Давлат кредити. Ушбу кредитнинг асосий белгиларидан бири кредитни бериш ёки олиш жараёнида давлат бевосита иштирок этади. Кўпчилик ҳолларда эса давлат кредитор сифатида юридик ва жисмоний шахсларга кредитлар беради.
Давлат кредити муносабатлари жараёнида унинг субъектлари сифатида давлат номидан марказий ва маҳаллий давлат бошқарув органлари майдонга чиқса, иккинчи томондан юридик ва жисмоний шахслар иштирок этади. Давлат кредитининг вужудга келишида анъанавий равишда кўпчилик ҳолларда давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ёки йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ўз номидан қимматли қоғозларни муомалага чиқаради. Давлат бюджетининг тақчиллигини қоплашда давлат томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олинади. Бунда юридик ва жисмоний шахслар кредитор сифатида намоён бўлади. Давлат бюджети тақчиллигини қоплашнинг бошқа манбалари ҳам мавжуд бўлиб. Уларнинг асосийлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:
Давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун амалдаги солиқ ставкалари миқдорини ошириш иқтисодиёт тармоқларининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай ҳолатда, хўжалик юритувчи субъектлар солиқ базасини камайтириб кўрсатиш, иккиламчи бухгалтерияни юритиш ҳамда хуфёна иқтисодиётнинг ривожланишига мойиллик туғилади. Натижада, мамлакатда иқтисодиётнинг ривожланиши ва аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашда салбий ҳолатлар юз беради.
Муомалага қўшимча пулларни чиқариш ҳисобига давлат бюджети тақчиллигини қопланиши иқтисодиётда товар ва пул массаси ўртасидаги мувозанатни таъминлашга салбий таъсир кўрсатади. Яъни, пул массаси товар массасига нисбатан ортиб кетади, бундай холатда миллий валютанинг сотиб олиш қобилияти пасаяди ва инфляция даражасининг ортишига сабаб бўлади.
Марказий банкнинг кредити давлат бюджети тақчиллигини қоплашнинг бошқа манбаларига нисбатан бир мунча самаралироқ ҳисобланади, лекин Марказий банк томонидан берилган кредитлар асосан 3 ой муддатга берилиб, ушбу муддатдан ортиб кетиши мумкин эмас.
Давлат бюджети тақчиллигини қоплашда ҳалқаро кредит ва хорижий мамлакатларнинг молиявий ёрдамини олиш доимо ҳам ижобий натижаларни бермайди. Чунки, кредитор мамлакат қарз олувчи мамлакатга қатор шартларни қўяди. Айрим ҳолатларда кредитлар бериш орқали кредитор мамлакат сиёсий ва иқтисодий тазийқ ўтказиш ҳолатлари ҳам амалиётда учраб туради. Шунинг учун давлат бюджетининг тақчиллигини қоплашнинг энг қулай усули давлатнинг қимматли қоғозларни юридик ва жисмоний шахсларга сотиш орқали кредит олиши ҳисобланади. Шу билан бирга, алоҳида таъкидлаш лозимки, давлат кредити фақатгина бюджет тақчиллигини қоплаш учун эмас, балки иқтисодиётни тиклаш (асосан табиий офатлар ёки урушлардан сўнг), мамлакатда ижтимоий – иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қурилиш ишларини бажариш ёки саноат тармоқларининг алоҳида соҳаларини ривожлантириш учун узоқ муддатларга (5, 10 йил) олиниши мумкин.