Ривожланишидаги нуқсонларни классификациялаш, уларнинг сабаблари ва омиллари. Олиб борилган тадқиқотнинг кўрсатишича, ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг сони кўп бўлиб, айни вақтда янада ошиб бормоқда.
«Аномалия» тушунчаси юнончадан таржима қилинганда меъёрдан, умумий қонуниятлардан четланиш, нотўғри ривожланишни англатади.
Ривожланишида муаммолари бўлган болаларда жисмоний ёки психик камчиликлар (нуқсонлар) бўлади, улар болаларнинг умумий ривожланишида четланишларнинг содир бўлишига сабаб бўлади. Нуқсоннинг хусусияти, пайдо бўлишига қараб айрим камчиликларни тўла йўқотиш, айримларини эса тузатиш, учинчи хилларининг ўрнини тўлдириш мумкин. Аномал боланинг ривожланишида уни ўқитиш ва тарбиялаш асосий муаммо ҳисобланади.
Айни вақтда ривожланишидаги четланишларнинг классификацияси бўйича ягона қараш мавжуд эмас.
М.А.Власова ва М.С.Певзнерлар аномал болаларнинг қуйидаги гуруҳлари кўрсатадилар:
1. Сенсор хислати етишмайдиган (норасо) болалар (эшитиш, кўриш, нутқи қобилиятлари, таянч-ҳаракат аппарат ва сенсомоторикасининг функцияси бузилган).
2. Психик ривожланиши ортда қолган болалар.
3. Астеник ёки реактив ҳолати ҳамда низоли ташвишланишга эга бўлган болалар.
4. Психопатик хулқли болалар (хулқнинг эмоционал бузилиши).
5. Ақли заиф болалар (дебиллик, имбециллик, идиотия даражасидаги олигофренлар).
6. Психик касалликнинг бошланғич кўриниши (шизофрения, эпилепсия, истерия ва бошқалар) намоён бўладиган болалар.
О.Н.Усанова аномал болаларни қуйидаги гуруҳларга ажратишни таклиф этади1:
1. Органик бузилишлар сабабли ривожланишида четланиш бўлган болалар.
2. Функционал етук эмаслиги сабабли ривожланишида камчилик бўлган болалар.
Психик депривациялар асосида ривожланишида камчиликлар бўлган болалар.
Дефектолог В.С.Рахманова ривожланишида нуқсонлар бўлган болаларни қуйидагича гуруҳларга ажратишни таклиф этади2:
1. Интеллектуал бузилишга эга болалар (ақли заиф ва психик ривожланишидан ортда қолган болалар).
2. Нутқи бузилган болалар.
3. Сенсорли нуқсонларга эга болалар (кўриш ва эшитиш қобилиятлари бузилган)
4. Таянч-ҳаракатли аппарати бузилган болалар.
5. Ривожланишида комплекс бузилиш бўлган болалар.
Аномал болаларда нутқий қобилиятнинг бузилиши умумий қонуният ҳисобланади.
Болага коррекцион таъсир кўрсатишнинг самарадорлиги мавжуд нуқсон хусусияти, айрим психик жараён ёки функцияларининг бузилганлик даражаси, боланинг ёши, нуқсонлар ўрнини тўлдиришга имкон берувчи қобилияти, тиббий-педагогик таъсир кўрсатиш, бола яшаётган муҳит ҳамда уни тарбия шароитларининг мавжуд аҳволи ва бошқа омилларга боғлиқ. Аномал болаларнинг маълум гуруҳи фақат психологик-педагогик таъсирга муҳтож бўлсалар, бошқа гуруҳлари уларга эса даволаш–соғломлаштириш тадбирларининг амалга оширилишини талаб этади. Ривожланишдаги нуқсонларнинг барвақт диагностика қилиниши маълум муваффақиятларга эришишнинг гаровидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |