Давлатнинг олтин-валюта захираларини бошқариш функцияси. Марказий банк давлатнинг олтин, қимматбаҳо металл ва валюта заҳираларини бошқаради. Давлатнинг расмий олтин-валюта захиралари халқаро ҳисоб-китобларда активлар захираи, ҳисоб-китоблар бўйича давлатнинг кафолатли cyғypтa фонди сифатида намоён бўлади. Одатда, мамлакат олтин захираларининг асосий қисми Марказий банк ихтиёрига берилган бўлади. Баъзи давлатларда олтин захиралар Молия вазирлиги ихтиёрида бўлиб, Марказий банк олтин билан боғлиқ операцияларни олиб боради. Марказий банклар мамлакат валюта захираларини ўзида йиғади ва бу захиралар халқаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш, тўлов баланси тақчиллигини қоплаш ва мамлакат миллий валютаси курсининг барқарорлигини таъминлаш учун ишлатади.
Марказий банк орқали давлатнинг иқтисодий сиёсати, янада аниқроғи давлатнинг пул-кредит сиёсати олиб борилади. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати давлатнинг иқтисодни бошқариш сиёсатининг бир қисми бўлиб, муомаладаги пул массаси, кредит ҳажми, фоиз ставкалари даражасини ва бошқа пул муомаласи ва ссуда капитали бозори кўрсаткичларининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган чора-тадбирлар йиғиндисидан ташкил топади. Пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, валюта курси ва фоиз ставкаларини оқилона ўрнатиш асосида инфляция суръатларини камайтириш, кредитдан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш ва иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашдан иборат. Пул-кредит сиёсати икки йўналишда олиб борилиши мумкин.
Биринчи йўналиш – кредит экспанцияси бўлиб, бу сиёсат пул-кредит эмиссиясини рағбатлантириш йўли билан олиб борилади, яъни ишлаб чиқарши суръатлари тушиб кетган ҳолда, коньюнктурада ривожланишга эришиш мумкин.
Иккинчи йўналиш – кредит рестрикция сиёсати бўлиб, у иқтисодий ўсиш даврида пул-кредит эмиссиясининг қисқаришига асосланади. Марказий банк «тор» ва «кенг» маьнода пул-кредит сиёсатини олиб бориши мумкин. «Тор» сиёсатда валюта бозорида инвестиция, ҳисоб ставкаси ва қисқа муддатли кредитлар бўйича фоиз ставкаларига таъсир қилувчи бошқа инструментлар ёрдамида валюта курси мақбуллилигига эришиш тушунилади. «Кенг» сиёсатда муомаладаги пул массасига таъсир қилиш орқали инфляцияга қарши кураш олиб бориш тушунилади. Пул-кредит сиёсатининг халқаро жиҳатлари валюта курси, валюта захиралари ва тўлов баланси каби масалаларнинг ечимига қаратилган бўлади. Марказий банк рухсат этилган инструментлар ёрдамида пул муомаласини бошқариб боради. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатининг асосий инструментлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
– минимал мажбурий захира меъёрларини ўрнатиш;
– фоиз (дисконт) сиёсати;
– тижорат банкларини қайта молиялаштириш, очиқ бозор сиёсати;
– таргетлаш ва бошқалар.
Муомаладаги пул массасининг ҳажмини, банкларнинг ликвидлилигини мувофиқлаштириш ва инфляция суръатларини тушириш мақсадида Марказий банк тижорат банклари учун мажбурий захиралар меъёрини ўрнатиб бериш сиёсатини амалга оширади. Пул муомаласини мувофиқлаштиришнинг бу усули биринчи бўлиб 1913 йилда АҚШда қўлланилган. Минимал захиралар бу тижорат банклари ресурсларининг Марказий банкда мажбурий сақланиши зарур бўлган қисмидир. Мажбурий захира миқдори тижорат банкининг четдан жалб қилинган ресурсларига нисбатан фоизда белгиланади. Бу захира бевосита банкларнинг кредитлаш имкониятини чегараласа-да, уларнинг минимал ликвидлилигини таъминлаш омили бўлиши мумкин.
Минимал захира меъёри жамғарма турига, унинг ҳажмига, банкнинг жойлашиш ўрнига боғлиқ бўлган ҳолда турли мамлакатларда турлича бўлиши мумкин. Мавжуд манбалар шуни кўрсатади, масалан, Японияда минимал захиралар ставкаси 2,5% ни: АҚШда– 12% ни, Германияда– 12,1% ни, Португалияда– 17% ни, Узбекистонда 15% миллий валютада ва хорижий валютда 8% ни ташкил қилади.
Марказий банк томонидан захира миқдори баъзи бир омилларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилиши мумкин. Марказий банкнинг ҳисоб (дисконт) сиёсатининг моҳияти шундаки, у тижорат банклардан векселларни сотиб олади. Айтайлик, мол сотиб олувчи корхонанинг етказиб берилган мол (товар, хизмат ва ҳ.қ) ларнинг ҳақини тўлаш учун маблағи етарли бўлмаса, у товар учун тўловни маълум вақт ўтгандан кейин амалга ошириши тўғрисида вексель бериши мумкин. Мол сотувчи корхонага пул маблағлари зарур бўлган вақтда у векселни тижорат банкига сотиши мумкин. Тижорат банки векселни сотиб олганда унда кўрсатилган суммадан кам суммага (маълум фоиз ушлаб қолган ҳолда) сотиб олади. Зарур бўлганда, тижорат банки векселни Марказий банкда ҳисобга қўйиши мумкин. Бу ҳолда Марказий банк ҳам ўз фойдасига маълум фоиз – ҳисоб ставкаси ушлаб қолиши мумкин. Марказий банкнинг ҳисоб ставкаси турли давлатларда ҳар хил – 5% дан 15% гача бўлиши мумкин. Тижорат банклари векселларни сотиб олишда Марказий банкнинг ҳисоб ставкасига таянадилар. Марказий банкнинг ҳисоб ставкаси тижорат банклари ўрнатадиган ҳисоб ставканинг энг паст чегараси ҳисобланади. Одатда, тижорат банкларининг ҳисоб ставкаси Марказий банкнинг ҳисоб ставкасидан юқори (0,5 дан – 2% гача) бўлади.
Тижорат банкларининг қайта молиялаштириш сиёсати бу тўғридан-тўғри кредитлаш, векселларни ҳисобга олиш, қимматбаҳо қоғозларни гаровга олган ҳолда кредитлар бериш ва кредит аукционларни ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бундан келиб чиққан ҳолда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш операцияси қуйидаги усулларда олиб борилиши мумкин:
– тижорат банкларининг ихтиёридаги векселларни ҳисобга олиш йўли билан кредитлаш;
– тижорат банклари ихтиёридаги қимматбаҳо қоғозларни гаровга олиш йўли билан кредитлар бериш. Бундай кредитлар ломбард кредитлар дейилади. Уларнинг фоиз ставкалари ломбардли фоиз ставкалар деб юритилади. Жаҳон амалиётида ломбард бўйича (фоиз ставкаси доимо ҳисоб ставкасидан 1-2% юқори бўлади;
– тўғридан-тўғри кредит бериш усули. Кредит ташкилотлари фаолиятида молиявий қийинчиликлар бўлган ҳолларда улар Марказий банкка кредит олиш учун мурожаат қилиши ва Марказий банк кредитидан фойдаланиши мумкин. Қайта молиялаштиришнинг асосий мақсади пул муомаласи ва кредит муносабатларининг ҳолатига таъсир кўрсатишдан иборат. Қайта молиялаштириш сиёсатини олиб бора туриб Марказий банк охирги кредитор сифатида майдонга чиқади.
Ўзбекистон Республикасида Марказий банк ўрнатган қоидаларга асосан, қуйидаги активларни гаровга олган ҳолда 3 ойгача бўлган муддатда кредитлар бериши мумкин:
– олтин, чет эл валютаси, халқаро захиралар тоифасига кирувчи валюта бойликлари ва бошқа бойликлар;
– давлатнинг қарз мажбуриятлари ва давлат томонидан кафолатланган бошқа қарз воситалари.
Марказий банкда депозитга ўтказилган ва унинг депозитарийси учун мақбул бўлган, харид қилиниши ва сотилишига рухсат берилган ва Марказий банк улар билан ушбу қонун доирасида бошқа хил операциялар ўтказиши мумкин бўлган активлар, тўланишига банклар кафолат берган тижорат векселлари асосида кредитлар бериши мумкин.
Очиқ бозор сиёсати деганда, марказий банкнинг очик бозорда кимматбаҳо қоғозларни ўз ҳисобидан сотиб олиши ва сотиши тушунилади. Марказий банкнинг очиқ бозор сиёсати асосан хазина мажбуриятларини, саноат компаниялари ва банкларнинг облигацияларини, Марказий банкда ҳисобга олинган тижорат векселларини сотиш ва сотиб олиш орқали амалга оширилади. Очиқ бозор сиёсати орқали Марказий банк кредит баҳосининг ўзгаришига эришиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, пулга бўлган талабнинг ўзгаришига олиб келади. Одатда, Марказий банк бу сиёсат орқали ортиқча пулларни муомаладан олади ва пул муомаласини мувофиқлаштириш бўйича актив пул-кредит сиёсати олиб боради.
Жаҳон амалиётида Марказий банкнинг, очиқ бозор сиёсатида асосий ўринни давлатнинг қисқа муддатли мажбуриятлари билан бўладиган операциялари эгаллайди. Бу фаолият АҚШда, Германияда яхши йўлга қўйилган. Бундан ташқари, Германияда Немис Федерал банки пул-валюта сиёсатини тартибга солиш учун очиқ бозорда қуйидаги қимматбаҳо қоғозларни бозор ставкасида сотиши ва сотиб олиши мумкин:
– Федерал банк билан битим шартларига яровчи векселлар;
– Федерал банк томонидан лойиқ деб топилган бошқа қарз мажбуриятлари.
Федерал банк очиқ бозорда қарз мажбуриятларини эмитентнинг ўзидан сотиб ололмайди. Бу ҳолда шартнома очиқ бозор сиёсати эмас, аксинча кредитлаш бўлиб қолади. «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига асосан Марказий банк ўзи чиқарган қимматли қоғозларни, шунингдек, қарз мажбуриятларини очиқ бозорда сотиш ва сотиб олиши мумкин. Марказий банк бюджетни молиялаштириш учун очиқ бозорда операциялар олиб бориш, қимматбаҳо қоғозларни биринчи жойлаштиришда уларни сотиб олишга ҳақли эмас.
Марказий банкнинг очиқ бозорда олиб борадиган операциялари қуйидаги хусусиятлар бўйича фарқланади:
– битим шарти бўйича: нақд пулга ёки қайта сотиш мажбу-рияти билан маълум муддатга сотиб олиш (РЕПО операцияси) билан боғлиқ операциялар;
– битим объектлари бўйича: давлат ёки акционер жамиятлари қимматбаҳо қоғозлари билан бўладиган операциялар,
– битим муддати бўйича: қимматли қоғозлари билан қисқа муддатли (3 ойгача) ва узоқ муддатли (1 йил ва ундан ортиқ) операциялар,
– операциялар ўтказиш доирасига қараб: банк тизими доирасида ёки нобанк тизим доирасида қимматли қоғозлари билан бўладиган операциялар,
– фоиз ставкаларини ўрнатиш бўйича: Марказий банк ёки бозор томонидан аниқланадиган ставкалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |