориши ва бу ўзгаришларга солиқ сиёсатини мослаштириш ҳамда такомиллаштириш мақсадида 1997 йил 29 августда «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474-I сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 12 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида»ги 14- сонли қарори қабул қилинди. Ушбу меъёрий ҳужжатларда мамлакатимиздаги давлат солиқ органларининг амалга оширадиган асосий функция ва вазифаларининг доираси кенгайтирилди ҳамда аниқлаштирилди.
Молияни бошқаришда Давлат Солиқ Қўмитасига амалдаги қонунчиликка асосан қуйидаги вазифаларни бажариш юклатилган:
-мамлакатда солиқ қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқларнинг тўғри ҳисобланиши, солиқлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириш;
-солиқ қонун ҳужжатларига риоя этишда зарур шартларни таъминлаш, солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ёрдам кўрсатиш;
-мамлакатда солиқ сиёсатини амалга оширишда бевосита иштирок этиш;
-солиққа тортиш субъектлари ва объектларини тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олишни таъминлаш;
-солиққа доир ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилиш;
-назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилишларнинг ҳаммасини мувофиқлаштириш;
-жисмоний ва юридик шахсларни, бюджетга солиқлар ва бошқа тўловларни тўловчиларни, юридик ва жисмоний шахсларнинг солиққа тортиш объектларини ҳисобга олишнинг тўлақонли базасини яратиш;
-ягона телекоммуникация тизимини яратиш;
-ташкилий ҳамда кадрлар билан ишлашни такомиллаштириш ва кучайтириш;
-меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, солиқларни йиғиш ва мажбурий тарзда ундириш функцияларини бирлаштириш;
-белгиланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ бюджетга тўловларнинг тўлиқ тушишини таъминлаш;
-солиқ тизимининг унумдорлиги ва самарадорлигини ошириш, салбий таъсир ва хатар даражасини пасайтириш;
-ўтказиладиган иқтисодий ислоҳотларнинг боришига хуфия иқтисодиётнинг роли ва таъсирини камайтириш.
Юқорида таъкидлаб ўтган вазифаларни Давлат Солиқ Қўмитаси қуйида келтирилган чизмада ўзининг таркибий бўғинлари орқали амалга оширади.
6-чизма Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитасининг таркибий
тузилиши
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси
Вилоятлар Давлат солиқ бошқармалари
Тошкент шаҳар давлат бош солиқ бошқармаси
Манба. Чизма муаллиф томонидан тайёрланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг
«Давлат солиқ ҳизмати тўғрисида»ги Қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодекси» ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Халқаро шартномаларига амал қилган ҳолда амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг у ўзининг божхона чегарасига эга бўлди. Мустақил Ҳамдўстлик
Давлатлари ва узоқ хориж мамлакатлари билан иқтисодий муносабатларнинг фаоллашуви, мамлакатлараро экспорт-импорт ҳажмининг ортишига олиб келди. Ушбу омиллар асосида божхона ишини ташкил этишни такомиллаштириш, ягона божхона сиёсатини ўтказиш, республика божхона органлари фаолиятининг тезкорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги ролини кучайтириш, шунингдек божхона иши соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 8 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитасининг ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-1815-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармонни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 30 июлда 374-сонли
«Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитасининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитаси ташкил этилди.
Юқорида таъкидланган қонунчиликка асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитасига мамлакатимиздаги божхона божларини ундириш мажбурияти юклатилган. Ушбу мажбуриятни амалга ошириш мақсадида Давлат Божхона Қўмитаси қуйидаги вазифаларни бажаради:
-мамлакатдаги божхона органлари томонидан солиқларнинг тўғри ва ўз муддатида ундириш юзасидан солиқ текширувларини ўтказиш;
-жойлардаги солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаш ва ундириш бўйича барча ҳужжатларни текширишдан ўтказиш;
-солиқ тўловларининг амалдаги солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги ёки мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли уларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича барча операцияларни тўхтатиб қўйиш;
-амалдаги солиқ ва божхона қонунчилигида кўзда тутилган солиқлар бўйича боқимандалар ҳамда жарималарни ундириш.
Умуман олинганда, божхона органлари Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасидан ўтадиган товарлар юзасидан амалдаги божхона солиқлари, валюта ҳамда божхона қонунчилигига амал қилиниши, божхона божларининг тўғри ҳисобланиши, ундирилишини назорат қилади.
Молияни бошқаришда ўзига хос ўринни хўжалик юритувчи субъектлардаги молия хизмати эгаллайди. Бундай бошқарувни олиб боришда давлатнинг ваколатли органлари иштирок этмайди ва бошқарувни манфаатдор томонлар олиб боради. Молия бошқарувини қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
ички(корпоратив);
акциядорлар бошқаруви;
тижорат банклари томонидан;
-аудитор фирмалари томонидан олиб бориладиган бошқарувлардир.
Ички бошқарув. Бундай бошқарувни хўжалик юритувчи субъектларидаги ташкил этилган молия хизмати, молия бўлимлари, молия менежменти ва молия фаолиятига тааллуқли бошқа хизматлар олиб борадилар. Бундан фаолиятда ўзлик ва жалб этилган пул маблағлардан мақсадли ҳамда самарадорлик билан фойдаланишни назорат этиш, молиявий ҳолатни тахлил этиш, давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар, тижорат банклари ва бошқа мижозлар олдидаги мажбуриятларни бажариш, дебиторлик-кредиторлик қарздорларни назорат қилиш ва бажариш амалга оширилади.
Хўжалик субъектларининг акциядорлари, асосан йирик акциядорлар кузатуви ўз сармояларини самадорлик билан фойдаланишини ҳамда шу асосда дивиденд олиш мақсадида молияни бошқаришда бевосита иштирок этади.
Тижорат банклари хўжалик юритувчи субъектларга кредит бериш ва унинг ўз муддатида қайтарилишида молиянинг мақсадли бошқарувида иштирок этадилар.
Аудитор фирмалари хўжалик юритувчи субъектлар хўжалик- молия фаолиятини назорат қилиш вақтида ва шартнома асосида молия бошқарувида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишда иштирок этадилар.
Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги ижобий молиявий натижалар бу ерда молияни бошқаришда самарадор қоида ва услублардан фойдаланилаётганидан далолат беради. Бунинг акси, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги салбий молиявий натижалар (зарарлар) бу ерда молияни бошқаришда самарасиз услублардан фойдаланилаётганлигидан далолат беради ҳамда қатъий чора-тадбирлар кўрилишини талаб этади.