5 – БОБ
ПУЛ ТИЗИМИ
5.1. Пул тизимининг моҳияти ва элементлари
XVI асрнинг охири ва XVII асрнинг бошларида товар – пул муносабатларининг ривожланиши, халқаро ва маҳаллий валюта бозорларининг вужудга келиши, шунингдек, давлатчилик асосларининг мустаҳкамланиши давлат томонидан пул муомаласини тартибга солишнинг заруриятини келтириб чиқарди.
Давлат томонидан пул муомаласини амалга ошириш тартибини белгилашда мамлакат тарихи, сиёсий ҳолати, миллий анъаналари ҳамда унинг иқтисодий салоҳияти муҳим аҳамият касб этади.
Пул тизими – бу мамлакатда пул муомаласини амалга оширишнинг шакли бўлиб, унинг асосини миллий валюта ташкил этади ва миллий валюта орқали тартибга солинади.
Пул тизими қуйидаги элементларни ўз ичига олади:
пул тизимини ташкил этиш тамойиллари;
пул бирлиги;
баҳо масштаби;
пулнинг турлари;
пул бирликлари ва белгиларини эмиссия қилиш тартиби ва уларнинг таъминланганлик асослари;
пул муомаласини тартибга солишнинг усуллари;
мамлакатда пул оборотининг таркиби ва уни ташкил этиш.
Пул тизимини ташкил этиш тамойиллари –пул тизимини ташкил этишнинг асосий элементларидан ҳисобланди. Пул тизимини ташкил этишда давлат томонидан пул тизимини ташкил этишнинг тартиб ва қоидалари назарда тутилади. Таъкидлаш жоизки, бозор иқтисодиёти амал қилаётган барча мамлакатда муомалага пул белгиларини эмиссия қилиш, банк тизимининг таркиби бир – бирига ўхшасада ҳар бир мамлакатда пул – кредит ва молия сиёсатини амалга оширишнинг ўзига хос тамойиллари мавжуд. Ушбу тамойилларнинг асосийлари қуйида келтирилган.
Пул тизимини марказдан бошқариши тамойили. Пул тизимини бошқаришнинг ушбу тамойили мамлакатни маъмурий – тақсимлаш моделига хос бўлиб, бу жараёнда барча пул муносабатлари тегишли кўрсатма ва режа асосида амалга оширилади. Мамлакатда фаолият юритадиган барча банклар ва уларнинг филиаллари давлат ихтиёрида ва назорати остида фаолият юритади. Муомалада пул массасини тартибга солиш тегишли режа ва деректив кўрсатмалар орқали бажарилади.
Пул тизимини талаб ва таклиф асосида тартибга солиш тамойили. Пул тизимини ташкил этишнинг ушбу тамойилида асосий эътибор миллий валютанинг сотиб олиш қобилиятини мустаҳкамлиги ва инфляция даражасининг нормал меъёрига қаратилади. Мамлакат Марказий банки мустақил равишда пул – кредит сиёсатини амалга оширади, кредит муассасалари Марказий банк томонидан белгиланган тегишли иқтисодий нормативларга риоя этган ҳолда ўзининг фаолиятини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |