3-боб. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг тузилмаси
ва фаолиятини ташкил этиш
7. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” қуйидагилардан иборат бўлади:
бошқарув органлари – фуқаролар йиғинининг фуқаро муҳофазаси штаби;
куч ва воситалар – фуқаро муҳофазасининг кўнгилли тузилмалари ҳамда фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик тузилмалари: қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни олиб борувчи йиғма гуруҳ, “Маҳалла посбони” ва “Чегара посбони” жамоатчилик тузилмалари, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг кўнгилли тузилмалари (улар мавжуд бўлганда), уларнинг мулклари ва анжомлари, шунингдек аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўқитиш бўйича ўқув-услубий база. «Маҳалла фуқаро муҳофазаси»нинг куч ва воситалари таркиби ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган;
моддий-техник воситалар захиралари – табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавф-хатарларни бартараф этиш тадбирларида фойдаланилиши кўзда тутилган моддий ресурслар ва техник воситалар захираси;
аҳолини ахборот билан таъминлаш ва хабардор қилиш тизими – аҳолини ахборот билан таъминлаш ва хабардор қилиш автоматлаштирилган тизимининг мавжуд терминал комплекслари (сиреналар, овоз кучайтиргичлар, қишлоқ радиоузеллари, телефон станциялари ва бошқалар) ҳамда бошқа ёрдамчи хабар бериш воситалари (кўтариб юриладиган сигнал бериш анжомлари ва мосламалар, масжидлардаги карнайлар ва ҳоказо).
8. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш маҳалла фуқаролар йиғини раисига юкланади.
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” раҳбарининг намунавий иш режаси
ва Кўнгилли тузилмаларни тайёрлаш бўйича “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” раҳбари учун услубий тавсиялар мазкур Низомнинг 2 ва 3-иловаларида келтирилган.
9. Фуқаролар йиғини ҳузурида “Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг бошқарув органи – фуқаро муҳофазаси штаби (кейинги ўринларда Штаб деб аталади) ташкил этилади. Штаб бошлиғи фуқаролар йиғини вакиллари орасидан унинг навбатдаги йиғилишида сайланади.
Қуйидагилар Штабнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” куч ва воситаларини яратиш, уларни жиҳозлаш ва тайёргарликдан ўтказиш ҳамда белгиланган вазифаларни бажаришга шай ҳолатга келтириш тадбирларига раҳбарлик қилиш;
фавқулодда вазиятларда, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфларда “Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг ҳаракатланиш режаларини ишлаб чиқиш (ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бўлимларнинг, шунингдек ички ишлар органлари тавсияларига кўра);
аҳолини ахборот билан таъминлаш ва хабардор қилиш автоматлаштирилган тизимининг мавжуд терминал комплекслари сақланишини таъминлаш тадбирларини ташкиллаштириш;
аҳолини фавқулодда вазиятлар ва ҳарбий ҳаракатлар даврида ҳаракатланишга ўқитиш ва тайёргарликдан ўтказиш тадбирларини режалаштириш ва амалга ошириш;
моддий ресурслар захирасини яратиш, уни тўлдириб ва янгилаб бориш тадбирларини режалаштириш ва амалга ошириш.
10. Қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш бўйича йиғма гуруҳ (кейинги ўринларда йиғма гуруҳ деб аталади) “Маҳалла фуқаро муҳофазаси”нинг асосий кучи ҳисобланади.
Йиғма гуруҳ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида юзага келган фавқулодда вазиятларда профессионал (штатли) қутқарув тузилмалари етиб келгунга қадар бирламчи қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларнинг олиб борилишини таъминлаш учун мўлжалланган.
11. Йиғма гуруҳ таркибига фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилиб келаётган, жисмоний ҳолатига кўра “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” тадбирларида иштирок эта оладиган, ёши 18 дан 60 гача бўлган эркак ва аёллар кўнгилли равишда қабул қилинадилар, сафарбарлик кўрсатмасига эга бўлган эркак ва аёллар, шунингдек ушбу Низомнинг 25-моддасида кўрсатилганлар бундан мустасно.
Йиғма гуруҳ таркибига биринчи навбатда сафарбарлик чақируви захирасидаги 27 ёшгача бўлган, шунингдек ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасига бўшатилган фуқаролар киритилади.
Йиғма гуруҳга қабул қилинган фуқаролар қуйидагиларга мажбур:
интизомга риоя қилиш, гуруҳ командири ва бўлинмалар сардорлари талабларини сўзсиз бажариш;
гуруҳдаги вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳамда ўзининг хизмат доирасида фойдаланиладиган маълумотларни тарқатмаслик;
“Маҳалла фуқаро муҳофазаси” доирасида ўтказиладиган ўқув машқлари, машғулотлари ва амалиётларда фаол иштирок этиш;
хабар олиниши билан йиғилиш манзилига ўз вақтида етиб келиш;
ўзига ишониб топширилган асбоб-анжомлар ва аслаҳаларни асраб-авайлаш;
техник воситалар ва асбоб-анжомлар билан ишлашда техника хавфсизлиги қоидаларини билиш ва уларга қатъий риоя қилиш.
12. Йиғма гуруҳ таркибига “Маҳалла посбони” ва “Чегара посбони” жамоатчилик тузилмалари, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой Жамиятининг кўнгиллилари жалб қилиниши мумкин.
13. Қуйидагилар Йиғма гуруҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
фавқулодда вазият, шунингдек ҳарбий ҳаракатлар хавфи туғилганлиги
ёки содир бўлганлиги ҳақида аҳолини огоҳлантириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилиш;
фуқаролар йиғини ҳудудида фавқулодда вазият юзага келганда ёки ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилганда бирламчи разведкани олиб бориш ва қутқарув ишларини амалга ошириш;
бирламчи ёнғин ўчоқларини чегаралаш ва бартараф этиш;
жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, инсонлар
ва ҳайвонларнинг оммавий касалланиши билан боғлиқ вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш;
ОҚҚ ва ЗШВдан ҳимояланишга қаратилган оддий тадбирларни ўтказиш;
аҳолига газниқоблар тарқатиш пунктларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш;
фуқаролар йиғини ҳудудида фавқулодда вазиятлар юзага келганда ёки ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилганда жамоат тартибини сақлаш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш, фавқулодда вазиятлар ёки ҳарбий ҳаракатлар шароитида ҳаракатланиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини ва маърифий ишларни олиб бориш;
эвакуация тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;
фавқулодда вазиятлар ёки ҳарбий ҳаракатлар оқибатида жабрланган аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлаш бўйича биринчи навбатдаги тадбирларни ташкиллаштиришга кўмаклашиш.
14. Йиғма гуруҳ аъзолари давлат органлари ва ташкилотларда, уларнинг “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” тадбирларида иштирок этган вақтлари учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда, доимий иш ўрнига эга бўлишлари мумкин.
15. Хавфли (сув босиши, ёнғин, вайроналар, радиациявий, кимёвий ёки биологик ифлосланиш ва бошқа) шароитларда қутқарув ишларини олиб боришга жалб этиладиган йиғма гуруҳ аъзоларининг ҳаёти ва саломатлиги мажбурий равишда суғурталанган бўлиши лозим, бунда: доимий иш ўрнига эга бўлган аъзолар – иш берувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан; доимий иш ўрнига эга бўлмаган аъзолар – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғурталанади. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” тадбирларини амалга ошириш жараёнида етказилган ёки олинган шикастлар ва тан жароҳатлари ҳолатида суғурта иш берувчининг фуқаролик масъулиятини қоплаши лозим.
16. Йиғма гуруҳ аъзоларига табиий офат, авария, ҳалокат, ҳарбий ҳаракатлар оқибатларини бартараф этиш даврида олган шикаст ва жароҳатлари учун, шунингдек улар ҳалок бўлган тақдирда уларнинг оила аъзоларига қонунда белгиланган тартибда товон тўловлари белгиланади.
17. Йиғма гуруҳ зарурият туғилганда «Маҳалла фуқаро муҳофазаси»нинг раҳбари билан келишилган ҳолда фуқаролар йиғини ҳудудидан ташқарида олиб бориладиган қутқарув ишларига жалб қилиниши мумкин.
Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун жалб қилинган йиғма гуруҳ шахсий таркибини вақтинча жойлаштириш, махсус кийим-бош (зарур бўлганда) ва озиқ-овқат билан таъминлаш харажатлари вазият юзага келган ташкилотлар ҳисобидан амалга оширилади.
18. Ҳудудий фавқулодда вазиятлар, мудофаа ишлари ва ички ишлар бўлимлари “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” фаолиятига услубий раҳбарлик қиладилар. “Маҳалла фуқаро муҳофазаси” фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби мазкур Низомнинг 4-иловасида келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |