4-боб. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг фаолият юритиш тартиби
19. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” ФВДҲТнинг бирламчи бўғини сифатида ўрнатилган учта режимларнинг – кундалик режим, юқори тайёргарлик режими
ёки фавқулодда вазият режимининг бирида фаолият олиб боради:
Кундалик режимда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
аҳолини ва “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларини ОҚҚ ва ЗШВнинг шикастловчи омилларидан, шунингдек табиий офатлар ва ҳалокатлардан муҳофазаланишга ўқитиш ва тайёрлаш;
фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келганда ва содир бўлганда ёки ҳарбий ҳаракатлар хавфи юзага келганда ва амалга оширилганда “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларининг ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш;
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларининг белгиланган вазифаларни бажариш учун шай ҳолга келтириш режасини ишлаб чиқиш;
фуқаролар йиғини аҳолисини (зарурат бўлганда) хавфсиз ҳудудларга (шаҳарларга) кўчиришга тайёрлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;
аҳолини ахборот билан таъминлаш ва хабардор қилиш автоматлаштирилган тизимининг терминал комплекслари сақланишини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;
аҳоли ва “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучлари билан қутқарув ишларини амалга ошириш, ўзига ва ўзгага биринчи ёрдам кўрсатиш, шунингдек фавқулодда вазиятлар ёки ҳарбий ҳаракатларнинг шикастловчи омилларининг салбий таъсирини минималлаштириш бўйича тадбирларни ўтказиш юзасидан машғулотлар, ўқув ва амалий машқларни ўтказиш;
қўлбола якка ва оммавий ҳимоя воситаларини ясаш, шунингдек улардан фойдаланиш қоидалари ва услубларини аҳолига ўргатиш;
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларига атрофнинг бирламчи кузатувини амалга ошириш услублари ва қоидаларини, шунингдек ОҚҚ қўлланилганда юзага келадиган белгиларни аниқлашга ўргатиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга оммавий тадбирларни ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлашда кўмаклашиш;
фуқаролар йиғинлари ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш тадбирларида иштирок этиш;
фавқулодда вазиятлар ёки ҳарбий ҳаракатлар ҳолатида фойдаланиш
учун моддий воситалар захирасини жамлаш ва янгилаб бориш тадбирларини режалаштириш ва амалга ошириш.
Юқори тайёргарлик режимида тадбирлар “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” режаси бўйича қуйидаги учта – сариқ, қизғиш ва қизил даражаларда амалга оширилади.
Фавқулодда вазият таҳдиди юзага келганда ёки ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилиши тўғрисида асосланган маълумот олингандан сўнг “сариқ даража” эълон қилинади. Ушбу даражада:
бошланғич даврида аҳоли юзага келиши мумкин бўлган хавф тўғрисида ҳали огоҳлантирилмайди;
вазият кескинлашиб борган сари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва фуқаролар йиғинлари “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” тузилмаларини бутлаш тадбирларини фаоллаштирадилар, айрим масалалар бўйича масъулларни тайинлайдилар, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда ёки ҳарбий ҳаракатларда ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун махсус гуруҳлар тузадилар;
юзага келаётган вазиятга қараб, аҳолини (зарурат бўлганда) хавфсиз ҳудудларга (шаҳарларга) кўчиришга тайёргарлик кўриш режасига аниқликлар киритилади;
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларини хабардор қилиш ва йиғиш бўйича машғулотлар ўтказилади, алоқа ва хабар бериш тизими текшириб олинади.
Юзага келган хавф-хатар кучайган тақдирда ёки ҳарбий ҳаракатлар бошланиш эҳтимоли кучайганда, шунингдек уларнинг олдини олиш чоралари бўйича қийинчиликлар юзага келганда “қизғиш даража” жорий этилади. Ушбу даражада:
фуқаролар йиғинининг фуқаро муҳофазаси штаби тўлиқ иш ҳолатига келтирилади, бошланишида фаолият олиб бориш учун – иш вақтида, сўнгра узлуксиз – туну-кун;
ушбу даражанинг охирида аҳолига озиқ-овқат, ем-хашак ва бошқа зарур озуқа маҳсулотларини жамғариш, уларнинг сақланишини ва ҳимояланишини таъминлаш, ертўла (ярим ертўла)лар ҳамда техник жиҳатдан мустаҳкам бино ва қурилмаларни панагоҳлар этиб мослаштириш, оммавий ва якка тартибдаги ҳимояланиш воситаларининг содда турларини ясаш тадбирларини амалга ошириш тавсия этилади;
ОҚҚ ва ЗШВ қўлланилганда шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш,
йод профилактикасини ўтказиш, ўзига ва ўзгага биринчи ёрдам кўрсата билиш бўйича ўқувлар, амалий машғулотлар ва машқлар ўтказилади;
аҳолига газниқоблар бериш пунктларини ташкил этишга тайёргарлик кўрилади ҳамда “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларини шай ҳолатга келтириш режасига аниқликлар киритилади.
Фавқулодда вазият таҳдидини бартараф этиш ёки ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилишини тўхтатиш имкони йўқлиги ҳақида ахборот олинганда “қизил даража” эълон қилинади. Ушбу даражада:
мамлакат аҳолиси ўртасида барча ахборот ва хабар бериш воситалари ёрдамида фавқулодда вазиятларда ёки ҳарбий ҳаракатларда, шу жумладан ОҚҚ ва ЗШВ таъсиридан омон қолиш бўйича кенг тушунтириш ва тарғибот ишлари бошланади;
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучларини хабардор қилиш ва йиғиш ҳамда уларни шай ҳолатга келтириш ишлари амалга оширилади;
аҳолини хабардор қилиш тизимининг техник созлиги ва фойдаланишга тайёрлиги текшириб чиқилади;
фавқулодда вазиятлар ёки ҳарбий ҳаракалар шароитларида фойдаланиш учун кўзда тутилган моддий ресурслар захиралари шай ҳолатга келтирилади;
ОҚҚ ва ЗШВни қўлланилган шароитда аҳолини ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича жойларда амалга оширилаётган тадбирлар назорати амалга оширилади.
Ушбу даражада аҳолини муҳофаза қилиш ва омон қолишини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш ваколати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролар йиғинларига юкланади.
Фавқулодда вазият режими эълон қилинганда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
Фавқулодда вазиятлар ёки ҳарбий ҳаракатлар даврида “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” ҳаракатланиш режаси тадбирларини тўлиқ ҳажмда бажариш, биринчи навбатда унинг узлуксиз – туну-кун навбатчилигини ташкиллаштириш;
аҳолига газниқоблар тарқатиш пунктларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш;
ҳудудда қўлланган ОҚҚнинг бирламчи белгиларини, турли хил вайроналар, сув босишлари ва тошқинлар, ёнғинлар, коммуникациялар (автомобиль йўллари, электр тармоқлари, табиий газ ва ичимлик сув қувурлари)даги бузилган жойларни аниқлаш, шунингдек жабрланганлар ва ёрдамга муҳтожларни излаб топиш мақсадида кўздан кечириш йўли билан кузатув ишларини олиб бориш;
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” кучлари томонидан бирламчи қутқарув
ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ўтказиш;
эвакуация тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;
жабрланган аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлашга қаратилган биринчи навбатдаги ишларни бажариш;
фуқаролар йиғини ҳудудида фавқулодда вазият режимини таъминлашда иштирок этиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |