15-модда. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига Қорақалпоғистон Республикаси прокурори раҳбарлик қилади, у Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 119-моддаси иккинчи қисмига қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори олдида ҳисобдордир.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори тегишинча туман, шаҳар прокуратураларининг ва уларга тенглаштирилган прокуратураларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари асосида ва уларни ижро этиш учун ўзига бўйсунувчи ходимларнинг ҳаммаси учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади.
Бошқармалар ва бўлимларнинг бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, прокурорнинг катта ёрдамчилари, прокурорнинг ички хавфсизликни таъминлаш бўйича ёрдамчиси, катта прокурор-криминалист Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ёрдамчилари, бошқармалар ва бўлимларнинг катта прокурорлари ва прокурорлари, прокурор-криминалистлар, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар, катта терговчилар ва терговчилар Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
16-модда. Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларга тегишли прокурорлар раҳбарлик қиладилар, улар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ҳамда лавозимдан озод этиладилар. Бу прокурорлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бўйсунадилар ва унинг олдида ҳисобдордирлар.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 119-моддаси учинчи қисмига қаранг.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар тегишинча туман, шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларнинг фаолиятига раҳбарлик қилади, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари асосида ва уларни ижро этиш учун ўзига бўйсунувчи ходимларнинг ҳаммаси учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасига лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори раҳбарлик қилади.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратураларида ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади.
Бошқармалар ва бўлимларнинг бошлиқлари, прокурорларнинг катта ёрдамчилари, прокурорларнинг ички хавфсизликни таъминлаш бўйича ёрдамчилари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Бошқармалар ва бўлимлар бошлиқларининг ўринбосарлари, катта прокурор-криминалистлар ва прокурор-криминалистлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг розилиги билан вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг ёрдамчилари, бошқармалар ва бўлимларнинг катта прокурорлари ва прокурорлари, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар, катта терговчилар ва терговчилар вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |