Меҳнат тарбиясининг вазифалари
Меҳнат тарбияси мазмунида унинг самарадорлигини таъминловчи қуйидаги омиллар акс этади: таълим муассаасаси имкониятлари; таълим муассасасининг моддий таъминоти; ўқувчи кадрларнинг салоҳияти; ишлаб чиқариш шароитлари; таълим муассасасининг анъаналари.
Таълим муассасаларида меҳнат тарбиясини ташкил этишда меҳнатнинг қуйидаги турларидан фойдаланилади:
Ўқув меҳнати – ўқувчиларнинг илмий билимлар, ўқув фанлари асосларини ўзлаштириш орқали уларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган амалий фаолияти.
Ижтимоий-фойдали меҳнат – ў қувчилар гуруҳи (жамоаси) томонидан ташкил этилиб, ижтимоий аҳамият касб этгани ҳолда бевосита шахсни ҳар томонлама камол топтириш ҳамда муайян ижтимоий эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган меҳнат фаолияти тури. У “ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, уларни турли ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш, жамоа иштирокидаги тадбирларда эркин, ихтиёрий иштирок этишларига эришиш” мақсадида уюштирилади.
Ўқувчилар ўртасида меҳнат тарбиясини ташкил этишда ижтимоий-фойдали меҳнатнинг қуйидаги шаклларидан самарали фойдаланиш мумкин: ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, синф хонаси ёки ошхонада навбатчиликни ташкил қилиш, ҳашарлар, меҳнат байрами, кўкаламзорлаштириш, мактаб биносини таъмирлаш, шунингдек, фермер ҳамда жамоа хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб олишда кўмаклашиш.
Ўқувчилар оилада, таълим муассасасида ҳамда шунингдек, омма учун хизмат кўрсатиладиган муассасаларда ўз эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, зиммадаги вазифаларни адо этиш мақсадида муайян меҳнат фаолиятини ташкил этади. Меҳнатнинг бу тури ўз-ўзига хизмат деб юритилади. Ўз-ўзига хизматнинг энг оддий кўринишлари умумий овқатланиш муассасаларида ходимлар хизматидан фойдаланмаслик, оилада ётоқхонани тартибга келтириш, кийим-кечакларини озода, ўқув қуролларини эса тартибли сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш йўлида муайян ҳаракатларни бажариш ва ҳоказо кабилар саналади.
Ўқувчиларни меҳнатга лаёқатли ва меҳнатсевар қилиб тарбиялашда уларни меҳнатда машқ қилдиришга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.
Таълим муассасаларида меҳнат тарбиясини йўлга қўйишнинг асосий йўналишларидан бири – бу ўқувчиларни касб танлашга йўналтириш, уларда муайян касб ёки ҳунар борасидаги билим, кўникма ҳамда малакалар билан қуроллантириш бўлиб, шахс камолотини таъминлашда ўзига хос ўрин тутади. Ўқувчилар томонидан касб ёки ҳунар йўналишининг тўғри танланиши муҳим аҳамиятга эга. Касб ёки ҳунар йўналишларидан бирини танлашда ўқувчининг хоҳиши, қизиқиш ва эҳтиёжини инобатга олиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга тажрибали ўқитувчилар, ишлаб чиқариш усталари, ота-оналар томонидан берилган маслаҳатлар ҳам ўқувчилар томонидан касбий фаолият йўналишининг тўғри танланишини таъминлайди. Айни вақтда Республикада “Ташхис марказлари” фаолият юритаётган бўлиб, уларда ўқувчиларнинг характери, муайян касб ёки ҳунар асосини эгаллашга бўлган қобилиятга эгаликлари, қизиқиш ва эҳтиёжлари ҳар томонлама ўрганилиб, уларга мутахассислар томонидан касбий консультация (маслаҳат)лар бериб борилади. Айни ўринда шуни ҳам кўрсатиб ўтиш лозим, бугунги кунда таълим муассасаларида касбий консультация (маслаҳат)нинг қуйидаги турларидан самарали фойдаланиб келинмоқда: индивидуал-ташхисли, маълумот ахборотли, тиббий.
Do'stlaringiz bilan baham: |