5. Товарлар категориясига кўра нарх белгилаш Ушбу турдаги нарх дифференциацияси харидорларни уларнинг талаб чизиғига кўра икки ёки ундан ортиқ гуруҳларга бўлади, демак, ҳар бир гуруҳнинг ўз талаб чизиғи бўлиб, бу талаб чизиғи бошқа гуруҳларникига қараганда ётиқлиги билан фарқ қилади. Бунга мисол тариқасида самолётга, пароходга сотиладиган чипталарнинг классларга бўлиниб, ҳар хил йўловчиларга турли нархларда сотилишини, бир хил спиртли ичимликларнинг ҳам ҳар хил сортлари турли хил нархларда сотилишини, автобус чиптаси нархида талабаларга, нафақадагиларга ва ногиронларга бериладидиган имтиёзларни келтириш мумкин. Истеъмолчиларни категорияларга бўлиш турли хил мезонларга асосланади. Буларнинг ичида асосий мезон харидорларнинг даромадларидир. Масалан, шаҳар транспортига сотиладиган карточкалар нархи оддий фуқаролар учун бир хил, талабалар учун нархи пастроқ, ўқувчилар учун эса янада пастроқ. Худди шундай ҳайвонот боғига кирувчилар ҳам: болаларга сотиладиган чипта нархи катталарга сотиладиган чипта нархидан анча паст. Энди биз товарлар категориясига қараб уларга нарх белгилашни кўриб чиқамиз. Бунинг учун қуйидаги иккита шарт бажарилиши зарурдир. Биринчи шартга кўра ишлаб чиқариш ҳажмидан қатъий назар, умумий ҳажмдаги товарни харидорлар гуруҳларига шундай тақсимлаш керакки, ҳар бир бирлик товарни сотишдан олинадиган чекли даромад МR нинг қиймати бир хил бўлсин.
Масалан, икки хил сортдаги маҳсулотни сотиш керак бўлсин. Биринчи гуруҳга сотиладиган ҳар бир маҳсулотнинг чекли даромадини MR1 ва иккинчи гуруҳникини MR2 дейлик. Агар MR1 >MR2 бўлса, фирма биринчи сортдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришни оширади ва иккинчи сортдаги маҳсулотни камайтиради. Нима учун деганда, биринчи сорт маҳсулотни бир бирлигидан тушадиган фойда иккинчи сортдаги маҳсулотникидан катта. Бундай ҳолда фирма умумий фойдани ошириш учун биринчи сорт маҳсулот нархини тушириб, иккинчи сорт маҳсулотникини кўтаради. Чекли даромадлар бир-бирига тенг бўлмаганда фирма ўз фойдасини максималлаштира олмайди. Шунинг учун фирма маҳсулот категорияларига нархларни шундай танлаш керакки ҳар хил категориядаги маҳсулотларни сотишдан тушадиган чекли даромадлар тенг бўлсин. Иккинчи шарт - ҳар бир сорт бўйича ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми фойдани максималлаштирадиган ҳажмга тенг бўлсин. Биз биламизки, ишлаб чиқариш ҳажми фойдани максималлаштиради, қачонки у чекли даромадни чекли харажатга тенглаштирса. Демак, ҳар бир сорт бўйича сотиладиган маҳсулотнинг чекли даромади уни ишлаб чиқаришдаги чекли харажатга тенг бўлса. Икки хил сортдаги маҳсулот учун иккинчи шарт қуйидагича ёзилади: MR1 =MC1ва MR2 =MC2. Агар бу тенглик бажарилмаса фирма ўз фойдасини максималлаштириш учун умумий ишлаб чиқариш ҳажмини кўтаради ёки пасайтиради (маҳсулотлар нархини ошириш ёки камайтириш). Энди математик жиҳатдан бу қандай бўлишини кўриб чиқамиз..