Педагогиканинг умумий асослари
Режа:
Педагогика фанининг мақсади ва вазифалари
Педагогика фанининг мақсади:
Педагогика фанининг вазифалари
Педагогика фанининг тармоқлари
Асосий педагогик категориялар
Педагогиканинг бошқа фанлар билан алоқаси
Педагогиканинг илмий-тадқиқот методлари
Педагогика фанининг мақсади ва вазифалари
Келажаги буюк давлатни қураётган кишиларнинг тафаккури, янги иқтисодий муносабатларни тиклашга, моддий неъматлар ишлаб чиқаришга астойдил киришиб доимо ёниб яшаш ҳисси билан суғорилган бўлиши лозим. Мана шундай ижобий хислатларга бой инсонни тарбиялаш педагогика ўқув юртларининг, ўқув муассасаси, лицей, гимназия, коллеж, институт ва университетларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Буюк аллома А. Авлоний таъкидлаганларидек: «Тарбия биз учун ё ҳаёт. ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир». Ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётини саодатга, соф инсоний фаолиятга эришишида тарбиянинг роли ниҳоятда муҳим.
Ёшларни тарбиялашда биз учун қадрли бўлган миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, ўчмас меросимизга меҳр-муҳаббат уларга содиқлик руҳини шаклланитира олсак ҳар биримиз учун ижобий натижа бажараётган ишларимизнинг маҳсули эканлиги билинади.
Бунинг учун аввало миллий ғурур, миллий онг, миллий ғоя, маънавият, юксак маданият эгаси каби тушунчаларни ёшларнинг онгига сингдиришимиз лозим. Чунки тарихни билмасдан, ўрганмасдан ундан руҳий, маънавий озуқа олмасдан туриб, келажакни, келажакдаги орзу умидларга эришиб бўлмайди.
Демак, Педагогика фанининг предмети, ўқитишнинг, таълим-тарбиянинг замонавий қонуниятлари, мазмуни, усуллари, воситалари билан кишиларни, ёшларни, мутахассисларни қуроллантирувчи фан бўлганлиги учун ҳам унинг методологик асослари мақсад ва вазифалари дунёнинг моддий-маънавий ривожида шахс камолоти уйғунлиги қонуниятлари ва давлатнинг замонавий сиёсатидан келиб чиқади.
Тарбия жамиятнинг вазифаси бўлиб, у фақат ишлаб чиқариш муносабатлари таъсирида эмас, балки турли тарихий даврларда илгари суриладиган у ёки бу тарбия назариясининг ғоялари таъсирида аниқ шаклга эга бўлади, шунинг учун ҳам кўп жиҳатдан маърифатчи ва педагоглар фаолиятининг натижасини ифодалайди. Агар тарбия алоҳида мустақил вазифа сифатида кишилик жамияти пайдо бўлиши билан бирга таркиб топган бўлса, таълим назарияси фан сифатида бир мунча кейинроқ шаклланган.
Тарбия жамият ҳаётида сезиларли рол ўйнайди. Жамиятда тарбия жараёнида тўпланган тажрибани умумлаштириш эҳтиёжи туғилиб, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳаётга тайёрлаш имконини берадиган махсус ўқув юртларини очиш зарурияти пайдо бўлиши билан бирга, таълим назарияси ҳам фан сифатида ривожлана бошлади.
Ибтидоий жамоа даврида ҳам ижобий тарбия тажрибасини оммалаштиришга уриниш кўртаклари бўлган. Масалан, катталар ва ёшлар ўртасидаги муносабатлар билан, кейинроқ турли одат ва маросимлар билан боғлиқ ўзини тутишнинг баъзи бир кўринишлари шакллана бошлаган.
Қадимий ва Ўрта Шарқ адабиёти намоёндалари орасида назарий-педагогик тусга эга қатор илмий қарашлар мавжуд бўлган. Улар орасида Ал-Фаробий, Алишер Навоий ва бошқаларнинг асарларини мисол келтириш мумкин.
Феодализм даврида тарбия асосан дин таъсирида бўлган. Шунинг учун ҳам таълим назариясининг асосий ғоялари диний илм орқали ифодаланган.
Тарбия назариясининг ғоялари анча олдиндан илгари сурилган бўлишига қарамай педагогик илмий билим-фан сифатида бир оз кейин шаклланган.
Педагогиканинг фан сифатида шаклланиши буюк чех педагоги Ян-Амос Коменский (1592-1670) номи билан боғлиқдир. Коменский томонидан таклиф этилган тамойиллар, таълим жараёнининг шакл ва услублари «Педагогика»нинг олтин фондига кирган. Унинг машҳур «Буюк дидактика» асари педагогика назарияси ва амалиёти соҳасида биринчи муҳим илмий асар ҳисобланади.
Ўқув муассасасидаги ўқув жараёнида таълим, тарбия ва маълумот ўзаро боғлиқ равишда амалга оширилади. Ҳар қандай фан ўргатилиши мобайнида педагог тарбияланувчилар дунёқарашини шакллантиради, маданий хулқ-атворини тарбиялайди.
«Педагогика» атамаси қадимий Юнонистондан келиб чиққан. Бу ерда қулдорлар фарзандларини ўқув муассасасига кўзатиб қўядиган, олиб борадиган одамларни «педагог» деб аташган. Кейинчалик бу атаманинг маъноси бирмунча ўзгарди. Махсус тайёргарлик кўрган ва тарбия билан шуғулланган шахслар «педагог» деб атала бошлаган. Кўп вақтлар педагогика илмий фан сифатида фақат ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясини ўрганади, деб қаралган. Аммо ҳаёт амалиёти тарбиясига эмас, балки катталар тарбиясига ҳам тааллуқли эканлигини кўрсатди. Шунинг учун ҳам кейинги пайтларда педагогикани ёш авлодни ва катта ёшдаги одамларни тарбиялаш ва ўқитиш, уларга маълумот бериш қонуниятларини ўрганувчи фан, деб белгилаш одатга айланди.
Олдинига тарбия жараёни катталар томонидан бевосита меҳнат фаолиятида амалга оширилган бўлса, жамият ривожлана борган сари бундай йўл талабга жавоб бермай қўйди. Энди тарбия билан билимдон, тажрибаси етарли одамлар шуғуллана бошлади. Машғулотлар тобора ташқилий шаклларга, кўринишларга эга бўлиб борди ва секин-аста ўқув муассасалари пайдо бўлди.
Педагогика ўзоқ тараққиёт йўлини босиб ўтиб, ҳозирги вақтда илмий билимларнинг яхши шаклланган, катта назарий ва амалий материалларни ўз ичига олган тармоғига айланди. Буларнинг барчаси педагогиканинг табақаланиши, яъни унинг алоҳида тармоқларга ажралишига сабаб бўлди.
Ҳар бир мустақил фан ўзининг предмети ва методик асосига эга бўлгани каби Педагогика фани ҳам фан сифатида шаклланиб, ўз предметига эга бўлди. Барча ижтимоий фанлар каби жамиятдаги ўзгаришлар, инқироз, юксалишлар Педагогика фанининг методологияси, ўқитиш жараёни, ғоялар ривожига ҳам ўз навбатида таъсирини кўрсатади. Лекин инсоният тарихига назар ташлар эканмиз, ҳамма даврларда педагогик фаолият, тарбиявий жараён мавжуд бўлган. Шу сабабли ҳам тарбия жараёнини ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми деб қараш, ҳамда олдин тарбиявий ишларни олиб бормасдан туриб, инсоният ҳаётидаги буюк ўзгаришларни, жамиятни ривожланишини, фаровон турмуш тарзини тасаввур қилиш қийин.
Педагогика фанининг илмий-тадқиқот ишлар, педагогик ғоялар, илмийликка асосланган натижалар жамланмалари, илмий ишланмалар, тажрибалар, тавсиялар асосида бир қатор илмий педагогик қўлланмалар, дарсликлар чоп этилган.
Ҳозирги замон педагогика фани жаҳон педагогикасининг етакчи бир қисми бўлиб, педагогика фани тарихи билан мустаҳкам боғлиқдир. Педагогика фанининг тарихи эса, педагогиканинг қисмларидан бири, унинг махсус тармоғи ҳисобланади.
Педагогиканинг бош масаласи тарбиядир. Тарбиядаги кенг маъно таълим, ривожланиш, маълумот билан боғланган холда баркамол инсонни вояга етказишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |