Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш – биз учун муҳим йўналиш бўлиб қолади. Бунда биз аввало аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган халқчил спорт тизимини тушунамиз.
Шу мақсадда барча шаҳар ва туманларда оммавий спортни ривожлантиришга, жумладан, спорт майдончалари, пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлаклар, экопарклар, таълим даргоҳларидаги спорт залларидан иборат спорт инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун спорт мактабларини кўпайтирамиз ва янги спорт объектларини барпо этамиз. Бу борада Олимпия ўйинларига киритилган ҳар бир спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилади.
Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш – халқимизнинг азалий қадриятидир. Ана шундай ноёб фазилатни асраб-авайлаш, фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бугунги глобаллашув даврида, пандемия ва иқтисодий инқироз ҳукм сураётган оғир бир шароитда дунёнинг айрим ҳудудларида кексалар ўз муаммолари гирдобида ёлғиз қолиб кетаётгани ҳам сир эмас. Шунинг учун муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур. Токи бу ҳурматли инсонлар ўзларининг оила ва жамият ҳаётида муносиб ўрни борлигини доимо ҳис қилиб яшасинлар.
Шу мақсадда ўтказилаётган, нуронийларимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, умуман, ҳар бир туманда фахрийларимизни қўллаб-қувватлаш ишларини кенгайтириш учун алоҳида дастурлар тузиб, амалга оширсак, айни муддао бўлади.
Жамиятимизда меҳр-оқибат, мурувват ва саховат тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Энг муҳими, бу тизим амалда ишлаши ва ушбу тоифадаги инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этишлари зарур.
Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган фуқароларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Маълумки, юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва тураржой билан таъминлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига жиддий эътибор қаратиш.
“Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда яшаётган болаларни оилага яқин муҳитда, билимли ва касб-ҳунарли этиб тарбиялаш учун “Меҳр дафтари” доирасида бошлаган ишларни изчил давом эттириш барчамизнинг бурчимиздир.
Бу борада олиб бораётган ишларимизнинг амалий натижаси сифатида бир мисол келтирмоқчиман. Кейинги уч ой давомида олижаноб инсонлар томонидан ана шундай даргоҳларда тарбияланаётган ўнлаб болалар фарзандликка қабул қилинди. Шу туфайли 3 та “Меҳрибонлик уйи”, 1 та “Болалар шаҳарчаси” ўз фаолиятини тугатгани айниқса эътиборлидир.
Ўзбек халқининг юксак инсоний фазилатларини намоён этаётган ана шундай меҳр-шафқатли, болажон ва бағрикенг юртдошларимизга, болалар уйларини оталиққа олиб, эзгу ишларни амалга ошираётган саховатли тадбиркор ва зиёлиларга, Миллий гвардия ходимларига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этаман.
Ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган хотин қизларимизни қўллаб-қувватлаш. Ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётгани сизларга яхши маълум. Шу боис хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қиламиз.
Навқирон ёшларимизни, айниқса, қизларимизни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Биз хорижий давлатларда билим олаётган, меҳнат қилиб даромад топаётган юртдошларимизни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни қабул қиламиз. Хусусан, “Ватандошлар” жамоат фонди орқали чет элларда яшаётган фуқароларимиз ва уларнинг оилалари билан алоқалар кенгайтирилади. Ҳамюртларимизни она тилимиз, маданият ва урф-одатларимиз асосида жипслаштириш, уларнинг билим ва салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига самарали йўналтириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |