Қўшимча адабиётлар
1. Абдуллаев А., Хонкельдиев Ш. Жисмоний тарбия назарияси ва методикаси. Тошкент., Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти, 2005 йил.
2. Ливисский А.Н. Мактабгача ёшдаги болаларни жисмоний тарбия назарияси ва методикаси Тошкент 1995 йил.
3. Саломов Р.С. Спорт машғулотининг назарий асослари-Тошкент., Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти, 2005 йил.
4. Гончарова О.В. Ёш спортчиларнинг жисмоний қобилиятлари ривожлантириш Тошкент., Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти 2005 йил.
5. Махкамжонов К.М., Туленов Х.Б. Жисмоний тарбия назарияси ва методикаси. Тошкент ТДПУ, 2001-2002 йил.
Интернет сайтлари
1. www.tdpu.uz
2. www.pedagog.uz
3. www.edu.uz
4. www.nadlib.uz (А.Навоий номидаги Ўз.МК)
5. http://ziyonet.uz — Зиёнет ахборот-таълим ресурслари портали
5-МАВЗУ: ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ НАЗАРИЯСИ БЎЙИЧА ОЛИБ БОРИЛАЁТГАН ТАДҚИҚОТ УСЛУБЛАРИ.
РЕЖА:
1. Илмий тадқиқотниинг назарий таҳлил ва умумлаштириш
усули.
2. Педагогик кузатиш илмий тадқиқот усули.
3. Математик ҳисоблаш илмий тадқиқот усули.
4. Педагогик кузатиш усулида хронометрлаш ва педагогик таҳлилнинг қўлланилиши.
5. Эксперимент турлари.
6. Суҳбат, интервью олиш ва сўровномадан фойдаланиш усуллари.
Жисмоний маданият жараёнининг илмий тадқиқотлари кўламига кўра соҳанинг фалсафий, педагогик, социологик, ижтимоий-иқтисодий, тарихий, тиббий, биологик ва бошқа қатор фанларига оид муаммолари бўйича олиб борилиши билан ажралиб туради.
Барча илмий фанлар каби жисмоний маданият назарияси ва услубиёти фани таълим-тарбия жараёнинг илмий-тадқиқотларини олиб боришда қатор илмий изланиш услубларидан - назарий таҳлил ва умумлаштириш, педагогик кузатиш, эксперимент (тажриба) ва математик ҳисоблаш, суҳбат, интервью, социологик тадқиқотлар – тарбия жараёнининг турли муаммоларини ўрганишда фойдаланилади.
Соҳа бўйича тадқиқотлар кўламининг кенгайиши, қўшма фанларнинг тадқиқот услублари, айниқса, физиология, антропология, биохимия, психология ва ижтимоий-тарихий йўналишларнинг изланиш услубларидан фойдаланиш эҳтиёжини юзага кел тирмоқда. Қайд қилинган тадқиқот услубларидан аввал илмий тадқиқот ишларининг хиллари билан танишсак.
Профессор Ф.А. Керимовнинг (2004) “Спорт соҳасидаги илмий тадқиқотлар” номли жисмоний маданият магистрантлари учун ёзилган дарслигида ҳозирги кундаги илмий тадқиқот ишлари маъруза, рефератлар, илмий мақола, тақриз, илмий рефератив шарҳ (обзор), тадқиқот иши (монография), магистрлик, докторлик диссертациялари, дарслик, ўқув қўлланмалари ёзиш тарзида олиб борилиши ҳақида маълумотларни берган. Тадқиқотларнинг якуни “Тадқиқот ҳақидаги ҳисобот” билан якунланиши уқтирилган.
Маъруза - белгиланган, танланган мавзунинг долзарблиги, ўрганилганлиги, илмий амалий моҳияти ва аҳамияти, хулоса, фойдаланилган адабийётлар рўйхатининг кетма-кетлиги тарзида ёзилади.
Реферат - илмий-тадқиқот ишининг дастлабки энг оддий тури бўлиб, унда уни ёзишга туртки бўлган изланиш муаммоси жиҳатлари қисқача ёритилади. Илмий тадқиқотларни бошловчилар учун реферат ўзига хос кучни синаб кўриш, тадқиқотларни бошлаш учун уринишдир. Фикр доирасини кенгайтириш, адабиёт материалларини мустақил таҳлил қилиш, умумлаштириш малакаларини шакллантиради.
Автореферат - рефератнинг хусусий бир кўриниши бўлиб, ўтказилган илмий ишга тавсиф - тадқиқот мавзусининг аниқ номи, ҳажми, тузилиши, ўтказилган тажриба, жадваллар, диограммалар, суратлар, иловалар, якуни ихчамлаштирилиб баён қилинади. Уларнинг тузилиши, мазмунининг ифодаланишига ихтисослаштирилган илмий кенгашлар томонидан тавсия қилинган низомларнинг талаблари асос қилиб олинади.
Илмий рефератив шарҳ оддий рефератнинг айтарли даражада мураккаблаштирилган тури бўлиб, уни ёзиш учун муайян тажрибага эга бўлишлик талаби қўйилади. Бундай шарҳларнинг ўз хусусиятлаидан келиб чиқиб қуйидаги турларига кўра фарқланади:
- журналлар ёки илмий тўпламларнинг рефератив шарҳи;
- муайян мавзу ёки илмий муаммо бўйича адабиётларнинг илмий шарҳи;
- илмий конгресслар, йирик илмий ажуманлар материал ларининг шарҳи. Шарҳлаш тадқиқотчига илмий адбий манбаа устида ишлаш, фикрлаш, мулоҳазаларини ўртоқлашиш, ижобий,танқидий ёндошиш малакаларини беради.
Илмий мақола тадқиқотчининг жисмоний маданият, жисмо ний тарбия ва спортга оид тадқиқотидаги ривожлан тирилаётган муайян мулоҳазалари ва илмий фикрларининг ҳажман чегара ланган илмий асаридир. Ундаги ҳар бир ғоя ўзининг базавий асосига эга бўлиши, муаммонинг назарий ва услубиётининг мунозарали масалаларини очиб бериши, асослаши, ахборот тарзида умумлаштириши ҳам мумкин.
Монография – юнонча сўз бўлиб, “монос” якка, ”графо” ёзаман деган маънони беради. Битта мавзу ёки муаммо ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг бир ёки бирнеча муаллиф томонидан якка ёки ҳамкорликда ўрганилган мавзуга доир манбалар, тарихий материаллар, шахсий, ҳамкорликдаги куза тувларнинг натижалари, фойдаланилган адабиётларнинг библиографик кўрсаткичлари, бажарилган иш, унинг гипотезасининг исботига оид илмий, назарий фикрлар баён қилинадиган илмий ёки назарий асардир. Монография муаллифига (муаллифларига) алоҳида талаблар қўйилади.
Диссертация – лотинча сўз, мулоҳаза, тадқиқот деган маънони ифодалайди, магистр академик даражаси ва фан доктори илмий даражасини олиш учун якунланган илмий тадқиқот ишини соҳанинг махсус илмий кенгашида ҳимоя қилинганди, сўнг, унинг қарори асосида ДАК қайд қилинган илмий даражаларни берилганлигини эълон қилади.
Тақриз – лотинча сўз бўлиб, ”кузатиш”, ”текшириш” деган маънони беради. Ёзма шаклдаги мақола тарзида илмий мақолалар, монография, дарслик, диссертация, илмий ишлар ёки илмий анжуманлар учун тайёрланган мақолалар ва бошқалар таҳлилининг сиқиқ ҳажмдаги ифодасидир. Тақризчи муаллиф тадқиқоти бўйича янгиликлари, аҳамиятга молик фикрлари, ишнинг ғоявий – назарий даражаси, илмий қимматини очиш, баҳолаш билан бирга, тадқиқотнинг қимматини ошириш учун эътибордан четда қолган томонларини ҳам очиб бериши лозим.
Жисмоний маданият назарияси ёки ҳар қандай фан йўналиши бўйича олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ўрганилаётган муаммо бўйича адабиёт материалларини назарий таҳлил қилиш ва умумлаштиришдан бошланади.
Маълумки, назарий таҳлил ва умумлаштириш муаммонинг ўзаги, ҳозирги кундаги ҳолати, уни адабиёт материалларида ёритилганлиги даражасини ўрганиш учун қўл келади. Ҳозирги кундаги чоп этилаётган адабиёт материалларини ҳажми катталиги учун уларни тўлиқ ўрганиб чиқиш жуда қийин. Чунки олиб борилаётган тадқиқотларнинг якуний натижаларининг ўзи ҳар 4-5 йилда яна бир неча борага кўпаяётганлиги ҳозир сир эмас. Бундан ташқари тадқиқотлар ҳақидаги илмий журналлардаги мақолалар, интернет маълумотлари ҳажмининг бир неча маротаба кўпайиши тадқиқотчининг вақт бюджетига таъсир қилмоқда. Ҳозирги кун амалиётида синалган, ўзини оқлаган, тадқиқотчига яқин ёрдамчи саналган фан - “библиография” тадқиқотчининг вазифасини бироз енгиллаштирмоқда.
Библиография нашр қилинган адабиётларни тартибга солади ва рўйхатини тузиб чиқади. Ретроспектив услуб орқали уларни системага солиб маълум даврга оид адабиётларнинг илмий йўналиши бўйича янгиликларига қисқа изоҳ беради.
Бундан ташқари, тадқиқотчи “библиографик тавсифнома”дан ҳам фойдаланади. Тавсифнома нашрдан янги чиққан адабиётлар учун ёзма равишда ёки реферат сифатида - илмий иш натижасини қисқартирган ҳолда матнини тайёрлайди, унга изоҳ беради.
Тадқиқотчининг илк фаолияти библиографик изланишлардан иборат бўлиб, ўрганилиши ёки тадқиқ қилиниши лозим бўлган муаммонинг фарази, ундан юзага келиши мумкин бўлган ноаниқликлар, қарама-қаршиликлар устида назарий бахс, қиёслашлар қилиш имконига эга бўлади.
Назарий таҳлил ва умумлаштиришнинг яна бир услуби ҳужжат материаллари устида ишлашдир. Жисмоний тарбия жараёнининг мазмун, ташкилий томонлари асосан машғулотлар учун тузилган режалар, уларни амалга ошириш учун дастурлар, ишчи дастурлар, машғулотларнинг технологик хариталари, машғулот (дарс) ларнинг конспектлар, мураббийлар, тарбиячи ёки ўқитувчиларнинг кундаликлари, ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик ҳисоботлар ва шунга ўхшашларда ифодаланади.
Албатта, улар жисмоний тарбия амалиётининг машғулотларини назарда тутган ҳолда тузилади, ёзилади. Уларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш орқали тадқиқотчида кутилмаган илмий фаразлар, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар ёки уларнинг ечимига оид натижалар, хулосаларни ўрганиш имконияти юзага келиб қолиши мумкин. Масалан, жаҳоннинг кучли спортчиларини тайёрлаш ва уларнинг катта спорт натижаларига эришишдаги шуғулланиш режаларини солиштириш, малакали спортчиларнинг кунда ликлари, ҳафталик, ойлик, йиллик жисмоний юкламаларнинг ҳажми, миқдори, бажариш интенсивлиги ва бошқалар тадқиқотчига изланишлари учун манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Илмий тадқиқот учун мусобақа материаллари, уларнинг ҳисоботлари, кўп йиллик тренировка машғулотларининг ҳужжатлари, уларнинг натижаларини таҳлилий ўрганиш ҳам илмий тадқиқотлар объекти бўлиб хизмат қилади.
Илмий мақсадда тузилган турли хилдаги социологик сўров анкеталари, уларни қайта ишлаш орқали олинган натижалар, якуний хулосалар ҳам ҳужжат материаллари бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тадқиқотчи қўллаётган бу услубиётнинг ижобий томони шундаки, изланувчининг ўзи тадқиқотда айнан иштирок этмайди. Тадқиқ қилинувчиларни тадқиқот ўтказилишидан хабардорлиги, тадқиқот натижасига салбий таъсир қилиши тадқиқотлар ўтказиш амалиётидан маълум.
Ҳаётдаги оддий кузатишдан фарқли ўлароқ, тадқиқот олиб боришда фойдаланиладиган бу услубиёт кузатиш предметини аниқ ажратиб ўрганади, кузатилаётган ва ундан кутилган, аниқланган далилларни тезлик билан ҳисобга олиб, лозим бўлган тизимга солади, қайта ишлайди ва уни изланиш жараёнида қўллаши осон кечади. Махсус баённомалар, ёзувдаги шартли ифодалагичлар тадқиқот жараёнининг кечишини осонлаштиради.
Барча илмий кузатишлар натижаси кузатувчининг шахсий қобилиятигагина боғлиқ бўлмаслиги лозим, чунки ўрганилаётган далиллар, уларни натижалари кўпчиликда турлича фикр ҳосил бўлишига олиб келади.
Бу услубиётнинг қулай томони шундаки, бир вақтнинг ўзида бир неча кузатувчи бир объектни кузатиши ва натижаларни солиштириб объектив хулоса чиқариш учун имконият яратади. Педагогик кузатиш илмий тадқиқот услубининг тадқиқотчига қулайлик туғдирувчи ижобий томонларидан бири шундаки, жараёнга техник воситаларни қўллаш, улардан фойдаланишни йўлга қўйишнинг мумкинлигидир.
Кузатиш жараёнида содир бўлган баҳсли, мунозарали ҳолатларни олинган фото сурат, киносёмка, видео, магнит тасмаси ёзуви ва бошқалар орқали қайта кузатувларни ташкиллаб бахсли, мунозарали хулосаларга лозим бўлган тузатишларни қилиш мумкин булади. Энг муҳими, хулосаларнинг объективлигига эришишнинг мумкинлиги, ҳаракатларнинг ижросидаги камчиликлар ёки янгиликларни такрорий кўриш имконини мавжудлигидир. Лекин қатор спорт турлари, ҳаракат фаолияти ва ҳаракат актини баҳолашда баҳслар, мунозаралар қилишга тўғри келади. Хулосалар субъектив бўлиб якуний хулоса натижасига салбий таъсир қилиш ҳоллари ҳам учрайди.
Ҳозирги замон жисмоний маданият назариясида ҳаракат ларнинг ижроси, бажарилишидаги айрим далиллар ва улар ҳақидаги хулосаларда ноаниқликка йўл қўйилиши кузатилади. Масалан, бадиий гимнастика, акробатика, сувга сакраш, фигурали учиш ва бошқаларда ҳаракатни ифодаланишининг баёни фақат кўз билан баҳоланади. Қатор ҳакамларнинг ҳар бири ўз фикрини субектив холатда ўзича баён қилади, умумий хулоса умумлаштирилиб, сўнг якуний баҳолар қўйилади. Педагогик кузатиш услубиёти тадқиқотчи ёки кузатувчидан ўта кучли салоҳиятни талаб қилади.
Педагогик кузатиш илмий тадқиқот услубида нисбатан кенг фойдаланиладиган услублардан бири, натижани аниқ ҳисобга олиш услубиётларидан бири хронометрлашдир. «Хроно»-вақт, «метр»-ўлчов демакдир. Бунда ҳаракатни бажариш учун сарфланган вақтга қараб натижа таҳлил қилинади. Масалан, 800 метрга югуришда ҳар бир 100 метр учун сарф бўлган вақт ёки дарс, тренировка машғулотининг бошидан охиригача машғулот зичлигини аниқлаш мақсадида машғу лотнинг асосий вақтисамарасига баҳо бериш учун хрономерлашдан фойдаланилади. Педагогик кузатиш усулидан ҳозирги пайтда умумтаьлим мактабларда кенг фойдаланиб келинади, дарснинг педагогик таҳлили ва дарснинг умумий ва матор зичлиги дарсда ташкил этилиб, ўқувчиларнинг ҳаракат фаолиятлари баҳоланади. Бунда асосан педагогик кузатишнинг назарий жихатдан дарс бошланиши ва тугалланиши ҳисобга олиниши лозим бўлади.
Педагогик кузатиш усули спорт мусобақаси ва машғулот жараёнида спортчи рухий сифатларини кузатиб бориш билан бирга, спортчи психикасини характерловчи зарурий матерялларни кўпроқ йиғишдан иборат. Педагогика фанида кузатиш услуби: обектив (ташқи), ҳамда субектив (ички) кузатишдан иборат икки қисмга ажратилиб ўргатилади. Кузатиш услуби воситасида қуйдаги жараёнлар ўрганилади.
1. умумий мақсада ва вазифаларни белгилаш;
2. кузатиш обектини танлаш;
3. спортчининг қайси томонларини кузатиш ҳақида мақсад ва вазифаларни белгилаш:
4. спортчининг машқ ва мусобақа жараёнида қайси томонларини кузатиш обектини танлаш;
5. кузатишсубекти синалувчи спортчини аниқлаш;
6. кузатиш муддати вақтини белгилаш;
7. спортчини изчил ва мунтазам кузатишга эришиш, яни ҳар хил фаолият турлари, жумладан мусобақада, спорт тренировкаларида шунингдек ақлий ва жисмоний меҳнатга бўлган муносабатини кузатиш;
8. индивидуал ёки спорт гуруҳларини ёппасига кузатиш;
9. кузатиш маҳсулини қайд етиб боришда кундалик, суҳбат дафтари, кузатиш варақаси, видиокамера ва магнитафон воситаларидан фойдаланиш.
Кўпинча тажрибада психолог, ўқитувчи, педагог ва мураббийлар ўз – ўзини кузатиш орқали тўпланган маьлумотларга асосланган ҳолда ўзгалар фикр юритишини таҳлил қилиш билан чегараланмасдан, спортчининг ташқи (обектив), ички (субектив) ҳаракатлари, хулқ атвори ҳақида ҳам илмий ҳулосалар чиқариш имконятига ега бўлади. Масалан спортчини кузатиш орқали ундаги эмоционал ўзгаришларни аниқлашдан ташқари, спортчининг мусобақалардаги хавфли вазифаларда ақл – заковатининг ички механизмлари вужудга келиши ва кечиши юзасидан маьлумотлар олинади ва шундай ташкил этилади.
Ҳозирги кунда ўтказилаётган илмий-тадқиқотларнинг натижаларини ишончлилигини аниқлаш, уларни қиёслаш, тасдиқлаш ва бошқаларда фанларнинг барчасида тадқиқотларнинг математик ҳисоблаш услубиётларидан кенг фойдаланилмоқда.
Атрофимизни ўраб олган воқеа-ходисалар, ҳар қандай жараёнларнинг икки томони – сифат ва миқдор томони мавжуд. Маълумки, математика воқеларнинг абстракт шаклдаги миқдор томонини ўрганади. Шунинг учун ҳам математик услубиётлардан фойдаланишдан воз кечиш тадқиқотчини масаланинг фақатгина бир томонини – сифат томонинигина ўрганишга, бошқачасига айтганда, уни тўла ўргана олмасликка маҳкум этади. Тадқиқотга бундай ярим-ёрти ёндашиш орқали ўрганиладиган, тадқиқ этиладиган муаммони аниқлаш, мақсадни белгилаш этапидагина йўл қўйилиши мумкин. Лекин тадқиқот жараёнини олиб боришда ҳали аниқланмаган, воқеаларнинг сони, сифати ва бошқа барча томонлари, жумладан, миқдор томонларини ҳам тадқиқ этиш муаммоси туради.
«Фан математикадан фойдаланишга муяссар бўлгандагина ўзининг такомилига етади» - деган эди Пол Лафарг. Шунга кўра жисмоний маданият назариясининг тадқотларида кейинги йилларда математика фанларидан фойдаланилмоқда, лекин ҳозирги пайтда асосан математик статистика илмий тадқиқот жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Математик статистикадан биология масалаларини ҳал этишда ўзига хос равишда қўлланилиб, беометрия ёки вариацион статистика орқали якуний натижалар, хулосалар қилинмоқда ва тасдиқланмоқда.
Тадқиқот натижасида олинган материалларда унинг сон ва миқдор жиҳатлари мужассамлаштирилади. Рақамлар, кўрсаткич ларнинг аниқлиги тадқиқотчига математик жиҳатдан тўғри ва аниқ фикрлар, мулоҳазалар қилишга, тадқиқот жараёни бўйича таққослашларда, умумлаштиришларда аниқ хулосалар чиқаришга ёрдам беради.
Агарда сузувчилар ёхуд баскетболчиларнинг экспериментал ва назорат гуруҳларини йиғиб, улар билан куч талаб қиладиган машқлар билан шуғлланиш машғулотларининг самарадорлиги тадқиқ қилинса, шуғулланувчиларнинг жинси, ёши, спорт маҳорати даражасига қараб, назарий фикрларни амалдаги ҳолати ҳақида аниқ маълумотлар тайёрлаш мумкин. Шунинг учун математика фанининг математик статистикаси жисмоний маданият назарияси ва услубиёти ҳамда қатор спорт фанларининг назарияси ва услубиётида илмий амалий масалаларни ижобий ҳал қилиш, ўқув тарбия ва спорт тренировкаси жараёнини такомиллаштиришда қайд қилинган илмий тадқиқот услубиёти муҳим аҳамият касб этмоқда.
Илмий тадқиқот услубиётлари доимий бўлмай, улар ўз ўринларини янги ва прогрессив тадқиқот услубиётларига бўшатиб беради. Барча фанлар қатори жисмоний тарбия фанининг ривожи кўп жиҳатдан илмий тадқиқот услубларининг ривожланганлиги билан боғлиқдир.
Математик методларда тажриба - синов материяллари тўплангач, таьсир этувчи далиллар асосида ўрганиладиган кўрсаткичларнинг ўзгаришидаги индивидуал натижаларга оид хулосаларнинг тўғрилигини аниқлаш мақсадида математик жиҳатдан қайта ишлаш керак. Математик қайта ишлаш маьлумотлари диаграммалар ва график ҳолда келтириш мумкин бўлади. Математик ҳисоблаш илмий тадқиқот методида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида синалувчилар гуруҳли ёки якка тарздаги спорт турлари асносида амалга оширилади. Математик ҳисоблаш илмий тадқиқот методида синалувчиларнинг антропометрик кўрсаткичларини яьни бўйи, вазни, кўкрак қафаси кенглиги ва бошқа тана ўлчамлари ҳисобга олинади. Математик ҳисоблаш методи орқали жисмоний тарбия ва спорт соҳасида шуғулланувчиларнинг қандай жисмоний ҳолатга эга эканлиги яьни жисмоний сифатлар қандай ҳолатда экани ( актив ёки пассив) холатдалиги хам синалади.
Математик ҳисоблаш методи ёрдамида Фарғона давлат университети чақириққача ҳарбий таълим факультетининг I-IV босқич талабаларининг жисмоний тайёргарлиги аниқланди.
Чидамлилик каби жисмоний сифат 3000 м. масофага кросс югуриш бўйича аниқланиб, уни баҳолашда турли хил йўналиш кузатилди, бу ерда биринчи босқичга ўқишга кирган талабаларнинг натижаси ўртача 12,9±1,8 мин.ни ташкил этди, иккинчи босқичда эса ўртача натижа 12,5±1,4 мин.га тенг бўлди, бу 4,7%ни ташкил этди (t=4,2), учинчи босқичга келиб у анча ёмонлашди ва 13,0±1,7 мин. қийматга етди (5,2%) (t=2,3). Тўртинчи босқичда эса ишончсиз яхшиланди - 13,3±2,7 мин. (t=4). Бунда тўртинчи босқичга келиб вариация коэффициенти кўрсаткичларининг 8,6 дан 19,9% гача атрофида ошиши кузатилди.
Ҳаракат сифати - чаққонликни ифодаловчи 10х10 м.га мокисимон югуриш натижалари шуни кўрсатдики, биринчи босқич талабаларида ўртача натижа 25,9±1,8 сек.ни ташкил қилди ва кейинчалик таълим босқичлари бўйича кўрсаткичларнинг яхшиланиб бориши кузатилди, учинчи босқичда вариация коэффициентининг ҳар томонлама ўзгариши аниқланди, у 21,7%га етди.
Турган жойидан узунликка сакраш тести кўрсаткичлари бўйича тезлик-куч тавсифларини таҳлил қилишда аниқландики, ўртача қийматлар I босқичдан III босқичгача ўсиб боради. Агар талабалар биринчи босқичда 2,3±0,3 м. натижа кўрсатишган бўлса, кейинчалик натижа 10 см.га яхшиланди (t=2) ва IV босқичда 2,1±0,4 см.гача пасайди, биринчи босқич талабалари кўрсаткичларига нисбатан 9,8%ни (t=2) ташкил этди. Битирувчи талабаларда IV босқичга келиб тезлик-куч тавсифларининг пасайиши вариация коэффициенти кўрсаткичларида ҳам яққол ифодаланди, 26,2% гача ошди.
Айтиш жоизки, талабаларда тезлик-куч имкониятларининг ўқув йиллари бўйича қиёсий таҳлили жиддий ўзгармайди ва бутун ўқув цикли давомида қониқарли даражада қолади.
Ётиб таяниб, қўлларни букиб-ёзиш тестида I босқич талабалари ўртача 26,0±5,9 марта натижага эга бўлдилар, куч имкониятлари II босқичга келиб 1,1 маротаба ортди, бироқ III босқичда бу маълумотлар 24,4±4,4 мартага пасайди, IV босқичга келиб эса унинг 23,8±4,9 мартагача кескин пасайиши аниқланди, 22,7% фарқни (t=6,2) ташкил этди.
Эътироф этиш керакки, биринчи ва иккинчи босқич талабаларида куч сифатлари кўрсаткичларининг аниқланган барқарорлашуви ва унинг III босқичга келиб яхшиланиши талабаларда оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилинаётган атлетик гимнастика билан шуғулланишга бўлган қизиқиш ошганлигини кўрсатади.
Универсал ҳисобланган турникда тортилиш тести деярли барча тест вазифаларида бўлиб, текширилаётганларнинг куч имкониятларини ифодалайди. Қуролли Кучлар сафида хизматдан қайтган ва чақириққача ҳарбий таълим факультетига ўқишга кирган йигитлар ўртача 12,6±2,4 марта тортилган бўлсалар, иккинчи босқичда натижа бир оз - 13,3 мартагача яхшиланди ва учинчи босқичда 12,8 мартага ошди, мос равишда 4,6% ва 6,1%ни ташкил этди.
IV босқичда талабаларнинг куч имкониятлари анча пасайганлиги кузатилди - 12,8 мартагача, бу ерда фарқ ўртача 21,9%ни ташкил этди. Бу битирувчи босқичларда ўқув жараёнида талабаларнинг куч тайёргарлигига эътиборнинг камайганлигидан далолат беради. Мана шундай усулда математик ҳисоблаш усули амалга оширилади. Бунда Фарғона давлат университети чақириққача ҳарбий таьлим факультети талабалариниг умумий жисмоний тайёргарлик ҳолати аниқланиб берилди, бу метод орқали талабаларнинг жисмоний ҳолати ташкил этилди.
Спорт соҳасида педагогик кузатиш услуби ёрдамида спортчининг жисмоний, руҳий ҳолатларини фақат тасир этиш имконига эга бўлиш билан бирга, спортчига руҳий ҳолатни тушинтириш, яни спортчининг спорт машғулотлари юкламаларини бажариш ҳолатига, спорт мусобақаси жараёнида пайдо бўладиган хавотирланиш, ташвишланиш, ўз имконятига ишонмаслик, спортчининг фаолият ҳарактерига, организмнинг умумий ҳолатига ва асаб тизимининг ишлаш ҳусусиятларига боғлиқ эканлигини педагогик кузатиш методи ёрдамида ўрганилади. Мураббий таьлим ва тарбия жараёнида спортчиларнинг ёш ва индивидуал психик хусусиятларини текшириб ўрганишда педагогик кузатиш методидан фойдаланса бўлади ва қийинчиликлар барҳам топади.
Педагогик кузатиш методининг ижобий томони шундаки, бу метод ёрдамида спортчининг спорт фаолияти уларнинг спорт мусобақаларида рўй берадиган ўзгаришларида ҳамда, спортчиларнинг кундалик спорт машғулоти жараёнида қандай рўй берса, ўшандай ҳолда ўрганилади. Аммо бу методдан фойдаланганда баьзи бир қийинчиликларни учратишга тўғри келади, масалан бу ерда тадқиқотчининг текшириши учун қайси жисмоний ҳолатларнинг юзага чиқиши керак бўлса, ўша ҳодисалар юзага чиққан спортчиларни қидиришга ёки бирон спортчида, базан тадқиқотчининг ўзида шу ҳодисаларнинг юзага чиқишиникутиб туриш керак бўлади.
Спортчининг ўз – ўзини кузатиш йўли билан субектив равишда кўнгилдан кечаётган фактларни аниқлаш, тасвирлаш мумкин, лекин уларни ҳар томонлама тушинтириш мумкин эмас. Тадқиқотчидан ўз – ўзини кузатиш методини илмий асосда тадбиқ этиш учун махсус тайёргарлик керак, албатта. Илмий тадқиқотлардан биронтасини ҳам махсус тайёргарликсиз олиб бориш мумкин эмас.
Машғулот, дарс вақтидан самарали фойдаланиш ёки дарс вақтини фойдали иш учун сарфлаш жараёнини дарс зичлиги деб аташ қабул қилинган.
Демак дарснинг самарадорлигини кўрсаткичларидан бири унинг зичлигидир. Дарсни зичлигини тўлиқ ёки уни қисмларидаги зичликни алоҳида ташкиллаш, бошқариш, аниқлаш мумкин. Бу дарснинг тайёрлов, асосий, якунлов қисмларидаги ўқув ишларини ташкил қилиш учун шароитини ташкиллаш билан боғлиқ, аксарият ҳолатларда шароитни талаб даражасида эмаслиги зичликнинг турлича бўлишига сабаб бўлади.
Дарс ёки унинг қисмлари учун сарфланган вақтни 100 % деб қабул қилинади ва дарсда ўқувчилар вақтини фойдали иш учун, ўқитувчининг дарс материалини тушунтириши, ўқувчиларни қайд қилинган фаолиятларнинг ҳар иккисига сарф ламай бўш қолган вақтлари деб чегаралаб алоҳида компонент сифатида ажратиб таҳлилда фойдаланилади.
Дарс ўрганиладиган, мустаҳкамланадиган, такомиллаштириладиган материалга бой бўлиб, уларни ўқувчиларга ўқитишни зич ташкиллаш билан дарснинг зичлиги юқори ёки паст бўлди деб баҳоланади.
Умумий (педагогик) зичлик ва ўқувчиларни ҳаракатга солувчи мотор зичлиги деб номланади ёки умумий ва мутлоқ зичлик деб икки хилга ажратилади.
Дарснинг умумий зичлиги деб - дарс учун сарфланадиган умумий вақтдан ўқитувчини педагогика нуқтаи назаридан рационал фойдаланиш ва дарс учун ажратилган вақтни фойдали иш учун унумли сарфлаш тушунилади.
Бошқачасига айтганда дарс вақтини иложи борича фойдали иш учун сарфлаш, фойдали ишнинг зичлиги машғулот ёки дарс зичлиги деб тушинилади.
Умумий зичликни аниқлашда ўқитувчининг дарс материалини кўрсатиши ва тушинтириши, ўқувчиларни ўқитиладиган машқларни бажариши - фойдали иши деб ҳисобланади. Уларни ишга жалб қилишдан олдинги зарур бўлмаган туриб қолишлар, ўқувчиларни бажариши лозим бўлган топшириқни бажармай бошқа фаолиятларга чалғиши ва бошқалардек вақтнинг фойизи аниқланиб зичликка баҳо берилади.
В.Ф. Новосельский (1989) нинг фикрича ҳозирги замон жисмоний маданият дарслари давомида қуйидаги омиллар ва тадбирларни педагогика нуқтаи назаридан мақсадли қўллаш орқали юқори даражали умумий зичликга эришиш тарбия амалиётида кузатилмоқда. Улар қуйдагилар:
1) ўқувчиларни уюштириш, уйга берилган вазифани ижросини текшириш, дарсга вазифа қўйиш, эълон қилиш;
2) назарий маълумот бериш (ўқитиладиган материал ҳақидаги назарий фикрлар) ва уларни мустаҳкамлаш;
3) қомат учун машқлар, ҳаракатда эмоционал ҳолатни кўтариш, умумий ривожлантирувчи машқларни ўтказиш (бажартириш);
4) инструктаж ўтказиш, бошқариш, коррекциялаш (хатоларни тузатиш), ёрдам, хавфсизликни олдини олиш;
5) жиҳозларни тайёрлаш ва йиғиштириш, ўқувчиларни дарсда лозим бўлган даражадаги ўрин алмаштиришларини ўтказиш;
6) жисмоний машқлар техникасини ўзлаштириш, мустаҳкамлаш, такомиллаштириш, жисмоний сифатларни ривожлантириш;
7) ўқувчиларни услубиётлар нуқтаи назарида тайёрлаш, мустақил шуғулланишни уддалашга ўргатиш, ташкилотчилик малакаларини бериш;
8) таълим жараёнини мотивлаш ва унда ўқувчиларнинг иштироки;
9) машқларни кўрсатишда кўргазмалилик: воситали ва воситасиз – кўрсатишда ўқитувчининг айнан иштироки, ёрдамчиларидан - йўриқчилардан фодаланиш;
10) педагогик назорат;
11) дарсда тарбиявий иш;
12) якун ясаш, мускулларни бўшаштирадиган машқларни бажариш, уйга вазифа бериш ва бошқалар дарс зичлигига таъсир этувчи омиллардир.
Дарснинг умумий зичлигини (ДУЗ) ёки унинг қисмларини зичлигини аниқ лаш учун ўқувчиларнинг актив “фаол” ҳаракатларига (ФҲ)га сарфланган вақти умумлаштирилади. Бунга (tфх) дарсда жисмоний машқларни бажариш учун сарфланган вақт, эшитиш, кузатиш ва дарсни ташкиллаш, ўзини оқламайдиган кутишлар ва ўқувчиларни бекор қолиши учун сарфланган вақтдан бошқа барча холатлар “хронометр”ланади.
“Хроно” – вақт, “метр” – ўлчов маъносини берадиган лотинча сўз бўлиб, тахлилчилар гуруҳидагилардан бир нафари ўлчаш – хронометрлашни йўлга қўяди.
Хронометрловчи дарс бошланишига қўнғироқ чалиниши билан секундомерда дарс мазмунидаги юқорида қайд қилинган компонентларни – дарсдаги фойдали иш (И) ни, ўқитувчининг дарс материалини ўқувчиларга тушинтириш (Т) – ўқувчиларни эшитиши, уларга тушинтириш учун сарфланган вақтни ҳамда дарс давомида ўқувчиларнинг дарс материалини ўрганиш, ўзлаштиришга сарфламай бўш (Б) қолган вақтини ҳисоблаб баённомада қайд қилади. Хронометрловчининг баённомасининг матнини навбатдаги саҳифада бердик. Бу вақт (tфх) 100%га кўпайтирилади ва дарснинг “умумий” “вақтига” tу бўлинади.
Тўлақонли жисмоний маданият дарсининг умумий зичлиги 100 % га яқин бўлиши лозим. Умумий зичликнинг фойизини камайишига қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
- ўзини оқламайдиган дарсдаги бесамарвақт ўтказишлар (дарсни кеч бошланиши, ўқитувчини кеч дарс бошлаши, машғулот жойини, жиҳозларни дарсда фойда ланиш учун тайёр эмаслиги, ўқувчиларни дарсга кеч қолиши ва х.к.лар) ўқувчиларни навбат кутиши ва бошқалар орқали содир бўладиган ўқувчиларни бўш қолиши;
- ўқитувчини дарсга тайёр эмаслиги, дарсни ташкилланиши ва мазмунини ўйламаслик орқасидан содир бўладиган паузалар;
- дарсда ўқувчилар учун ортиқча ва самараси оз бўлган сўзлар орқали бериладиган ахборотларнинг айтарли ортиқчалиги учун кўп вақт сарфланиши;
- шуғулланувчилар интизомини қониқарсизлиги, буйруқ ва кўрсатмаларни кўп маротабалаб такрорлашлар, ўқувчиларга бериладиган огоҳлантиришлар, такрорий тушинтиришларда вақтдан норационал фойдаланиш сабаб бўлади ва ҳ.к.лар.
Дарснинг мотор зичлиги (МЗ) – бу дарснинг умумий давомийлигига нисбатан ўқувчиларнинг дарсда айнан ҳаракат фаолиятининг активлиги учун сарфлаган соф вақтидир.
Мотор зичликни аниқлашда машқларни бажариш учун сарфланган соф вақт (tев) ҳисобланади. tев 100 % кўпайтирилиб, дарснинг умумий вақтига (tумум) бўлинади.
Педагогик таҳлил - умумий ва қисман ёки махсус таҳлил деб бири иккинчисидан фарқланади.
Дарснинг умумий педагогик таҳлили деганда тахлил қилинаётган дарснинг зичлиги, шу дарсдаги жисмоний юкламани бошқарилиши ва дарснинг мазмунига кирувчи ўқув тарбия компонентларини умумлаштириш орқали ўқитувчининг ва ўқувчиларнинг дарсдаги фаолиятини баҳоланиши тушунилади.
Умумий тахлилда мактабнинг педагогик жамоаси вакиллари, мактаб илмий бўлим мудири ёки мактаб директори ва таҳлил учун таклиф қилинган шу ўқув фанининг мутахасислари (бошқа мактаб жисмоний тарбия ўқитувчилари) иштирок этишлари ҳам мумкин. Қайд қилинганларнинг иштироки билан умумий таҳлил жараёнини йўлга қўйиш дарснинг сифатига ёки ўқитувчининг фаолиятига тўлиқ умумий баҳо бериш имкониятини яратади.
Биз қуйида жисмоний маданият дарсининг педагогик таҳлилининг мақсади, таҳлилда ёритилиши лозим бўлган масалалар, таҳлилчини дарс бошлангунча бажарадиган ишлари, ўқувчи фаолиятини ташкил қилиш услубиётлари ва унда ўқитувчининг раҳбарлик роли ва бошқалар ҳақида қисқача маълумот беришни лозим кўрдик.
Жисмоний маданият дарси таҳлилидан мақсад:
- мактаб ўқитувчисининг иш фаолияти билан танишиш ва тажриба алмашиш;
- мактабда жисмоний маданият фанини ўқитилишининг ҳолати ва ўқувчиларнинг жисмоний маданияти даражаси, унга оид умумий назарий билимлари, амалий ҳаракат малака ва кўникмаларни шаклланганлигини ўрганиш;
- мактабнинг оммавий жисмоний маданияти, ўқувчиларнинг соғлом турмуш тарзи жисмоний маданияти, уларни ва соғломлаштириш жараёни, мактабнинг оммавий спорт ишлари, уни бориши, бошқарилишининг таҳлили;
- илғор иш тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш ва унинг тарғиботини йўлга қўйиш ва бошқалар.
Таҳлилчи учун дарсни кузатиш ва таҳлил натижаларини қайд қилиш осон кечмаслигини эътиборга олиб ҳозирги кун жисмоний тарбия жараёни амлиёти олдиндан тайёрланган саволлар, карточкалар, жадваллар ва бошқалардан фойдаланишни тавсия қилади.
Бундай усллардан фойдаланиш таҳлилдаги юзакиликни олдини олади, дарсни туб мазмун, моҳиятини тўлиқ очади, белгиланган вазифаларни услубий жиҳатдан ҳал қилинишини тўғри баҳолаш имконини беради.
Жисмоний маданият дарсини таҳлилида ёритилиши лозим бўлган масалалар.Улар тахминан қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
- ўқитувчи ва ўқувчиларнинг дарсга тайёрлиги;
- дарснинг мазмуни, ташкил қилиниши, ўтказилиши ҳамда унинг кириш, тайёрлов, асосий ва якунлов қисмларига алоҳида баҳо бериш;
- ўқитувчининг ва ўқувчининг дарс давомидаги фаолиятини баҳолаш;
- дарснинг ташкилий дақиқасини уюштириш маҳорати, қўлланилган иборалар, атамлардан фойдаланиши, нутқи, муомала маданияти;
- дарс конспекти матни, синиф журнални юритилиши;
- дарснинг таҳлилини якуний матнида ўқитувчига лозим бўлган истак, тавсия ва кўрсатмалар.
Таҳлилчининг дарси бошлангунча бажарадиган ишлари:
- синфнинг педагогик характеристикаси, ўқувчиларнинг ёши, жисмоний ривожланганлиги, жисмоний тайёргарлиги кўрсаткичлари, соғлигининг ҳолати, фанни ўзлаштириш даражаси, дарсдаги давомат синф журнали асосида ўрганилади;
- ўқитувчининг умумий ҳамда касбий иш стажи ҳақида маълумот.
- дарснинг ўтказиш жойи, муддати, дарснинг мавзулари, ўқув ишларининг йиллик режа - жадвали бўйича тартиб номери, рўйхат бўйича синф ўқувчиларининг (қизлар, болалар) сони, дарснинг жадвал бўйича номери, дарсни бошланиши ва тугалланиши, ўқувчилар сони, дарс конспекти матни, унинг сифати ва бошқалар ўрганилади.
Ўқувчилар фаолиятининг таҳлили:
- ўқувчиларни дарс давомидаги интизоми, хулқи, ўзларини тутиши ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш ва ўзлаштиришни таҳлили;
- жисмоний машқларни бажаришга ўқувчиларни муносабати, ўқитувчини ўқувчиларда ўқув материалига қизиқишларини уйғота олиши масалалари;
- дарс интизоми, унинг бузилиш (содир бўлса) сабаблари;
- дарсга ўқитувчининг ўзини муносабати;
- ўқитувчининг кўрсатма ва буйруқларини ўқувчилар томонидан ижроси (бажарилиши);
- дарсдаги онглилик ва ўқувчиларнинг фаоллиги даражаси;
-ўқувчиларнинг машқ бажаришларини баҳолаш технологияси - ҳаракатнинг ритми, суръат, темп, интенсивлиги меъёрини тўғри танланаганлиги;
- дарсда ўқувчиларга жамоатчи йўриқчи ва ҳакамлик малакаларини берилиши, навбатчилик ва гуруҳларга бош бўлишдек мажбуриятларини бажаришга ўқувчиларнинг муносабатлари ва бошқалар.
Дарсда ўқитувчининг раҳбарлик роли, ўзини тутиши ва дарс давомидаги фаолиятининг таҳлили:
Раҳбарлик роли: ўзига ишониш, қатъият, тиришқоқлиги, талабчанлиги, ўқувчилар орасида обрўйи, улар билан мулоқоти ва уларга муносабати, синфни “қўлда тутиши (ушлаши, бошқара олиши)”.
Ўзини тутиши: бардамлиги (эмоционал ҳолати), сусткашлиги, ўзини тарби ялаши, болаларга нисбатан зийраклиги, сезгирлиги, ишчанлигини намоён бўлиши.
Нутқи: овози, буйруқларини, кўрсатмаларини тўғрилиги, муомала ва нутқ маданияти, савияси, интеллектуал салоҳияти.
Ўқитувчининг ташқи қиёфаси: кийим бош (спорт формаси), чапдастлиги, қомати, ташқи кўриниши. Ўқитувчининг ўқувчи билан яккама - якка мулоқоти (коммуникативлиги): активлиги, пассивлиги (сустлиги), ишончи, дадиллиги, қатъияти, улгуриши баҳоланади.
Жисмоний маданият дарсида тарбиявий ишни амалга оширилиши:
- ўқувчиларнинг диққатни тарбияланиши ва машқни бажарилишига қизиқишни уйғота олиши;
- интизомни ушлай олиши, қаттиқ тура билиши, фикрини ўтказа олиши;
- ўртоқлик, коллективизм ва бошқа сифатларни тарбиялаш маҳорати;
- аҳлоқий тарбиянинг хилма-хил услубиётларидан фойдалана олиши (тушунтириши, ишонтира олиши, маънавият, қадриятлардаги нормаларига риоя қилишга ўргата билиши, рағбатлантириш ва бошқалар) уларнинг мақсадга мувофиқлиги, самарадорлиги таҳлил қилинади.
- ўқув предметини ўқитиш давомида ўқувчиларда дунё қарашни шакллантириш, ҳаракат малакаси ва кўникмасини бойитиш билан боғлиқ билимларининг заҳираси устида ишлаши.
- дарс жараёни давомида синф (гуруҳ)нинг жисмоний маданият фаолларини тайёрлаши;
-машғулотларидан озод қилинган ўқувчилар ҳамда синфнинг махсус тиббий гуруҳи билан ишлаши.
Тахлил варақалари, жадваллар, турли карточкалар, аудио-видио ёзувлари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш тахлил самарадорлигига, унинг сифатига ижобий таъсир қилаётганлиги ҳозирги кунда сир эмас. Қайд қилинган жисмоний маданият дарсининг педагогик таҳлили схемасида таҳлилчи томонидан унга киритилган саволларга жавобларнинг натижаси асосида ўтказилган дарс (машғулот)га баҳо берилади. Тахлил мазмуни махсус дарс муҳокамаларининг баённомаларида ифодаланади. Ўз устида ижодий ишловчилар қайд қилинган баённомаларнинг архивини юритади. Уларни ўрганиш фаолияти таҳлил қилинаётган мутахасис ҳақида маълумотлар олиш имконини беради.
Илмий текширишнинг бу методи фақат тадқиқотчи томонидан уюштирилади ва экспериментда тадқиқотчининг ўзи актив аралашуви орқали олиб борилади. Бу метод ўрганилаётган жараённи махсус, сунъий яратилган шароитда ёки ўтказилган тажрибани яна қайтадан такрорлаш учун имконият яратилиши билан қулай. Услубиётнинг қулай ёки қимматли томони ҳам ана шунда. Салбий томони ҳам йўқ эмас. Илмий тадқиқот жараёнида ўтказилаётган тажриба учун махсус шароитни сунъий яратишда тадқиқ қилиниши лозим бўлган назоратдаги масалага оид бўлмаган, қўшимча муаммолар ҳам юзага келиши мумкин. Бу илмий тадқиқот услубиётининг салбий томонидир. Экспериментни объектив ўтказиш амалиётида табиий, модулли ва лаборатория экспериментлари, деб номланган хилларидан фойдаланилади.
Табиий эксперимент - тадқиқ қилинаётган назоратдаги масала ҳаётий шароитда қандай ҳолатда учраса, фойдаланилса, қўлланилса, айнан ўша ҳолатда олиб борилади. Ўтказилаётган тажрибадан унинг иштирокчилари бутунлай бехабар бўлсалар, тажриба натижаси шунчалар самарали бўлиши илмий тадқиқотларнинг шу услубидан фойдаланишда исботланган.
Мисол тариқасида ўтказилган бир тадқиқот мазмунига тўхталайлик: бир мактабнинг икки синфидаги жисмоний тарбия дарсларида дастур материалини ўзлаштирилиши анъанавий ўқитиш усуллари билан, бошқасида эса махсус танланган услубиётлар билан олиб борилиб, натижани таққослаш орқали қайси синфда самарадорлик юқори бўлганлигини аниқлаш керак бўлиб қолди. Назорат гуруҳидагилар ўтказилаётган тажрибадан тўлиқ хабардор бўлиб, кўзланган натижа нимадан иборат эканлиги, бажарилаётган машқларнинг қўлланишига оид билимларга эга эдилар. Тажриба гуруҳи одатдагидек шароитда, машғулотлар қандай тартибда ўтказилса, шундай муҳитда шуғулландилар. Натижа, ижобий томонга ўсиш табиий шароитда шуғулланганларда самарадорроқ бўлганлиги кузатилди. Назорат гуруҳи ўқувчилари тажрибага ўзлари сунъий аралашиб, натижаларини яхшилаш мақсадида тадқиқот дастурида назарда тутилмаган қўшимча машғулотларга қатнаганликлари, тажриба жараёнида тавсия қилинмаган воситалар, услубиётлардан фойдаланганлиги сабабли тадқиқот дастуридан чиқиб, сунъий силжишларга сабаб бўлдилар.
Модулли эксперимент - методидан фойдаланишда кузатувчи ҳаётда учрайдиган оддий шароитдан бир оз ўзгарган муҳитни яратиб тажриба ўтказади. Масалан, мускул кучини ўстиришда спортга янги келганлар билан иш олиб борилиб, улар хафтада уч марта, алоҳида гуруҳларга бўлиниб, биринчи гуруҳи ётган холатда штангада машқ қилиш, иккинчи гуруҳи эса ўзининг танаси оғирлигидан фойдаланиб, учинчи гуруҳи фақат гантел кўтариш билан олдиндан тузилиб, шуғулланиш учун тавсия қилинган машқлардан фойдаланиб маълум, белгиланган муддат давомида машқ қиладилар. Ҳар қайси гуруҳнинг модули алоҳида (штанга, гавдаси оғирлиги, гантел) бўлиб, бажариладиган машқлар фақат елка камар мускулларининг кучини орттиришга йўналтирилган. Экспериментдан сўнг натижалар таққосланиб, самара берган модул ва унинг машқлари ва фойдаланилган услубиётларнинг эффекти эълон қилинади ва ундан амалиётда фойдаланиш тавсия қилинади.
Лаборатория эксперименти - шуғулланувчилар кундалик ҳаётий шароитда, амалиётида кам учрайдиган ҳолатдаги тажрибаларни йўлга қўяди. Сунъий равишда эксперимент ўтказиш муҳити, шароити ҳаётда учрайдиган ҳолат юзага келтирилади ва ўрганилиши лозим бўлган муаммонинг тажрибаси ўтказилади. Масалан, жисмоний тайёргарлиги тенг икки гуруҳ олиниб, улардан бирининг машғулоти лабораторияда, иккинчисиники эса оддий табиий шароитда олиб борилади. Бу тажрибанинг қулайлиги тажрибанинг лаборатория шароитида янгитдан такрорлай олиш мумкин эканлигидадир. Услубиётнинг салбий томони тажриба ўтказувчининг тажрибада айнан ўзининг иштироки бўлиб, тадқиқотчини объектив бўлмаган якуний хулосаларга ҳам олиб келиши мумкин.
Педагогика амалиётида тадқиқотнинг қуйидаги сўров усуллари кенг қўлланилади: суҳбат, интервью олиш ва сўровномадан фойдаланиш. Усулларнинг бу гуруҳи субъектив ҳисобланади, чунки у респондентдан (сўровда иштирок этувчидан) олинадиган оғзаки ахборотга асосланади.
Суҳбат - ўрганилаётган масалани икки томонлама (ёки кўп томонлама) муҳокама қилиш йўли билан шахсни ўрганиш ва ахборот олиш усулидир. Суҳбат усулидан хатти-ҳаракатларни муҳокама қилиш ва таҳлил этиш ҳамда шахснинг маънавий баҳосини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
Интервью - мақсадли саволлар тизимига респондентнинг оғзаки жавобларини олишга асосланган ахборот олиш усули тушунилади.
Сўровномадан фойдаланиш - илмий тадқиқот усулларидан бири бўлиб, унинг ёрдамида тадқиқотчи сўроқланувчининг оғзаки хабарлари замиридаги маълумотларга эга бўлади. Сўровномадан фойдаланиш тадқиқотчи томонидан изчиллик асосида тузилган саволларга сўралувчидан ёзма ахборот олиш жараёни бўлиб, тадқиқотнинг энг кенг тарқалган, математик ишлов бериш анча қулай бўлган, кўп сонли сўралувчиларни қамраб олишга имкон берадиган усулидир.
Бу усулдан фойдаланиш учун Ф.А.Керимовнинг “Спорт соҳасидаги илмий тадқиқотлар” номли жисмоний тарбия факультети магистрантлари учун ёзилган дарслигидан фойдаландик. Муаллиф сўровномаларни тайёрлаш бўйича тадқиқотчига қўйидаги қатор талаблардан фойдаланишни тавсия қилади:
1. Ўрганилаётган ҳодисани энг аниқ тавсифлаб берадиган ва ишончли ахборотлар олишга шароит яратадиган саволларни танлаб олиш;
2. Тўғридан-тўғри саволлар билан бир қаторда қўшимча саволлар, очиқ ва ёпиқ саволлардан фойдаланиш (кейинги бўлимга қаранг);
3. Савол тузишда сўралувчининг истагини қондирувчи саволларга жавоб берадиган жавобларни олишига интилишини қондирмаслик ва унга йўналтирилган жавобларни киритишнинг олдини олиш;
4. Саволлар маъносини икки хил тушуниш эҳтимолини бартараф қилиш;
5. Сўровномадаги саволларнинг тушунарлилиги даража сини оз сонли текширувчилар гуруҳида олдиндан синаб кўриш ва саволлар мазмунига, зарур бўлса, лозим бўлган ўзгартиришлар киритиш.
6. Сўровнома асосида фикр олиш усулидан фойдаланишда ишончли ахборотга эга бўлиш учун текширилувчиларнинг кўп бўлишини таъминлаш.
Оқилона ишлаб чиқилган сўровнома тадқиқотчи учун қуйидаги имкониятларни яратади:
- Танланган муаммодаги тадқиқот учун энг долзарб йўналишларни аниқлаш, муаммо моҳиятини аниқ мақсад асосида текширишни ташкил қилиш;
- Ўтказиладиган илмий тажриба майдонини имкон қадар торайтириш; фаразларни ифодалаш учун ишончли амалий далиллар олиш;
- ўрганилаётган ҳодисанинг тасодифан кўзга ташланадиган айрим жиҳатларини эмас, балки типик манзарасини очиб бериш; муайян ўқув-машқланиш муаммосини ҳал этишда тренер ёки спортчи фаолиятидаги типик камчиликларни аниқлаш;
- Уларнинг мазкур фаолияти учун типик мураккабликларни очиш;
- Аниқланган камчиликлар ва қийинчиликларнинг сабабларини ўрганиш;
- ўрганилаётган масалаларни ҳал этишда тренерлик тажрибасининг ижобий типик жиҳатларини юзага чиқариш.
Сўровнома асосида фикр олиш турлари. Сўровнома орқали фикр олишнинг ранг-баранг турлари мавжуд бўлиб, уларни муайян белгиларига кўра гуруҳларга тақсимлаш мумкин. Унинг қуйидаги турлари бор:
- ҳажмига кўра, яъни сўроқ қилинувчи респондентлар миқдорига кўра, ўз навбатида бу тур ялпи ҳамда алоҳида ажратиб олинганлар билан ўтказилади;
- тадқиқотчининг респондент билан муомала қилиш усулига кўра сўровнома асосида фикр олиш шахсий (юзма-юз), гуруҳли, алоҳида ва сиртқи бўлиши мумкин;
- тарқатиш усулига кўра - почта орқали юбориладиган ёки тарқатма бўлади.
Ялпи, бирваракайига ҳаммадан бир вақтда сўраш усули респондентларнинг ҳаммасига ёппасига сўровномалар тарқатишни назарда тутади. Бу усул бошқаларига нисбатан анча кенг тарқалгандир. Индивидуал сўров ўтказиш усули тадқиқотчи билан сўралувчининг бевосита муомаласига асосланади, яъни сўровнома тўлдирилаётган пайтда тадқиқотчи ҳам иштирок этади. Бу усул варақаларнинг тўғри тўлдирилиши ҳамда тўлиқ қайтариб берилиши учун имкон яратади. Гуруҳли усулда сўралувчиларниг катта гуруҳини бир вақтнинг ўзида сўровдан ўтказиш мумкин бўлади. Бу қисқа вақт ичида иложи борича кўпроқ материал тўплашга имкон яратади. Аммо бу тур ҳам муайян нуқсонларга эга: жамоавий суҳбат, масалаларни муҳокама қилиш, сўровнома асосида фикр олиш самарадорлигига таъсир кўрсатади. Алоҳида сўров ўтказиш респондентларнинг навбатма - навбат жавоб беришини назарда тутади.
Сиртқи сўров усулида респондентлар тадқиқотчининг ишти рокисиз саволларга жавоб берадилар. Почта орқали сўров ўтка зишда респондентлар сўровномаларни почта орқали оладилар ва яна шу йўл билан уларни тадқиқотчиларга қайтарадилар. Бунда респондентлар миқдорини янада кўпайтириш мумкин, аммо мазкур усулнинг камчилиги шундаки, сўровномаларнинг озгина қисмигина қайтарилади, шунингдек, уларнинг мустақил равишда тўлдирилганига қатъий ишонч бўлмайди. Бироқ қайтарилган сўровномалар миқдорини айрим нозик жиҳатларга эътибор берган ҳолда кўпайтириш ҳам мумкин, масалан, респондентга жўнатилаётган хатга манзил ёзилган хатжилд қўшиб юборилади ва ҳ.к.
Тарқатма усулда респондент сўровномани олгач, уни уйида тўлдиради ва мустақил равишда тадқиқотчига қайтариб беради.
Сўровномадаги саволларнинг тўғри тузилиши уларга берилган жавобларнининг аниқлиги, сўралаётган муаммо масаласини тўғри ҳал қилиш, саволларнинг мазмунига кўра мукаммалроқ фикрларни аниқлаш имконини беради.
Сўровнома саволларига жавоб бериш шакллари.
Сўровнома тадқиқот обектларининг кишиларнинг фикрларини ўрганиш йўли билан ўлчаш воситаси ҳисобланади. Ўлчаш эса ўлчанаётган обектларга муайян қоидалар асосида сонлар ёки миқдорий шаклларни ёзиб қўйишдан ўзга нарса эмас. Айрим ҳолларда, масалан, узунликни сантиметрли чизғич билан ўлчашда, нарсаларни санашда, оғирликни аниқлашда, яьни ўлчаш асбобларидан фойдаланганда, бу қоидалар жуда оддий.
Сўровнома асосида фикр олишда эса иш бирмунча мураккаброқ, чунки бу ерда қўлланиладиган кўрсаткичлар оддатдагидай мукаммал эмас, уларнинг оғирлик ёки узунликни ўлчаш асбобларидаги каби доимий ноль нуқтаси йўқ. Нўл нуқтаси кўрсатилмаган бундай даража кўрсаткичлари оралиқ (интервал) даража кўрсаткичлари деб юритилади. Сўровнома асосида фикр ўрганишда биз тайёр даража кўрсаткичлари бўлмай туриб, ўлчашга киришамиз. У сўровномани қўллаш жараёнинингўзида, ундаги саволларга кўпдан – кўп жавобларни бирлаштириш ҳамда уларга статистик аҳборот беришда юзага келади.
Тадқиқотчи у ёки бу мулоҳазаларга кўра ёпиқ ёки ярим ёпиқ савол турини танлаган бўлса, жавоб тоифалари қандай шаклда тақдим этилишини ҳам ҳал қилиб қўйилиши керак.
Ёпиқ саволнинг афзаллиги шундаки, бунда кодлаш жуда осон, ўлари жавобни баён этишга қийналадиган сўроқланувчилар учун вазифани осонлаштириш имкони ҳам мавжуд. Шунинг учун ёпиқ саволларда фойдаланар экан, тадқиқотчи жавоб тойифалари рўйхатини ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият бермоғи керак. Ёпиқ саволларга жавобларнинг энг кенг тарқалган шакллари:
Бахолаш даража кўрсаткичлари.
Назорат рўйҳати ( “меню “).
Респондентнинг тадқиқотчи кўрсатмаси ёки ўз фикрини ифодаловчи мулоҳазалардан бирини танлаши.
Тоифасига кўра тартиблаштириш шаклларига бўлинади.
Очиқ эркин саволлар сўроқланувчининг эркин жавобини кўзда тутади ва жавоб вариантларига эга бўлмайди. Масалан “Болаликда ўзингиз шуғулланишни орзу қилган спорт турини айтинг” очиқ саволларга кейинчалик ишлов бериш қийинроқ бўлади.
Ёпиқ саволлар тадқиқотчи назарда тутган жавоб вариантлариниг муайян йиғмасини ўз ичига олади. Масалан: “Санаб ўтилган спорт турларидан қайси биридан сиз шуғулланишни истардингиз?”. Ёпиқ саволлар оддий шаклда ҳам баён етилиб, сўроқланувчи бунда фақат ҳа ёки йўқ деб жавоб бериши мумкин бўлади. Бундай саволлар таркибида ижобий ва салбий жавоблар тенг миқдорда бўлиши лозим. Ёпиқ саволларнинг яна бир шакли мавжуд жавоб “елпиғичи”га эга бўлган саволлар. Бундай саволлар жавоб мазмунини акс эттирувчи ҳамда баҳоли саволларга бўлинади. Масалан: “Ўқитувчилик фаолиятида сизни нима қизиқтиради?” деган саволга қуйидаги жавоб вариантлари тақдим этилган:
Билим бериш.
Одамлар билан мулоқотда бўлиш.
Яхши иш ҳақи.
Болаларга муҳаббат.
Таьтил муддатининг узоқлиги.
Ижодий ҳилма – хиллик.
Меьёрланган иш куни ва бошқалар.
Баҳоли саволлар сўроқланувчининг фикрини сифатий жиҳатдан акс эттирувчи жавоблар тўпламини ўз ичига олади. Масалан: “Сиз ўқитувчи сифатида ўз ишингиздан ҳурсандмисиз?” деган саволга қуйидаги жавоблар берилган.
Жуда ҳурсандман.
Ҳурсандман.
Фарқи йўқ.
Ҳурсанд эмасман.
Умуман ҳурсанд эмасман.
Саволларнинг бундай шаклида ижобий ҳамда салбий баҳолар сони бир хил бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |