О.Т.Нурматов
Илмий даражалар берувчи илмий кенгашнинг илмий котиби, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Д.Қудбиев
Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш қошидаги илмий семинар раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
КИРИШ (диссертация аннотацияси)
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Дунё мамлакатлари корхоналарида иқтисодий ривожланиш даражасини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан бири муайян даврда корхонада яратилган ишлаб чиқариш ҳажми ва иқтисодий самарадорлик ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотига кўра, “саноатнинг ЯИМдаги улуши 2021 йилда Хитойда - 48,6 фоиз, Индонезияда - 48,1 фоизни”1 ҳамда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳисоботига асосан “Қозоғистонда - 31,5 фоизни, Венгрияда - 24,6 фоизни, Қирағизистонда - 20,8 фоизни”2 ташкил этган. Шунга кўра, ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида пандемия таъсирида вужудга келган беқарорликни олдини олиш ҳамда корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда иқтисодий самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда жаҳоннинг етакчи илмий марказлари ва тадқиқот муассасаларида ишлаб чиқаришни ривожлантириш асосида корхоналарда иқтисодий самарадорликни ошириш борасида муҳим илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Глобал муаммолар, хусусан, пандемия шароитида саноат корхоналарини иқтисодий самарадорлигига таъсир этувчи омиллари ўзгариши, ресурслар сарфини меъёрлаштириш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, рақамли техологиялардан фойдаланишни бартараф этишда ишлаб чиқариш таркибий тузилмасини такомиллаштириш, иқтисодий самарадорлигини кластерли ёндашув асосида ошириш сингари тадқиқот йўналишлари шулар жумласидан ҳисобланади.
Янги Ўзбекистонда саноат тармоғини ривожлантириш учун 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида «аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни– 1,6 баравар ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар кўпайтириш ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш» вазифаси белгиланган. Шунингдек стратегиянинг 83 бандида келтирганидек "Тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини 2022-2026 йилларда оширишбўйича дастур ишлаб чиқиш, лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, миллий брендларни ривожлантириш ва экспортини ошириш, малакали кадрларни тайёрлаш ва сунъий толани қайта ишлаш ҳажмини ошириш"3 бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Бу борада замонавий моделлаштириш усул ва йўлларидан фойдаланган ҳолда тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқариш ресурсларидан оптимал фойдаланиш, самарали талабга асосланган ҳолда ишлаб чиқариш ва бозор алоқаларини белгилаш, тўқимачиликда рақакмли технологиялардан фойдаланиш асосида натижаларни яхшилаш ва кластерлар фаолиятини асослаш сингари йўналишларда илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш мақсадга мувофиқ.
Диссертация тадқиқоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон “2022-2026 йиларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги, 2021 йил 16 ноябрдаги ПФ-14-сон "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2020 йил 5 майдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»»ги Фармонлари ҳамда 2021 йил 10 декабрдаги ВМҚ-747-сон “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари асосида тўқимачилик соҳаси меъёрий ҳужжатларида келтирилган вазифаларни амалга оширишда муайян даражада хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |