Pr ва миллий ахлоқ



Download 22,08 Kb.
Sana21.02.2022
Hajmi22,08 Kb.
#54270
Bog'liq
PR ВА МИЛЛИЙ АХЛОҚ


PR ВА МИЛЛИЙ АХЛОҚ
(маъруза)
Бундан беш йил бурун хизмат тақозоси билан Малайзияда бўлдим. Осиёдаги ушбу йирик мусулмон мамлакати мени аэропортдаёқ ўзига мафтун этди. Имом Бухорий, имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Имом Исо Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа ўнлаб фузалою соҳибкароматлар юртида тобора танқис бўлиб бораётган рўмолли офицер аёл самолёт трапи олдида бизни табассум ила кутиб турарди.
Авратини ёпган, бошига рўмол танғиб, устидан фуражка кийган бу ҳарбий заифа мамлакатга илк бор келган ҳар қандай мусулмон сайёҳда катта таассурот қолдириши шубҳасиз. Ҳа, бир ҳафта мобайнида мамлакатнинг йирик савдо, маданият, ил-фан, туризм марказларида очиқ-сочиқ юрган на маҳаллий, на хорижий муслималарни кўрдим. Ҳолбуки, бутун дунёдан пулдорлар Малайзияга дам олиш учун боради. Катта-кичик оролларида туристлар учун ҳамма шароит муҳайё. Лекин малайларнинг Ислом дини ва миллий қадриятларга муҳаббати шайтоний нафсдан устун туришини кўриб, тасанно дедим (“Осиё йўлбарслари” номини олган номусулмон мамлакатлар ҳақидаги мақолани ҳам илова қиламиз. Ибрат ва хулоса маъносида).
Паблик рилейшн жуда кенг қамровли тушунча эканини, унинг туб моҳиятида саёзлик, малакасизлик ва юзакилик урчиб кетса, катта зарар келтиришини Куала Лумпурда ўтган ўша анжуман кунлари англадим. Ижтимоий тармоқлар ва улардаги замонавий теледастурлар, миллий ва диний қадриятлар мавзуси муҳокама этилганда, дунёнинг салкам элликка яқин мамлакатидан келган анжуман иштирокчилари виртуал олам анъана ва қадриятларга путур етказаётганидан нолиди.
Дарҳақиқат, ПР нафақат бугунги, истиқболдаги журналистка учун ҳам асосий йўналиш сифатида ўз аҳамиятини йўқотмайди. Аммо ПР ва замонавийлик, миллий ва диний қадриятлар, ахлоқ масалаларини чуқур таҳлил этиш ҳаётий заруратга айланиб улгурди. Бунга панжа орасидан қараб бўлмайди.
Коронавирус бизнинг миллий табиатимиздаги тубан майлларни ҳам кўрсатди. Худбинлик, манманлик, ўзини кўз-кўз қилиш каби иллатларимиз якдилликка таҳдид сифатида намоён бўлди. Ҳамкасбларимиз бундай калтафаҳм юртдошларимизга нисбатан қатъий чоралар кўриш лозимлиги ҳақида ёзишмоқда. Эл бошига иш тушганда на қонун, на тартиб, на раҳбарларга бўйсунадиган бундай зўравонларни тийиб қўйиш кераклигини уқтирмоқда. Бундай ўзбошимчаликларнинг ижтимоий хавфидан бонг урмоқдалар (Бундай мақолалардан ҳам жойлаштирамиз).
Хўш, бундай иллат қаердан ёпишди? Кеча ёки бугун бу касаллик билан оғридикми? Бир таҳлил этиб кўрайлик.
Ахлоқ – қонуннинг асосидир”, деган эди Пифагор. Юнон файласуфининг бу таъкиди қонунга бўйсунувчи фуқаро, фуқароларни қонунлар асосида бошқарувчи жамиятга қарата айтилган. Аммо, қонунлари тараққиёт қаршисида доғда қолган, анъана ва қадриятларга таянувчи жамиятни дахлсиз деб бўладими? Интернет тармоғи, хорижий телеканаллар, уяли алоқа тизими ва ҳоказо воситалар орқали тарқатилаётган турли ғайримиллий ғоя ва қарашлар ёшлар онгига жиддий таъсир этаётганини қандай инкор этиш мумкин? Истиқлол меваси сифатида тақдим эталаётган мазкур нашрларнинг ғоявий йўналиши, эълон қилинаётган мақолалардаги маънавият масаласи энг долзарб муаммолардан бири сифатида юзага қалқиб чиқяпти. Нашр муассиси ва бош муҳаррир бевосита эътибор қилиш шарт бўлган бу муаммолар миллат пешволари – зиёлиларни ўйлантириши лозим. Токи, биз шу халқнинг фарзанди эканмиз, ҳеч биримизга унинг ахлоқий қадриятларини, қалб кечинмаларини эрмак қилиш ҳуқуқи берилмаган. Қатор хусусий нашрларда тўхтовсиз, таъбир жоиз бўлса, ким ўзарга эълон қилинаётган “ижод” намуналарини миллат маънавиятига тажовуз деб тушунаман. Ўзбек менталитетининг ёрқин ифодаси бўлган уят, ор-номус, андиша, ғурурни (“Эр йигитнинг уялгани – ўлгани”, “Уят – ўлимдан қаттиқ” каби халқ мақолларини эсланг!) арзон пуллаётган, топтаётган ҳамкасбларимиз зиммасида истиқбол масъулияти ҳам бор.
“Ёш куч” журналининг 2005 йил 1-сонида Оллоёр Бобоновнинг “Болангиз нимани ўқияпти?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф аксарият нодавлат нашрлардаги шаҳвоний ҳикоя ва мақолаларга муносабат билдириб, шундай ёзади: “Наҳот, бир ҳовуч кишиларнинг осон пул топиши ёки сохта шуҳратга эга бўлиши учун маънавиятимиз оёқости қилинса, хусусий газеталар фақат фоҳишаларнинг саргузаштларини достон айласа...” Муаллиф баъзи нашрлардаги “ҳикоя”лардан кўчирмалар келтиради. О.Бобоновнинг фикрлари юзасидан “Ҳуррият” газетасининг 2005 йил 30 март сонида Қобилжон Аҳмедовнинг “Танқиддан таклифга ўтиш вақти келди” мақоласи эълон қилинади. Муаллифнинг “... газета очишдан мақсад – пул топиш, даромадли бўлиш. Лекин бу халқни маънавий тубанликка, тор дунёқарашга судраш ҳисобига бўлмаслиги керак”, деган фикрлари ўринли. Лекин “қарийб барча хусусий газета саҳифаларида зўравонлик, фаҳш, шаҳвониятга бошловчи ҳикоя ва қиссаларни учратишимиз мумкин. Негаки, бу бозор иқтисодиёти. Талаб ва таклиф”, деган қатъий хулосаси бизни ажаблантирди. Тўғри, бозор иқтисодиётида талаб ва таклифнинг ўрни катта. Аммо бозор қонуниятлари билан маънавиятни белгилаш қанчалик тўғри бўлар экан? Қолаверса, бозор ва маънавият – иккита қутб. Тарихий ҳақиқатни унутмаслигимиз керакки, халқимиз бозорни, бозор қонуниятларини энди кўраётгани йўқ.
Кўнгилнинг кўчаси кўп дейдилар. Тарбия топмаган кўнгилнинг эҳ-ҳе-е, қанча-қанча талаб ва эҳтиёжлари бор. Эслайлик, Алпомиш Қалмоқда – зиндонда. Қалмоқшоҳнинг қизи Товкаойим банди Алпомишга қараб “Зиндондан чиқариб олсам нимам бўласан?”, деб қисталанг қилади. Алпомиш оғанг бўламан, деди. Тоғанг бўламанг, деди. Қариндошинг бўламан, деди. Лекин Товканинг кўнгил талаби бошқа – эринг бўламан, деган жавоб эди. Ёки бўлмаса, улуғ адиб Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар” романида Отабек ва Кумушнинг висол онларини пардали, сирли ва айни пайтда жозибали қилиб эмас, аксинча, беш-олти қоғоз ҳажмида очиқ-ошкор, тубан бир тарзда тасвирласа бўлмасмиди? Йўқ, адибимиз бундай қилмас, аниқроғи, қила олмас эди. Чунки, Абдулла Қодирийдаги ботиний улуғворлик, миллатга бўлган меҳру муҳаббат, чин инсоний фазилатлар – ҳаё, номус, ғурур йўл қўймас эди.
Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Бу каби асарларни ичдан ёритиб турган нур – ватанга, халққа, инсоний муҳаббатга бўлган садоқатдир. Аксарият нодавлат нашрлар фаолиятида эса бу каби хусусиятларни деярли кўрмайсиз. Улар сизга мажбурлаб сотаётганимиз йўқ, текинга ҳам тарқатаётган эмасмиз. Халқнинг ўзи сотиб оляпти, дейишлари тайин. Бу борада сизни мот қилиши турган гап. Чунки ука-сингилларимиз, фарзандларимиз ўз ихтиёрлари билан сотиб олишяпти. Шайтоний васвасага берилган “қаламкаш”ларнинг бадбин хаёллари маҳсули бўлган шаҳвоний ҳикояларни (ҳикоя дейишга ҳам тил бормайди), орсизлик ва сурбетликни тарғиб этувчи кечинмаларни ўқишмоқда. Мисол учун, “Хонадон” газетасининг 2005 йил 4 март сонида эълон қилинган Ойгул Кажанованинг “Хиёнаткор хотин” ҳикоясидан парча келтирамиз: “Эрини ишга жўнатиб, ўзи ҳам мактабга борган Асал ширин хаёллар оғушидан қутулолмади. Тундаги воқеани эслаб, олам кўзига гўзал кўринди... Ҳар кеч эгат бошига эрининг овқатини олиб борадиган Асал қайтаётганда Отабек билан хуфёна учрашиб, лаззат онларини бирга сурадилар. Узоқдан эса Эркинбекнинг тракторининг тариллаган овози эшитилиб туради”.
“Ҳикоя”да айтилишича, Асалой бир ўғил, бир қизнинг онаси. Касби – ўқитувчи. Эркинбек, яъни эр – деҳқон. Отабек Эркинбекнинг синфдош дўсти. Яна ҳикояга қайтайлик: “Икки ошна роса улфатчилик қилишди. Ярим тунда овқат кўтариб кирса, Эркинбек ухлаб қолибди. Энди чиқиб кетмоқчи бўлган Асалнинг қўлидан шартта ушлаб олган Отабек:
Мени кузатиб қўй, дея шивирлади.
Қоронғуликда Отабек Асалойни маҳка қучоқлаб олиб, тинмай бўсаларга кўмиб ташлади. Асал ҳам қаршилик қилмасди”.
Ана холос! “Минг бир кеча” қаҳрамонлари ҳам буларнинг олдида хижолат. Ўзбек деҳқонининг муаллима хотини... Дўст дўстининг хотинини ўйнаш тутибди? Ким ишонади? Хўп, шундай бўлди ҳам дейлик. Лекин бу билан “адиба”миз нима демоқчи?! Қишлоқ аёли, бунинг устига ўқимишли, икки фарзанднинг онаси бир ишора, қараш билан ўзга эркакнинг қучоғига киришини соғлом ақл қабул қила олмайди.
Ашурбек Пўлатовнинг “Бекажон” газетасининг 2005 йил 15 март сонида эълон қилинган “Икки ўт ораси” ҳикоясидан бир парча: “... Қаршисида – тўшакда қип-яланғоч бир қиз ётарди. Унинг қўлларини сийпалар, сочлари ёйилиб кетган, ўзи эса ҳансираб нафас олганча йигитга ёпишарди”. Давомини ўқиймиз: “Нозима ҳирс ўти алангасида ёнар, тобора йигитнинг иссиқ қучоғига талпинарди. Унинг қайноқ бўсалари йигитни-да туғёнли ҳислар бағрида бесаранжом қилар, ихтиёрсиз равишда ўзи томон чорларди”. Ёки бўлмаса “Чархпалак” газетасининг 2005 йил 10 – 16 март сонида эълон қилинган Ирода Камолнинг “Бахтсизлик қисмати” номли давомли ҳикоясини олайлик. Унда шундай жумлалар бор: “Кўзлари чақнаб кетган Чарос эркакни яна қучиб олди. Қуюқ, қора сочларини оҳиста силаркан, қулоғига шивирлади:
Сиздан ўпкаламайман, фақат... озор етишини истамайман.
Самир Давлатовичнинг вужудида яна ўша ҳис, оташин қучиб, олчадек қип-қизил лабларига лабини босди...”
Тўғри, ҳаётда нималар содир бўлмайди дейсиз. Аммо, минг-минглаб ўқувчи ҳукмига ҳавола этилаётган асарнинг муайян мақсади, ижтимоий-маърифий юки бўлиши керак-ку?! Демак, бу каби муаллиф ва асарларнинг мақсади...
Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган нарсангни қил”, деган муборак ўгитни такрорлашдан бўлак иложимиз йўқ. Чунки бугунги хусусий нашрларнинг аксариятида мезон – ўлчовнинг ўзи йўқ. Улар учун мезонсизлик – мезон, ғоясизлик – ғоя вазифасини бажармоқда. Ғайриахлоқий ва мутлақо ғайримиллий саргузаштлар муаллифлари ўзбекона муҳитда тарбия топганмикан ўзи, деб ўйлаб қоласан киши.
ПР билан шуғулланадиган ҳар бир ҳамкасбимиз бир ҳақиқатни англаб олиши лозим: халқ руҳи халқ маънавий руҳий бирлиги ва уйғунлигининг ифодасидир. Миллий ўзликни англаш ҳам ижтимоий негизи ва аҳамиятига кўра ушбу бирлик ва уйғунликка таянади.
Халқ руҳига сингган, ундан жой олган ҳар қандай инжа-нозик рамз ёки қадриятни рад этиш, таҳқирлаш ёки топташни ўзининг борлиғига, ҳаётига тажовуз сифатида қабул қилади.
Эътиборларингиз учун раҳмат!


Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист


18.04.2020.


Download 22,08 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish