Иккинчи босқич 1993 йил ноябрдан 1994 йил июн ойига тўғри келади. Ушбу даврда, яъни 1993 йил 15 ноябрдан муомалага оралиқ «сўм – купон»лар киритилди.
1993 йил 15 ноябрдан бошлаб Россиянинг номинали 5000 ва 10000 бўлган рубллари муомаладан чиқарилди. Бу пуллар Жамғарма банк муассасларигагина топширилиши керак эди. Шу билан бирга, бу купюраларни банк муассасаларида қиймати паст бўлган купюраларга алмаштириш таъқиқланди.
Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 22 ноябрдаги «Истеъмол бозорини ҳимоялаш ва республикада пул муомаласини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 1993 йил 1 декабрдан бошлаб собиқ СССР Давлат банкининг 1961 – 1992 йиллар намунасидаги 200, 500 ва 1000 рубллик пул билетларининг муомалада тўлов воситаси вазифасини бажариши тўхтатилди.
Бу купюралар 25 минг рублгача бўлган товарлар ва кўрсатилган хизматлар ҳақи тарзида ҳамда Жамғармабанк муассасалари томонидан доимий турар жой рўйхатида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан 1993 йил 1 декабргача қабул қилинди. Фуқароларнинг Жамғармабанк муассасаларига қўядиган омонатларининг чекланган суммаси купюралар қийматидан қатъи назар 200000 рубл миқдорида белгиланди. Ушбу миқдордан ошган суммалар 1993 йил 4 декабргача алоҳида махсус фоизсиз ҳисобварақларга киритилди.
Мазкур қарорда 1961 – 1992 йиллар намунасидаги қиймати 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 рубль бўлган купюралар чекловларсиз параллел тўлов воситаси сифатида муомалада бўлиши қайд этилган эди. 50 ва 100 рубль қийматидаги купюралар 1993 йил 15 декабргача, қиймати 1, 3, 5, 10 ва 25 рубль бўлган купюралар эса, 1994 йил 1 январгача муомалада бўлди. Ушбу банкнотларни 1993 йил 6 декабрдан бошлаб Жамғармабанк муассасалари томонидан омонатларга қабул қилиш тўхтатилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 30 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида «сўм – купон»ларнинг муомалада бўлиш тартибини янада такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида» ги қарорида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1993 йил 15 ноябрда муомалага чиқарилган, қиймати 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5.000, 10.000 бўлган сўм – купонлар қонуний тўлов воситаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди. Бунда, Россия Давлат банкининг 1993 йил намунасидаги барча қийматдаги банкнотлари дастлабки даврда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сўм – купонлар билан бир қаторда чекловларсиз тўлов воситаси сифатида қабул қилинди.
Шу тарзда, 1993 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги уч турдаги пул бирлиги муомалада бўлди: сўм – купонлар, собиқ СССР Давлат банкининг қиймати 100 рублгача бўлган купюралари ва Россия Давлат банкининг 1993 йил намунасидаги купюралари.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 апрелда қабул қилинган «Пул муомаласини мустаҳкамлаш ва “сўм – купон” харид қобилиятини оширишнинг кечиктириб бўлмайдиган чора – тадбирлари тўғрисда»ги қарори пул муомаласини барқарорлаштириш, сўмнинг харид қобилиятини ошириш учун зарур шарт – шароитларни яратишда муҳим тадбир бўлди. Ушбу қарорга мувофиқ, 1994 йил 15 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Россия банки банкнотларининг муомалада бўлиши ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан турли тўловларга қабул қилиниши таъқиқлаб қўйилди29.
Do'stlaringiz bilan baham: |