www.ziyouz.com кутубхонаси
25
Отаси сапчиб турди. Қоплоннинг қулоқ-чаккасига тортиб юборди. Ҳовлига отилиб чиқди.
Кафтларини катта-катта очди. Салмоқлаб-салмоқлаб дуо қилди:
— Омин, ўз отангни уйингдан ҳайдаган бўлсанг, илойим, косангнинг таги оқармасин! Ўлсанг,
отамлаб йиғловчинг бўлмасин, оллоҳу акбар!
Отаси этак қоқиб кетди. Яна қайтиб келмади.
Бир қиш узун-да келди, аёз-да келди.
Чол ана шу қишдан чиқолмади.
10
Бир армон фолчига бориш бўлди. Фол очириш бўлди.
Қоплон билан Оймомо отланди. Даҳана Обшир қишлоғига борди. Ҳожар кўр фолчи уйини
топди.
Дарвозада бир аёл:
— Кечқурун фолим келмайди, эрта саҳарлаб келсин, деяптилар, — деди.
Қоплон билан Оймомо отдан тушмайин изига равона бўлди. Хийла юрди. Боя ўтмиш тошлоқ
оралаб юрди.
От оҳисталади. Қалқиб-қалқиб олди. Оёқ илиб-илиб олди.
Қоплон билди, от туёқларига тош ботди. Отига раҳми келди. Энкайиб, от туёқларига қаради.
— Шу, Ҳожар кўрга нимага-да келдик, ўзи, — дея хуноб бўлди.
— Ундай демасин, — деди Оймомо, — Ҳожар кўрни фолчимисан-фолчи, дейдилар. Балони
билади, дейдилар.
— Гўрни билади, очиқ лаҳадни билади! Ўз оти ўзи билан Ҳожар кўр бўлса!..
11
Қоплон билан Оймомо тонг саҳарлаб келди.
Оймомо ёлғиз ўзи ичкарилади. Теваракка аланглади. Ҳайрон бўлиб қолди. Ҳовли тўла оқ товуқ
бўлди! Товуқлар бири қўйиб бири қоқоқлади. Оймомо кетидан эргашди.
Оймомо товуқларни кишкишлаб ҳайдади. Кўнглидан: «ўзи, бу ер уйми, ё, бир товуқ фермами?»
деган гап ўтди.
Нимқоронғи уйга кириб борди.
Уй тўрида оппоқ бир момо ўтирди. Момо оппоқ кийимда бўлди. Елкаларига ташлаб олмиш
рўмолида оппоқ бўлди. Рўмоли четларидан кўринмиш сочлари-да оппоқ-оппоқ бўлди.
Оппоқликда юзлари-да сочларидан қолишмади.
Ҳожар кўр юзларини юксак тутди. Юзларини мағрур тутди, улуғ тутди. Гўё, шипга юзланар
бўлди. Гўё, бир нуқтага тикилар бўлди.
Уй нимқоронғилигида ажаб бир сеҳр бўлди. Ҳожар кўр ўтиришида ажаб бир салобат бўлди.
Оймомони нимқоронғи сеҳри босди, Ҳожар кўр салобати босди. Ўтиришини-да, туришини-да
билмади. Бўсағада серрайиб қолди.
— Кел, айнам, кел, манави ерга ўтир! — деди Ҳожар кўр.
Оймомо Ҳожар кўр айтмиш жойга чўк тушди. Ҳожар кўрга бел бўлди. Ерга қараб ўтирди.
Ҳожар кўр юзларини шипдан олмади, кўзларини шипдан узмади.
— Эмин-еркин ўтира бер, айнам, бу ер товуқ ферма эмас, Ҳожар кўрнинг уйи! — деди.
Оймомо бир қўзғолиб олди. Довдираб қолди.
— А? — деди.
— Бу ер Ҳожар кўрнинг уйи, товуқ ферма эмас.
Оймомо ҳанг-манг бўлди.
— Товуқ қоқоқлашини яхши кўраман, — деди Ҳожар кўр. — Хўроз қичқиришини ундан ҳам
яхши кўраман. Хўрозлар мени азонда уйқудан уйғотади. Шу боис, кўп-кўп товуқ боқаман.
Ойдинда юрган одамлар (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |