Илдизидан баргигача шифобахш
Ковул илдизидан баргигача шифобахш. Шу боис у фармацевтика саноатида қимматбаҳо хом ашё сифатида жуда қадрланади. Меваси таркибида сапонинлар, алкалоидлар, углеводлар, аскорбин кислота, мой, илдиз пўстлоғида стахидрин алкалоиди мавжуд. Эрта баҳорда кавлаб олинган илдизи қуритилиб, аллергияга мойил беморлар учун дори тайёрланади. Гуллаш мавсумидан олдин ҳам аллергияга эм бўладиган қайнатма қилинади. Янги кесиб олинган ва чой қилиб дамланган ковул шохлари жуда яхши антисептик восита ҳисобланади. Унинг бундай хусусиятларидан араблар ва қадимги юнонлар фойдаланишган. Юртимизда эса тиб илмининг султони Ибн Сино ушбу наботот туридан кўплаб хасталикларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усулларини ёзиб қолдирган.
Қайд этилишича, ўсимликнинг илдиз қисмидан олинадиган дамлама гепатитга шифо бўлса, пояси ва барги тери касалликларига эм бўлади, меваси таркибидаги йод буқоқдан азият чекадиган инсонларга наф келтиради. Жаҳон фармацевтика саноатида мазкур тавсиялар асосида дорилар тайёрлаш кенг йўлга қўйилган.
Халқ табобатида ҳам ковулдан фойдаланиб келинган. Асосан, йирингли яраларни, шунингдек, стенокардияда, тиреотоксикоз, бавосил, қандли диабет касаллигини даволашда ҳам қўлланилган.
Ковул озиқ-овқат саноатида ҳам ишлатилади. Ҳиндулар унинг меваси қўшиб тайёрланган таомларни хуш кўриб истеъмол қилишса, француз ошхонасида маринадланган ковул гулкуртаклари жуда муҳим зиравор ҳисобланади. Ўзимизда эса илгари ковул “тарвузча”лари қуритилиб, қишда қанд ўрнида фойдаланилган.
Итальянча усулда совуқ димланган бузоқ гўшти — вителлотоннато билан бирга, албатта, таркибида ковул бўлган “тоннато” қайласи тортилиши керак. Буюк Британияда эса қўй гўшти хушхўрлигини оширишда ковул қўшилган қайноқ қайладан фойдаланилмаса, мижозларни йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас.
Эътибор ва рағбат меваси
Президентимиз ўтган йили жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Наманган вилоятига ташрифи давомида ковул етиштиришни йўлга қўйиш, унинг илмий асосларини ишлаб чиқиш, экспортга чиқариш механизмини яратиш юзасидан вазифалар белгилаб берган эди.
Шу асосда илк бор Наманганда Чуст тажрибаси сифатида ковул етиштиришга киришилди. Тадбиркорларга 5 минг гектар ер ажратиб берилди. Соҳани чуқурроқ ўрганиш, ўз навбатида, бошқаларга ўргатиш мақсадида муайян тажрибага эга мутахассислар жалб этилди. Натижада ковулчилик билан шуғулланган корхоналар фаолияти кенг кўлам касб эта бошлади. Чуст туманидаги “Барака мева саноат сервис” масъулияти чекланган жамияти ана шундай субъектлардан биридир.
Мазкур корхона раҳбари Содиқжон Ҳасанов учун мазкур соҳа бегона эмас эди. У ковул экспортини 2009 йилда йўлга қўйганди.
— 2014 йилда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган “Жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаси”да иштирок этиб, Туркиянинг “Денамикес” ва “Денизли” фирмалари билан шартнома тузишга муваффақ бўлдик, — дейди у. — Шу йили 187 минг, 2015 йили 317 минг, 2016 йили 581 минг АҚШ долларилик ковулни экспорт қилдик. 2017 йилда эса Италиянинг “Маприком” компаниясига 242 тонна, Туркиянинг “Денашикес”, “Денизли” фирмаларига 495 тонна ковул етказиб берилди. 2017 йилда лаборатория, иссиқхона ва замонавий корхона бунёд этиш учун 2,2 гектар, ёнғоқзор ташкил қилиш учун 380 гектар, дашт ҳудудидан ковулзорлар яратиш учун 3000 гектар ер ажратиб берилгач, ишимиз юришиб кетди.
Ўтган бир йилда тадбиркор ташаббуси билан Наманган давлат университети олими Шерзод Тошпўлатов йигирмадан ортиқ тажрибалар ўтказди. Натижада ковул уруғи устидаги плёнкага ўхшаш ҳимоя қобиғини хлорид кислота билан эритиш орқали унинг донадор ва унувчанлигини таъминлаш мумкинлигини исбот қилди. Лаборатория шароитида бунга эришди ҳамда 6 килограмм ковул уруғи сепиб, ундириб олди. Айни чоғда 200 гектарга етадиган кўчатни парваришлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |