Зимницкий синамаси.
Зимницкий синамаси сутка давомидаги пешоб миқдори ва пешобнинг нисбий зичлигини аниқлаш орқали буйракларнинг пешобни осмотик суюлтириш ва концентрациялаш хусусияти бахоланади.
Зимницкий синамасида кун давомида ҳар 3 соатда пешоб алохида 8 та идишга йиғилади. Синама ўтказиш учун диуретиклар қабул қилинмаслик, ортиқча миқдорда суюқлик қабул қилмаслик лозим. Дастлаб эрталаб соат 6:00 даги пешоб тўкиб ташланади ва соат 9:00 дан бошлаб пешоб йиғилади. Агар беморда 3 соат давомида пешоб бўлмаса шу идиш бўш қолдирилади ва кейинги идишга йиғилаверади.
Зимницкий синамасини бахолашда хар бир идишдаги пешоб миқдори, нисбий зичлиги, суткалик диурез, кундузги диурез, тунги диурез хисобланади. Буйракларнинг концентрациялаш хусусияти нормал бўлганда:
1. 8 та порцияда пешоб миқдори 50 – 250 мл гача ўзгариб туради.
2. Нисбий зичлик 1010 дан 1026 гача ўзгариб туради. Эрталабки пешобда тунги диурез камайиши хисобига нисбий зичлик баланд бўлади. Кундузги пешоб миқдори кўп ва нисбий зичлик паст бўлади.
3. Кундузги диурез ва тунги диурез нисбати 3:1 ёки 4:1 нисбатда бўлади.
Пешоб ранги.
Нормал пешоб сомон-сариқ рангда бўлади. Пешобга уробилин, урохромлар, гематопорфирин ва б. ранг беради. Пешоб ранги унинг нисбий зичлиги, суткалик хажми, организмга овқат махсулотлари орқали кирадиган бўёвчи моддалар, дори воситалари , витаминларга боғлиқ:
озиқ овқатлардан қизил ранг қизил сабзи, лавлаги қабул қилганда, яшилсимон-сариқ-равоч, александр барги қабул қилганда бўлади;
медикаментоз препаратлардан қизил ранг амидопирин, пушти ранг аспирин, яшилсимон-кўк ранг метилен кўки, жигар ранг сулфаниламидлар, актив кўмир, тўқ сариқ ранг рибофлавин, 5-НОК, фурагин қабул қилганда кузатилади.
Пешоб рангиниг ўзгариши кўпгина касалликларда мухим диагностик белги хисобланади:
тўқ сариқ ранг пешоб юрак етишмовчилигида (димланган буйрак, шишлар);
оч сариқ ранг қандли ва қандсиз диабетда;
пивосимон ранг- паренхиматоз сариқликда;
қизил ранг буйрак етишмовчилигида, буйрак инфарктида;
“гўшт ювиндиси”- ўткир нефритда;
тўқ ранг (деярли қора ранг)- ўткир гемолитик анемияда, меланомада кузатилади.
Тиниқлиги.
Нормал янги ажралган пешоб тиниқ бўлади. Пешобнинг хиралашиши қуйидагиларга боғлиқ:
нотўғри олинганда кўп миқдорда эпителий тушиши;
эритроцитурия;
лейкоцитурия;
липурия;
бактериурия;
уратурия, фосфатурия, оксалатурия ва б.
Do'stlaringiz bilan baham: |