Маънавий-ахлоқий тарбиянинг мазмуни. Маънавий-ахлоқий тарбия ва унга қўйиладиган талаблар бу жамиятда маълум ижтимоий-ахлоқий талабларга мос ахлоқий хислатларни шакллантириш мақсадида ўқувчилар онги, ҳиссиётлари ҳамда хулқига мувофиқ ва тизимли таъсир этишдир.
Маънавий-ахлоқий тарбия вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ўқувчиларда маънавий-ахлоқий онгни шакллантириш.
Уларда маънавий-ахлоқий ҳис-туйғуларни тарбиялаш ва ривожлантириш.
Ўқувчиларда маънавий-ахлоқий хулқ-атвор кўникма ва одатларини таркиб топтириш.
Маънавий-ахлоқий тарбия моҳиятига кўра инсон онгининг жамият билан алоқадорлиги, жамият олдида бурчли эканлиги, ўз хулқ-атворини жамият тараққиёти даражасига боғлиқлигини тушуниши, жамият томонидан тан олинган ахлоқий меъёр, идеал ҳамда талабларни бажаришда масъулиятни ҳис этиши, маънавий-ахлоқий билимларнинг эътиқодга айланиши ва бу эътиқодларнинг тизимлилиги, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ҳис-туйғу ва хислатларни шакллантириш, ўқувчилар томонидан маънавий-ахлоқий хулқ-атвор жамият аъзоларига бўлган ҳурмат-эътиборни намоён этувчи мезонлардан эканлигининг англаб етилиши, маънавий-ахлоқий одатларнинг шаклланиши ва бошқалардан иборат.
Маънавий-ахлоқий тарбия мазмунида миллий ва умуминсоний қадриятларни тиклаш масаласининг кун тартибига қўйиш заруриятининг юзага келганлиги муносабати билан туб ўзгаришлар юз берди.
Энг муҳим қадрият инсон омили ҳисобланади. Ҳаёт инсонга бир марта берилади, Шунинг учун ҳам миллий ва умуминсоний қадриятларда уни мазмунли, ўзгалар ва ўзининг ҳаёти маъносини англаган ҳолда ўтказиш кераклиги ҳақида кўплаб ривоят, ҳикмат ва панд-насиҳатлар мавжуд.
Бундан ташқари таълим муассасасида ўқувчиларга қадрият сифатида муносабатда бўлиш ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Зеро, таълим тамойилларида энг муҳим, асосий тамойиллардан бири таълимни инсонпарварлаштириш ва демократлаштириш бўлиб, унинг асосий моҳияти ўқувчи шахсига инсоний муносабатда бўлишни, таълим жараёнини эркинлаштиришни талаб этади.
Маънавий-ахлоқий тарбияда яна бир энг қимматли қадрият эркинликдир. Таълимни демократлаштириш билан бирга шахс эрки ва ҳуқуқини ҳурмат қилиш ривожланади. Бу эса ўз навбатида ўқувчи шахсида масъулиятни ҳис этиш, онгли интизомга риоя этиш кўникмаларини тарбиялайди. Шунингдек, втанпарварлик, халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик, мсъулиятни ҳис этиш, бурч, ор-номус, виждонлилик, тартиблилик, адолатлилик ва бошқа хислатлар тарбияси катта аҳамиятга эга.
Бугунги кунда жинсий тарбия, меҳнат тарбияси янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Соғлом турмуш тарзини таркиб топтириш, айниқса, зарурлигини кундалик ҳаёт тарзи янада яққол намоён этмоқда.
Текинхўрлик, наркомания, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, фаҳш, жоҳиллик каби салбий иллатлар ҳам ҳаётда учраб туради. Бу иллатлар инсоннинг ахлоқий қиёфасинигина эмас, балки ўзини ҳам емириб боради. Инсон ҳам маънавий, ҳам жисман ҳалоқ бўлади. Шу боис инсоннинг маънавий-ахлоқий тарбиясини ташкил этиш ижтимоий тарбиянинг бошқа йўналишларидан устун қўйилиши зарур. Бинобарин, маънавий-ахлоқий тарбия ёш авлод тарбияси билан боғлиқдир. Агар тарбиянинг бошқа йўналишларида муайян тарбия (масалан, жисмоний, ҳуқуқий ва бошқалар) у ёки бу тарбиявий тадбирлар тизимига асосланса, маънавий-ахлоқий тарбияда эса ҳар бир тарбияланувчининг ўзига хос хусусиятларини, шунингдек, тарбиявий вазиятни инобатга олган ҳолда, яхлит тарбиявий ишлар режалаштирилади ва унга мос метод ҳамда усуллар танланади.
Тарбиявий тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тадбирларни ташкил этишда маънавият, ахлоқ инсон онгининг шакли, инсон маданиятининг бир қисми эканлиги ҳақидаги тушунга эга бўлиш назарда тутилади. Маънавият ва ахлоқнинг моҳияти, унинг меъёрлари ва тамойиллари мазмунини тушуниш ўқувчиларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан фикр юритишларига имкон беради. Натижада улар ўзлари ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатларини ана шу нуқтаи назардан баҳолайдилар. Маънавий-ахлоқий тушунчалар, баҳолаш ва муҳокама юритиш асосида маънавий-ахлоқий эътиқод шаклланади ва ниҳоят инсон хатти-ҳаракати ва хулқи аниқланади. Маънавий-ахлоқий эътиқодга эга инсон ахлоқий меъёрлар, талабларни онгли бажаради ва уларга ҳурмат билдиради. Лекин маънавий-ахлоқий меъёрлар ҳақида билимга эга бўлиш ва уни тушуниш ҳали эътиқодни фаолиятга айлантиради деган гап эмас, маънавий-ахлоқий билимлар қачон ҳаётий тажрибаларда қўлланилиб, ўқувчилар томонидан уларнинг фаолиятида намоён бўлгандагина шаклланган дейиш мумкин.
Маънавий-ахлоқий тарбия тизимида маънавий-ахлоқий ҳис-туйғулар инсон томонидан, унинг ҳовеа-ҳодисалар, кишилар ҳамда ўз хулқига нисбатан ҳис-туйғуларни уйғотишга рағбат пайдо қилувчи тарбиявий ишлар тизимли ташкил этилгандагина самарали кечади. Мазкур тизимда хулқ-атворни шакллантиришга оид тарбиявий ишлар акс этади. Шунга кўра маънавий-ахлоқий хулқ-одобга доир хислатларни шакллантиришга ундовчи рағбат билан ҳосил бўладиган фаолият энг асосий бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, ўқувчида маънавий-ахлоқий хислатларни шакллантиришга нисбатан эҳтиёж бўлиши шарт. Демак, маънавий-ахлоқий тарбияни ташкил этиш жараёнида уюштирилувчи тадбирлар хулқ-одобга доир хатти-ҳаракатлар занжиридан иборат бўлади. Маънавий-ахлоқий хатти-ҳаракатлар эса ўқувчи томонидан ахлоқий меъёр ва тамойиллар моҳиятини ўрганиш, уларни англаб етишдан иборатдир.
Хатти-ҳаракатлар тизими маънавий-ахлоқий одатларни таркиб топтиради. Бу борада қуйидаги талабларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
маънавий-ахлоқий тарбия ахлоқсизликка қарши курашдаги «компания»га айланмай, мақсадга мувофиқ, узлуксиз, тизимли ва изчил амалга оширилиши зарур;
ўқувчиларда маънавий-ахлоқий хислатлар ва фазилатларни тарбиялаш фаол ҳаётий вазиятлар, ахлоқий меъёрлар бузилган ҳолатларда тарбияланувчиларнинг ўз нуқати назарларини ифодалашлари билан амалга оширилиши;
шахсда ўз идеалига интилишига бўлган ҳис-туйғуларини уйғотишга йўналтирилган хатти-ҳаракатларни ташкил этиш борасидаги кўникмаларни тарбиялаш;
маънавий-ахлоқий тарбияга доир ишларни тарбияланувчиларнинг тажрибаси, тарбия қоидаларини қабул қилишлари ва бунга тайёрликлари, яхши ва ёмон хатти-ҳаракатларнинг моҳиятини тушунишларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш;
тарбияланувчиларда юксак маънавий-ахлоқий сифатлар – инсонийлик, инсонга ҳурмат, меҳр-саховат, хушмуомалалик, ижтимоий муносабатларни ташкил этишда муомала маданияти ва ахлоқ қоидаларига риоя қилиш каби ҳолатларни таркиб топтириш;
фуқаролик маданияти, онгли интизом, жамоани ҳурмат қилиш ва бошқа жуда кўп маънавий-ахлоқий сифатлар – бошқларга ғамхўрлик қилиш, одамларнинг ғам-ташвиши, қувончини тушуна олиш, ўз манфаатидан ўзгалар манфаатларини устун қўйиш, ахлоқий меъёрлар ҳамда мавжуд қонунларга зид хатти-ҳаракатларни тўхтатаолиш, маълум хатти-ҳаракатларни амалга оширишда жамоа аъзоларининг фикри билан ўртоқлашиш, масъулиятни ҳис этиш кабиларга асосланиши керак.
Маънавий-ахлоқий тарбияни ташкил этишда ўқувчилар хатти-ҳаракатларида кўзга ташланадиган салбий одатлар – жамоа жойларида қаттиқ гапириш, қўпол сўзларни ишлатиш, ҳиссиётга берилиш, ўйламай гапириш, ишонли бўлмаган ҳамда, далиллар билан тасдиқланмаган воқеа-ҳодисалар ҳақида фикр юритиш, бошқаларнинг суҳбатини бўлиш, қўлини силкитиб гапириш кабиларнинг бартараф этиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Арзимас бўлиб кўринган, лекин шахснинг келажак ҳаёт ва ксбий фаолиятни ташкил этишда, муваффақиятга эга бўлиш йўлида, зарурли бўлган бу каби одатлардан ҳоли бўлишда ўқувчилрга ёрдам кўрсатиш ўқитувчиларнинг муҳим вазифаларидан саналади.
Do'stlaringiz bilan baham: |