Меҳнат тарбиясининг иқтисодий тарбия билан алоқадорлиги. Ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб ўқувчиларга иқтисодий билим бериш ҳамда, уларда меҳнат ва касбий фаолиятни ташкил этиш кўникма, малакаларини шакллантириш масаласига жиддий эътибор берила бошланди. Ўқувчиларга иқтисодий билимларни бериш, уларда ишчанлик, тартиблилик, эҳтиёткорлик хислатларини шакллантириш тарбиявий ишларнинг таркибий қисмларидан саналади.
Ҳозирги даврда, кадрлар тайёрлаш масаласи энг муҳим вазифа сифатида қўйилиб, таълим сифатини ошириш билан бирга ўқувчиларни иқтисодий билимлар билан қуроллантириш, айниқса, бозор иқтисодиёти муносабатлари шаклланаётган мавжуд шароитда муҳим ва зарур.
Иқтисодий таълим ўқувчиларга хўжалик юритиш тизими (оила бюджетини шакллантириш, хўжаликни юритиш, мавжуд моддий бойликларни асраш, кўпайтириш, савдо-сотиқ муносабатларини тўғри ташкил этиш ва ҳоказолар) тўғрисидаги назарий билимларни беришга йўналтирилган педагогик жараён.
Иқтисодий тарбия ўқувчиларга иқтисодий билимларни бериш, уларда хўжалик юритиш фаолият (оила бюджетини шакллантириш, хўжаликни юритиш, мавжуд моддий бойликларни асраш, кўпайтириш, савдо-сотиқ муносабатларини тўғри ташкил этиш ва ҳоказолар)ни ташкил этиш кўникма ва малакаларини шакллантиришдан иборат педагогик фаолият жараёни.
Бинобарин, иқтисодий тарбия ёш авлодда иқтисодий билим ва кўникмаларни ривожлантириш, уларда тежамкорлик, меҳнатсеварлик, ташаббускорлик, иқтисодий фаолиятни йўлга қўйиш тўғрисида фикрлашга ўргатади.
Иқтисод, иқтисодиётнинг ўзи нима? Бу тушунча юнон олими Гелиот томонидан киритилган бўлиб, бу – «уй хўжалигини бошқариш санъати» маъносини англатади. Кейинчалик бу тушунчанинг моҳияти кенгайиб, маъноси ҳам тўлдириб борилган. Иқтисодиёт – бу жуда кенг ва мураккаб тушунча. Иқтисод атамаси тор маънода инсон яратган барча бойликларни тежаш, шунингдек, инсон меҳнатини қадрлаш маъносини англатади. Кенг маънода иқтисодиёт инсоннинг тирикчилигини ўтказишга қаратилган хўжалик фаолияти бўлиб, бу фаолият ишлаб чиқаришдан бошланиб, яратилган маҳсулотларни истеъмол этиш билан якунланади. Демак, иқтисод инсон фаолиятининг асосий жиҳати бўлиб, жамиятнинг энг муҳим негизи, унинг пойдевори ҳисобланади. Чунки, энг аввало, инсоннинг инсон сифатида талаб-эҳтиёжининг қондирилиши, албатта, унинг иқтисодий фаолияти асосида эришилади. Булардан маълумки, инсон ўз ҳаётида иқтисодиёт билан доимий муносабатда бўлади. Иқтисодий тарбия, аввало, оиладан бошланади. Оилада иқтисодий тарбия замирида ҳам меҳнатсеварликни тарбиялаш ётади. Болалар ўз меҳнати натижаларини кўргандагина ўз имкониятларидан тўғри фойдаланаётганини англаб етади, мустақил фаолият юритишни ўрганади, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик хислатлари таркиб топади. Оилада йўлга қўйиладиган болалар меҳнати ҳовли ва хоналарни тартибли сақлаш, кийим-кечакларни асраб-авайлаш, уй жиҳозларини таъмирлаш, рўзғор юмушларига ёрдам бериш кабилар кўринишларда намоён бўлади. Ота-оналар болаларни меҳнат фаолиятини кузатиб бориб, уларга зарур ўринда маслаҳат берадилар. Айниқса, ўқувчи-ёшларда оилада ҳам, таълим муассасаларида ҳам тежамкорликка риоя қилишга ўргатиш катта аҳамиятга эга. Иқтисодий тарбия ўз ичига ўқувчилар томонидан иқтисодиёт асосларини ўрганиш, уларнинг унумли ва ижтимоий меҳнатнинг турли кўринишларида иштирок этиш, режалаштиришга доир билим ва малакаларга эга бўлиш, ишлаб чиқариш маҳсулотларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш кабиларни олади. Иқтисодий тарбиянинг инсон ва жамият, иқтисодий география, тарих, математика, химия, биология, меҳнат таълими дарсларида амалга оширилиши янада ижобий самараларни беради. Энг муҳими «Иқтисодиёт асослари» ўқув фани асосида ўқувчилар иқтисодий тушунчалар, категориялар ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш қонуниятларини ўрганадилар. Жамиятда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётган шароитда Республика иқтисодиётини ривожлантириш, хўжаликни оқилона ташкил этиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини такомиллаштириш, молия операцияларни тўғри ташкил этиш, режалаштириш, меҳнат унумдорлиги, ишлаб чиқариш самарадорлиги, корхоналар рентабеллиги, кичик ва ўрта бизнес, ижара, бозор инфраструктураси, маҳсулот қиймати, соф даромад, қўшимча даромад, бюджет, харидор, товар, товарлар импорти ва экспорти, шартнома, биржа, рақобат, менежмент, маркетинг, пул, банк, банкнот ва бошқалар ҳақида тўла маълумотларнинг берилиши ўқувчиларнинг иқтисодий онгини шакллантиришга ёрдам беради.
Синфдан ташқари тарбиявий тадбирлар ҳамда тарбиявий соатларда иқтисодий мавзуларда тарбиявий суҳбат, баҳс ва мунозаралар уюштирилади, оғзаки журнал яратилади, викторина ташкил этилади, тўгарак ёки клублар фаолияти йўлга қўйилади.
«Меҳнати фаолиятининг сифати ва самарадорлиги нималарга боғлиқ?», «Хўжаликнинг қиймати қанча туради?», «Ҳар биримиз иқтисодчи бўлишимиз мумкин», «Ўқув юртимизнинг иқтисодий аҳволи ва бюджети қандай аҳволда?», «Иқтисод бизнинг ҳаётимизда», «Бўш вақтдан унумли фойдаланиш мумкинми?», «Тажамкорлик нима?» ва ҳоказо мавзуларда тарбиявий тадбирларнинг ўтказилиши ўзининг ижобий натижаларини беради. «Ёш иқтисодчи» маркази фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир Буларнинг барчаси ўқувчиларда қуйидаги хислатларнинг шаклланишига замин яратади:
меҳнат фаолиятига нисбатан масъулият билан муносабатда бўлиш, меҳнатсеварлик, виждонлилик, жамият ва давлат олдида ўз бурчини ҳис этиш;
тежамкорлик, режалилик;
интизомлилик, уддабуронлик;
уюшқоқлик, ишчанлик;
тартибсизликка нисбатан муросасиз бўлиш ва бошқалар.
Назорат учун саволлар:
Меҳнат тарбиясининг мақсади ва вазифалари нималардан иборат?
Меҳнат тарбиясининг мазмуни ҳақида гапириб беринг.
Шарқ мутафаккирлари ёш авлоднинг меҳнат тарбияси, касб-ҳунар эгаллаши ҳақида қандай қарашларни илгари сурганлар?
Ўқувчиларнинг меҳнат тарбиясини ташкил этишда қандай шакл ва методлар самарали саналади?
Меҳнат тарбиясида таълим ва тарбия бирлигининг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?
Меҳнат тарбияси ва ижтимоий тарбиянинг бошқа йўналишлари ўртасидаги алоқадорлик ҳақида сўзлаб беринг.
Меҳнат тарбиясининг иқтисодий тарбия билан алоқадорлиги нималарда кўринади?
Коллеж боғида ҳашар ташкил этилди. Ҳашарнинг самарали бўлиши учун гуруҳ раҳбари қандай йўл тутиши зарур (берилган жавоб вриантлари орасидан тўғри жавобни топинг):
ўқувчиларнинг ташаббусига таяниши;
ўқувчиларни мажбур қилиши;
ҳашардан аввал тушунтириш ишларини амалга ошириши;
меҳнат, экологик, иқтисодий ва ахлоқий тарбияни ўзаро алоқадорликда олиб борилиши.
Адабиётлар:
1. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. – Тошкент, Ўзбекистон, 1997.
2. Алметов Н.Ш. Педагогика. Ўқув қўлланма. – Алматў, 2001.
3. Подласўй И.П. Педагогика. В 2 кн. Кн. 1. – Москва, Владос, 1999.
4. Педагогика. Мунавваров А.К.нинг умумий таҳрири остида. – Тошкент, Ўқитувчи, 1996.
ЎҚУВЧИЛАРНИ МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ ТАРБИЯЛАШ
Do'stlaringiz bilan baham: |