О адиблар қабиласи! Азалдан сизларни дунё неъматлари
Пошшоларни жалб қилгандек жалб қилади.
Бўрисимон эмасми ўша шоирларингиз, уларнинг яшаши –
мадҳлар ва ҳажвлар ҳисобига.
Улар энг даҳшатли душмандан кўпроқ зарар келтирар,
Асарларида каламушдан кўра ўғриликка мойил
Ниҳоят мен тарк этдим нодонлигимни, Аллоҳ ўзи сақласин мени,
Етар энди менга таним ва ар-раббоб қабилаларини тараннум этиш.1
Юқорида зикр этганимиздек, ал-Маарий шеъриятида қисмат мотиви жуда кўп учрайди. Қадимги шеъриятдан то ал-Маарий замонасидаги шеъриятгача шафқатсиз тақдирдан нолиш оддий ҳол эди. Аммо анъанавий шеърда ҳамма нарса Яратган иродасига бориб тақалиб, жамиятда муайян тартиб ўрнатилгани ва уни бузиб бўлмаслиги, тақдирга тан беришдан бошқа илож йўқлиги каби хулосалар бор эди. Аввал ал-Мутанаббий, кейин ундан кўпроқ ал-Маарий тақдирни ҳамма нарсадан устун қўйишса ҳам (Аллоҳ иродасига мувофиқ), лекин ундан қутулиш йўлини изладилар ва оқибатларини реал сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги беқарорлик, танглик, мутаассиблик, зўравонлик ва адолатсизликда, деб билдилар.
Ал-Маарий ватан тақдирига лоқайд бўлмади ва кўп иллатлар сабабларини арабларнинг тарқоқлигида деб билди, айниқса, сунна ва шиа мазҳаблари тарафдорлари ўртасидаги доимий хунрезликка олиб келадиган тўқнашувларни қоралади:
Улардан бири (сунний) Умар номидан қасам ичади.
Иккинчиси эса (шиа) Али номидан сўзлайди.
Аммо иккаласи ҳам ўз даъватларида ақлдан озган.
Бир- бирини сўкишганда қилич ғилофидан чиқиши мумкин,
шунинг учун ақл буларни кўрмагани яхши1.
Тарихдан маълумки, “Хулафо ар-Рошидин” га мансуб халифалар Умар ва Али мана шундай ихтилофлар туфайли фожеали ҳалок бўлишган.
Бугунги кунда араб оламида сунна ва шиа мазҳаблари тарафдорлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар давом этаётган бир даврда ХI аср шоирининг юқоридаги сатрлари ҳанузгача долзарблигини йўқотмаган.
Ал-Маарий араб ижтимоий тафаккури кесимида, биринчилардан бўлиб, ҳокимият халқ олдида масъулиятли бўлиши тўғрисида ҳам фикр юритади:
Бу ҳокимлар фуқароларни алдаб, устларидан зулм ўтказиб келмоқда.
Олиб қочдилар ўзларини халқ манфаатини кўзлаш йўлидан, лекин улар халқ хизматкори-ку!?2
Ал-Маарий ахлоқий масалаларга урғу берганда, айниқса, ҳасадгўйлик, мунофиқлик, зўравонликка қарши чиқади. Жумладан, ўзини ўта эътиқодли кўрсатиб, дунё тўплашга хирс қўйган мунофиқларга нисбатан шоирнинг нафрати жуда кучли:
اذا رام كيدا بالصلاة مقيمها فتاركها عمدا الى الله اقرب3
Агар ёлғондан намоз ўқиб турганлардан бўлса,
Ундан намоз ўқишни атайин тарк этганлар Аллоҳга яқинроқдир.
Ал-Маарий мавзуларида аёл мавзуси юқорида зикр этилганидек, ғазал жанрида унча гавдаланмайди, лекин баъзи шеърларида унга аҳамият беради. Аёл унинг учун энг аввало она, уй бекаси, унинг қисмати фақат оила манфаати, у иффатли аёл, меҳрибон она. Шоир бутун вужуди билан кўпхотинлик одатига қарши чиқади, тенгсиз никоҳга, айниқса кекса эркак ёш қизга уйланишини қабиҳлик, деб ҳисоблайди.
Шахсий ҳаётида шоир оила қурмаган. Бу ҳақида у шундай дейди:
تواصل حبل النسل ما بين آدمم و بينى و لم يوصل بلامى باء1
Насл риштаси давом этар Одам Атодан менгача
Аммо “лом”им боғланмади “ба” билан яъни никоҳ билан.
“Лом” ҳарфига “ба” ҳарфини қўшса “лубб” – юрак, кўнгил маъноси келади. Никоҳ тўғрисида гап кетганлигини қасида матнидан биламиз.
Ал-Маарий девонида инсон ва жамият, ҳаётга муҳаббат ва ёлғизлик, ҳаёт ва мамот, воқелик ва орзу каби мавзулар билан бир қаторда диний муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Шоир диний мафкурада инсон учун яхши ниятлар ва кўрсатмалар борлигини тан олади, аммо баъзида бу мафкурадан баъзи ёвуз, ахлоқсиз одамлар ўзларининг турли манфаатлари йўлида фойдаланганларидан афсусланади. У табиатдаги мутаносиблик ва мувозанатни кузатади, бунда Яратганнинг чексиз қудратини кўриб ҳайратланади. Ҳамма нарсаларга ўз қараши бўлганидек, диний ақидаларни ҳам кўр-кўрона қабул қилмайди, уларнинг баъзиларда зиддиятлар топади ҳамда уларга баҳо беришда ақл-идрокни ва фаҳмни мезон қилиб қўяди. Лекин шоир инсонда оламнинг асл моҳиятига етиш имкониятлари чегараланганлигига иқрор бўлади.
Таъкидлаганимиздек, Ал-Маарий шахсияти ҳеч кимникига ўхшамас ва буни унинг ўзи ҳам англаб етиб, қуйидагича изоҳлайди:
تثاءب عمرو اذ تثاءب خالد بعدوى فما اعدتنى الثؤباء
و زهدنى فى الخلق معرفتى بهم و علمى بان العالمين هباء2
Эснаса Амр, ундан кейин эснайди Холид,
Аммо менга юқмайди бунақа эснаш.
Одамлардан юз ўгиртирди мени, уларни ўрганганим,
Ҳатто олимларни ақли пастлигин билганим.
Тақдирга тан беришни хоҳламаган шоир сатрларида ҳаёт фожиавийлиги тўғрисида тушунча пайдо бўлади, чунки у адолатсизликни йўқотиш йўлларини тополмай қийналади ва буни мажозий усулда ифодалайди:
تلفع نيران الحريق اباء1 و كيف تلافى الذى فات بعدما
Қандай қилиб ўтиб кетган нарса тикланади
Ёнғин алангаси қамишзорни олган бўлса?
Араб шеъриятида кўплаб янги мавзуларни ривожлантирган ал-Маарий шакл соҳасига ҳам кўплаб ихтиролар киритди. Кўпинча байтлари лўнда, қисқа бўлиб, афоризм шаклини олар эди. Фикрини ифода этишда шоир кўпинча мураккаб мажозий йўлни танларди ва сиз санъатлардан истиора, тажнис, тазод, табоқ, мураккаб ташбиҳотлар ва бошқа жуда кўп ифодавий-тасвирий воситалар ва усулларни қўллар эди. Ҳатто, араб ҳарфлари билан тажриба ўтказишдан воз кечмади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ал-Маарий ўз фалсафий лирикасида ҳаёт билимдони, реал воқелик ва ҳодисаларни таҳлил қилиб, умумлаштира оладиган файласуф, пурҳикмат қалам ва бетакрор тафаккур эгаси сифатида араб оламида ўз ўрнига эгадир.
Ал-Маарий араб мумтоз шеъриятида ўзига хос ижод феноменини ярата билди. У асрлар мобайнида ривожланиб келган анъанавий шеърий жанрлар қолипини ёриб чиқди ва илк бор фалсафий лирика жанрига тамал тошини қўйди.
Шоир шеъриятда фалсафий масалаларни бевосита сиёсий, ижтимоий, диний, ахлоқий ҳаёт масалалари билан боғлади ва ижодни реал ҳаётга, реал воқеликка яқинлаштирди ҳамда унда ўз ёрқин шахсиятини намоён қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |