10.3. Банкларнинг турлари
Капиталистик тузумнинг ривожланиши турли мулкчилик шаклларининг ривожланишига, молиявий маблағларнинг алоҳида молиявий муассасалар ихтиёрида марказлашувига олиб келади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин кўпчилик капиталистик мамлакатларда айрим банкларнинг миллийлаштирилиши юз берди. Бу ўз навбатида банкларнинг мулкий, ҳуқуқий, функцияси, табиати ва бошқа қатор мезонлари бўйича тавсифланишига сабаб бўлди.
Замонавий иқтисодиётда банклар қуйидаги мезонлар бўйича тавсифланади.
Мулкий жиҳатдан – давлат банки, акциядорлик банки, кооператив банк, хусусий ва хорижий капитал иштирокида қўшма банкларига бўлинади. Банкларни мулкчилик нуқти назардан таснифланганда асосан уларнинг устав капитали таркибида кимнинг улуши 51 фоиздан юқори бўлса, банк шу шахсларнинг номларини олади.
Масалан, банк капиталининг асосий улуши хусусий ёки кооператив ташкилотлар ҳиссасига тўғри келса, мазкур банклар хусусий ёки кооператив банк дея юритилади.
Давлат банклари капиталининг асосий улуши давлатга тегишли бўлади, кўпчилик мамлакатларда мамлакат Марказий банклари давлат банки ҳисобланади. Ўзбекистонда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Давлат – акциядорлик Халқ банки, акциядорлик тижорат “Асака” банкларнинг капитали таркибида асосий улуш давлатга тегишли бўлганлиги боис мазкур банклар давлат банклари ҳисобланади.
Мамлакатимизда акциядорлик тижорат банклари сифатида, акциядорлик тижорат “Агробанк”ни, Алоқабанк, Туронбанк ва бошқаларни келтириш мумкин. Мамлакатимизда ёпиқ турдаги акциядорлик тижорат банклари мавжуд эмас.
Хорижий капитал иштирокида қўшма банклар мамлакат қонунчилигига асосан белгиланган миқдордаги устав капитали хорижий иштирокчилар томонидан шакллантирилса мазкур банклар шу мақомга эга бўлади. Мамлакатимизда хорижий капитал иштирокидаги банкларни ташкил этиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Ҳуқуқий жиҳатдан – банклар очиқ ва ёпиқ турдаги жамиятлар сифатида таснифланади. Банкларнинг капиталини асосий улуши юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади, ушбу банклар очиқ акциядорлик ёки ёпиқ акциядорлик банклари бўлиши мумкин.
Очиқ ёки ёпиқ акциядорлик банклари дейилишига сабаб уларнинг акцияларини сотиш ва сотиб олиш жараёни билан боғлиқ бўлади. Қатнашчилари ўзларига тегишли акцияларини ўзга акциядорларнинг розилигисиз бошқа шахсларга бериши мумкин бўлган акциядорлик жамияти очиқ акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.
Акциялари фақат ўз муассислари ёки олдиндан белгиланган доирадаги шахслар орасида тақсимланадиган акциядорлик жамияти ёпиқ акциядорлик жамияти деб ҳисобланади. Мамлакатимизда мулкий жиҳатдан ташкил топишидан қаътий назар, фаолият юритаётган барча банклар очиқ акциядорлик банклари ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |