КОВУЛ – ИҚЛИМ ШАРОИТИМИЗГА МОС, ТАШҚИ БОЗОРДА ХАРИДОРГИР
Айримлар ковул ҳақида билиши мумкин, бироқ уни экиш катта фойда келтиришини эшитмаган бўлса керак. Хўш, у ўзи қандай ўсимлик? Воҳамизда айнан шу янги тармоқни ўзлаштириш ҳамда илмий асосда йўлга қўйиш имкони мавжудми? Бунинг учун нима талаб этилади? Шу каби саволлар билан мутахассисга мурожаат қилдик.
- Бу ўсимлик ҳақида эшитиб болалик хотираларим кўз ўнгимда жонланди, - дейди биология фанлари доктори, профессор Лутфулла Ёзиев. – У Яккабоғ томонлардаги бепоён қир-адирлар бағрида ёввойи ҳолда ўсади. Ушбу ўсимликдан ёши улуғларимиз бел ва оёқ оғриганда малҳам ҳозирлашарди. Шунинг учун даладан кўп бора ковул илдизини кавлаб келтирардик. Уни халқ орасида ковар ҳам деб аташади. Шифобахшлик хусусиятларига кўра, у бошқа доривор ўсимликлардан қолишмайди. Фанга асосланган ҳолда айтсак, ковул - ярим бута, кўпйиллик ўсимлик. Уни дунёнинг кўпгина мамлакатларида учратиш мумкин. Қолаверса, ковул юртимиздаги тоғ олди адирларида, айниқса, тақир қурғоқчил ерларда, шўрхок ва қумли чўл зоналарида ёввойи ҳолда ўсади. Кўринадики, ковул воҳамиз иқлим шароитига мос. Мазкур шифобахш ўсимликнинг экспортбоплиги унинг маданийлашган навларини яратишни асосий вазифага айлантирмоқда. Бу борада келгусида илмий тадқиқотлар ўтказишни мақсад қилганмиз.
Интернетдан ковулга тааллуқли маълумот излай туриб қуйидагиларга дуч келдим. Унда айтилишича, бу ўсимликнинг резавор меваси дунёда харидоргир экспортбоп маҳсулот саналади. Маринадланган энг сара гулкуртаклари эса баъзи чет эл мамлакатлари тамаддихоналарида тансиқ таом сифатида таклиф қилинади.
Демак, воҳамиз шароитида ковул етиштиришни ташкил этишда муаммо йўқ. Маҳсулотни сотиш учун эса бозор бор. Вилоятимизда бу тармоқни ривожлантириш ҳар жиҳатдан ўзини оқлайди. Фақат унинг парваришини тушунадиган агроном бўлса бўлгани. Бунинг устига ушбу экинни экиш технологияси осон ва уни етиштириш унча кўп сармоя талаб этмайди. Мутахассисларнинг фикрича, сувсизликка анча чидамли ўсимликни кўклам (март, апрель ойи)да уруғидан ва новдасидан кўпайтириб экса бўлади. Совуққа (минус 8 даража) ҳам бардош беради. Унинг плантациясини ташкил этиш учун бир гектарга 3-4 килограмм уруғ сарфланади. Уруғлар куз ёки эрта баҳорда лалми ерларда 3-4 сантиметр чуқурликда экилади. Уруғ май ойида униб чиқади. Ўсимлик иккинчи чин барг ҳосил қилгач, бегона ўтлардан тозаланиб, эгатлар чопиқ қилинади. Экилганининг учинчи йилида ковул ҳосилга киради ҳамда бир тупдан 3 килограммгача меваси йиғиштириб олинади. Мавсум давомида бир неча бор қўлда сифатли мева терилади. Сараланган тарвузча шаклидаги ҳосилни қуритиб, қайта ишлаш мумкин.
Аслини олганда, ковулчилик вилоятимиз қишлоқ хўжалиги учун истиқболли тармоққа айлана олади. Бунинг учун озроқ эътибор бўлса бас. Ҳудуд иқтисодиётини кўтариш, экспорт салоҳиятини ошириш, бунда аввал ишга солинмаган ресурслардан унумли фойдаланиш долзарблик касб этар экан, фурсатни қўлдан бой бермаслик керак. Бундан ташқари, ковулчилик экологик жиҳатдан ҳам юқори самарадорликка эга. Ушбу йўналиш қишлоқ хўжалигига татбиқ этилса, чўл бағрида кўркам иҳотазорлар барпо бўлади. Ўсимликлар биохилмахиллиги сақланибгина қолмай, ҳудуд экомуҳити мўътадиллашишига ёрдам беради. Шунингдек, аҳолининг банд бўлмаган қатлами мавсумий иш билан таъминланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |