www.ziyouz.com кутубхонаси
31
Каюмарс тонг саҳар-тонг саҳарда Қуёш ҳамал буржининг олдинги дақиқасига кирмиш кунни
аниқлади.
Олим-уламоларни йиғди, йил ҳисоб-китобини ана шу кундан бошлашни айтди, олим-уламолар
рози бўлди. Йил ҳисоб-китобини айнан шу кундан бошлаб жорий этди.
Eмишки, оламда Изид худо илк худо бўлди. Ана шу илк худо нурдан Қуёш яратди. Қуёш билан
ер-заминни парвариш этди.
Изид худо оламда ўн иккита ҳалоскор фаришта яратди. Тўртта фариштани осмон-у фалакни
балойи қазолардан асраш учун юборди. Балойи қазоларни тоғлардан бери келтирмаслик учун
тўртта ҳалоскор фаришта жўнатди. Қолмиш тўртта фариштани эса ер-у заминни балойи
қазолардан асраш учун юборди.
Ана шу Изид худо Қуёш нурлари барча-барчага баробар бўлсин, деди. Шу боис, Қуёш ўз
жойидан қўзғолсин, деди.
Шунда, Қуёш ҳамал буржи бошидан чиқиб келди.
Зулмат бир бўлак бўлди, зиё бир бўлак бўлди.
Кеча билан кундуз ана шундай бино бўлди.
Каюмарс подшо уч юз олтмиш беш кун бўлмиш бир йилни ўттиз кун-ўттиз кундан ўн иккита
ойга бўлди. Кейин, ана шу ўн иккита ойни Изид подшо юбормиш ўн иккита ҳалоскор фаришта
оти билан атади.
23
Eл-халқ баландпарвоз чақириқлар деб ўтирмади, қарорлар деб ўтирмади, шиор-даъватлар деб
ўтирмади, эълон-афишалар деб ўтирмади.
Eл-халқ ўз хоҳиш-иродаси билан адир-қирларга сайиллаб чиқди.
Майсазор адирларда дошқозонлар осилди.
Аёллар ариқ бўйларидан ялпиз ўт терди, кийик ўт терди. Билқ-билқ қайнаб турмиш қозонларга
солди.
Қизлар қорақошлар терди. Димоғларига босиб-босиб искади. Қулоқларига тақди.
Қариялар кўзларига бойчечаклар тўтиё этди.
— Омонлик, омонлик... — дея, шукрона айтди.
Қариялар дилида Наврўз бўлди, қариялар тилида Наврўз бўлди.
— Иншоолло, Наврўз бу йил сешанба куни келар бўлибди-да, ақллар? — деди Умархон эшон.
— Шундай, шундай, — маъқуллади мулла Намоз.
— Наврўз сешанбада келар йил очлик бўлмайди, ошлик бўлади. Эртаги экинлар яхши бўлади,
ноз-неъматлар-да яхши бўлади. Айби, тахчилроқ бўлади.
— Ёмони, қон кўп тўкилади. Эл-юрт орасидан раҳм-шафқат кўтарилади.
— Ўғил отадан қайтади, қиз онадан қайтади, аёл эридан қайтади.
— Подшолар тахтдан қула-қула бўлади.
— Ёмонлик кўпаяди.
— Ёғин-чочиндан айтинг.
— Ёғин-чочин... қор кам ёғади, ақллар. Йил охирида сел кўп келади.
— Ўзи, Наврўз қайси куни келса йил яхши бўлади, азизлар?
— Якшанба куни келса, кўп бинойи бўлади. Ўлим-етимлар оз бўлади. Фисқ-фасод, ёмонлик кам
бўлади. Наврўз душанба куни келса-да яхши бўлади. Айби, буғдой танқис бўлади.
— Наврўз чоршанбада келса, йил қимматчилик бўлади. Қорин-томоқ учун қон тўкилади.
— Фисқ-фасод, ғаламислик кўп бўлади.
— Пайшанбада келса, дардмандлик кўп бўлади.
— Шу йили ой билан кун-да тутилади, денг.
— Шундай, ақллар, шундай.
— Жумада келса, ёмғир мўл-кўл бўлади. Айби, қаҳратон совуқ бўлади.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |