1. 5. У М У М И Й ЭТИОЛОГИЯ.
Этиология хаки да тушунча.
Этиология юнонча сўз бўлиб, aitia - сабаб, logos - таълимот демакдир.
Касалликнинг пайдо бўлиш сабаблари ва шароитлари хақидаги таълимотдир. Бу
тушунчани яна тор маъноси ҳам мавжуд бўлиб, этиология касалликнинг сабаби
хақидаги таълимот деб қаралади. Аммо бу иборани шу маънода ишлатиб
бўлмайди. Чунки бу вақт шароит тушунчаси назар доирасидан четда қолади.
Шунинг учун врачлар касалликни сабабларини аниклаётганда организмда
касаллик сабаби таъсир қилаётган вақтдаги муайян шароитларни ҳам эътиборга
олишлари керак.
Врач касалликни сабабини ўрганаётганда, яна организмнинг реактивлик
ҳолатини, унинг қаршилик қилиш қобилиятини ҳам аниқлаши лозим. Чунки улар
касаллик ривожланишида муҳим аҳамиятга эга.
Умумий ва хусусий этиология фарқ қилинади. Умумий этиологиянинг
вазифаси бўлиб, касаллик пайдо бўлишининг умумий қонуниятларини аниқлаш
хисобланади. Умумий этиология умумий патологиянинг бир бўлаги хисобланади.
Хусусий этиологиянинг вазифаси алоҳида касалликларни пайдо бўлиш
сабабларини ва шароитларини аниклашдан иборатдир.
Умумий ва хусусий этиология бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Хусусий
этиологиянинг ҳар хил томонларини ўрганаётганда олинган маълумотлар умумий
этиологияни илмий асосланган назарияларини яратиш учун асос бўлиб хизмат
қилади. Шу билан бирга этиологиянинг умумий қонуниятларини фақат хусусий
этиология маълумотлари асосида яратиш мумкин.
Касаллик этиологиясини тушуниш, касаллик сабабини ва шароитларини
аниклашга имконият беради. Касалликни экзоген ва эндоген сабаблари фарқ
қилинади. Ташқи муҳитнинг организмга касаллик қўзғатадиган омилларининг
таъсири - булар экзоген сабаблардир. Эндоген сабаблар организмнинг ўзида
пайдо бўлади. Табиийки сабабларни бундай фарқлаш шартлидир. Гап шундаки,
ташқи муҳит ва организм бир-бири билан мустахкам боғлиқдир. Ташқи муҳитдан
таъсир қилувчи сабаблар, муайян шароитларда ўз оқибатларини келитириб
чиқариши - яъни организмнинг ички муҳитида ўзига мувофиқ ўзгаришлар пайдо
қилиши мумкин. Организмда ташқи сабаблар таъсирида пайдо бўлувчи ҳар хил
ўзгаришлар, демак, таъсирни оқибатлари, ўз навбатида организмдаги янги
ўзгаришларнинг сабабини ташкил қилади. Шундай қилиб, организм билан атроф
муҳитнинг ўзаро муносабатини уларнинг диалектик бирлигида қабул қилиш
лозим, яъни объектив борлиқдаги мавжуд бўлган сабаб, оқибат, муносабатлари
нуқтаи назаридан тушунмоқ зарур.
Этиология муаммосини фалсафий сабабият категорияси нуқтаи назаридан
баҳоламоқ керак, бундай ходисаларни алоқаси зарурий объектив ифодаланиб,
улардан бири - яъни сабаб маълум шароитларда қонуний равишда, бошқа
ходисани - оқибатни пайдо қилади.
27
Do'stlaringiz bilan baham: |