Табақалаштирилган таълим ўқувчиларнинг лаёқати, қизиқиш ва қобилиятларини аниқлаш учун қулай шароитларни яратишга хизмат қилади. Ўқувчиларга индивидуал равишда ўқув материалларини ўзлаштиришга имкон берадиган мазкур таълим турини қўллашда ҳам ДТСда белгиланган меъёрдан кам бўлмаган БКМ ўзлаштирилади.
Мустақил таълим ўқувчилар томонидан турли фанлар асосларининг мустақил ўзлаштирилишини назарда тутади. Таълим тизимида мустақил таълимдан фойдаланишда ўқитувчи билимларни ўзлаштириш манбаларини ўқувчиларга тавсия этади, уларни излаш бўйича зарур кўрсатмаларни беради ҳамда мустақил таълимни самарали, мақсадга мувофиқ ташкил этишга ёрдам берадиган метод, воситалардан хабардор қилади.
Ҳамкорлик таълимининг моҳияти ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таълим жараёнида биргаликда ишлашлари, бир-бирларини чуқур тушуна олишлари, бир-бирларига нисбатан яқинликни ҳис қилишлари, таълим мақсадига эришганлик натижаларини ҳамкорликда таҳлил қилишидан иборат.
Индивидуал таълим ўқитишнинг энг қадимги тури ҳисобланади. Ҳаётий тажрибаларни аждодлардан авлодларга узатиш ибтидоий жамиятда юзага келган. Ёзув пайдо бўлиши билан қавм бошлиғи турли белгилар ёрдамида ўзининг тажрибаларини ёшларга ўргатган. Ўқитувчи ва ўқувчининг бевосита ва индивидуал алоқасига мисол сифатида репетиторликни кўрсатиш мумкин. Ўқишни ташкил этишнинг индивидуал шакли антик давр ва ўрта асрларда ягона усул бўлган, ундан баъзи мамлакатларда ХVIII асргача кенг фойдаланилиб келинган.
Фаол ўқитиш (ёки интерфаол таълим) таълим тизимида тобора оммалашаётган таълим тури саналади. У таълим субъектлари – ўқитувчи, ўқувчи ва ўқувчилар гуруҳи ўртасида юзага келувчи ҳамкорлик, қизғин баҳс-мунозалар, ўзаро фикр алмашиш имкониятига эгалик асосида ташкил этилади. Шунингдек, ўқувчиларда эркин фикрлаш, шахсий қарашларини эркин ифодалаш, муаммоли вазиятлар ечимларини биргаликда излаш кўникма, малакаларини шакллантиради. Интерфаол таълим жараёнида баҳс-мунозара, муаммоли вазият, тренинг, дебат, интервью, тақдимот намойиш ва ўйин технологияларидан мақсадли фойдаланиш кутилган натижани беради.
Муаммоли таълим замонавий таълим моҳиятини акс эттирувчи илғор ПТ ҳисобланади. Ундан таълим амалиётида фойдаланиш талабаларда ижодий изланиш, кичик тадқиқотларни амалга ошириш, илмий фаразларни илгари суриш, натижаларни асослаш ва маълум хулосаларга келиш каби кўникма, малакаларни шакллантиришга хизмат қилади. Талабаларга педагогик фаолиятни ташкил этишга оид топшириқ ва масалаларни тавсия этиш уларда билиш фаоллиги ва ижодий қобилиятни шакллантиради. Таълимнинг бу турида муаммоли топшириқлар, шунингдек, муаммоли педагогик вазиятларни ҳал қилиш методи фаол қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |