3.Қийматнинг умумий шакли. Бу шароитда умумэквивалент сифатида эътироф этилган товарлар эрамиздан олдинги V – IV асрларга қадар пул вазифасини бажарди. Қийматнинг умумий шакли даврида, ишлаб чиқариш кенгайди ва унинг асосий мақсади барча учун зарур бўлган товарни ўзлаштиришга қаратилди.
Умумий эквивалент сифатида қўй, дон, жун, қимматбаҳо буюм ва бошқалар эътироф этилди, лекин улар ўзининг хоссасидан келиб чиққан ҳолда узоқ вақт умумэквивалент вазифасини бажармади. Чунки, ишлаб чиқаришнинг ривожланиши, кишилар ўртасида иқтисодий муносабатларни тезлаштирди, бу шароитда умумэквивалент вазифасини бажарадиган товарларни олиб юриш, сақлаш ва бошқа жараёнлар турли ноқулайлик ва қийинчиликларни келтириб чиқарди. Бунинг қийинчилиги шунда эдики, масалан, деҳқон устига киядиган кийим олиш учун тўқувчига донни таклиф этса, тўқувчига дон эмас, балки қўй зарурлигини айтади. Бундай пайтда деҳқон донни қўйга алмаштириш ва шундан сўнг тўқувчига қўйни бериб ўзига зарур бўлган кийимни олиши мумкин, яъни айирбошлаш жараёнларида иштирок этаётган томонларнинг манфаатлари доимо ҳам бир – бирига мос келмаслиги оқибатида, турли қийинчлик ва зиддиятли ҳолатлар вужудга келди. Бунинг натижасида, қийматнинг пул шакли вужудга келди.
4.Қийматнинг пул шакли. Айирбошлаш муносабатларининг ривожланиши, жаҳон бозорининг вужудга келиши, кумуш ва олтиннинг барча товарлар ичидан умумэквивалент восита сифатида ажралиб чиқишига олиб келди. Ушбу металларнинг табиий хоссаси (ягона жисмлиги, қийматининг ўзгармаслиги, сифатининг бузилмаслиги) узоқ давр жамиятда пул вазифасини бажаришига хизмат қилди. Қимматбаҳо металлар умумэквивалент сифатида муомалага киритилишининг дастлабки даврида ҳар хил қуйма шаклдан (сим, пластинка, юмалоқ ва бошқа шакллар) иборат эди. Бозор муносабатларининг ривожланиши ва меҳнат тақсимотининг таборо такомиллашиб бориши металл пуллардан маълум шакл ва миқдорга эга бўлган тангаларни зарб қилиш заруриятини келтириб чиқарди. Тарихий манбаларга кўра, дастлабки металл тангалар эрамиздан аввалги VII асрда Хитой ва Лидия (Малая Азия) давлатларида зарб этилган.
Металл пулларнинг номинал қиймати ҳақиқатдаги қийматига тенг бўлиб, ноёб қимматбаҳо металлдан тайёрланади ва пулнинг барча функцияларини бажаради. Эътиборли жиҳати шундаки, муомалада ҳақиқий пуллар айирбошлаш воситаси вазифасини бажарган даврда иқтисодиётда пул муомаласи автоматик равишда тартибга солинади. Натижада, иқтисодиётда пулнинг қадрсизланиши, баҳоларнинг ўсиши ва инфляция ҳолати кузатилмайди. Чунки қимматбаҳо металларнинг муомалада ортиқчалик ҳолатининг вужудга келиши, уларни жамғарма ва бойлик сифатида сақлашга йўналтирилиши орқали бартараф этилади. Агар, муомалага қўшимча айирбошлаш қиймати зарур бўлса, улар қиймат ўлчови, муомала ва тўлов воситаси сифатида қайтадан муомалага чиқарилади. Олтиннинг муомалада амал қилиши XX асрнинг 30 – 70 йилларида бекор қилинди, яъни олтин демонитизацияси юз берди. Олтин айирбошлаш воситаси сифатида муомаладан чиқарилишининг дастлабки даврида аввал муомала ва тўлов воситаси функциясини, 1975 йилдан сўнг эса жаҳон пули функциясини тўхтатди. Ушбу вазифаларни ички ва жаҳон бозорига олтиннинг ўрнига кириб келган қоғоз ва кредит пуллар эгаллади.
Do'stlaringiz bilan baham: |