237
даврининг виждони, ҳаммага ҳақиқатни айта
оладиган юракли шахслар
сифатида тан олинган. Лекин уларнинг ўша вақтдаги дастлабки
ўқирманлари, айниқса, синчиларнинг бир қисмига ушбу буюк
ижодкорларни тўғри англаб етиш насиб бўлмаган. Шунинг учун бу улуғ
адибларнинг асарларига нисбатан асосан нохолис тарафкаш муносабат
устунлик қилиб, ҳатто, бу санъаткорларни адабий жараёндан четлатишга
мунтазам уринишлар уларни жисмонан йўқ қилишгача етиб борди. Демак,
бу ижодкорларнинг бадиий яратиқларини ўша даврдаги ўқирманлар ва
адабиётшунослар қандай
идрок этишган, қабул қилишган, муносабатда
бўлишган ва бунга нималар сабаб бўлганди, уларнинг ўша асарлари ҳозир
қандай қабул этилаётир ва илмий изоҳланмоқда, бу ҳолнинг қандай
сабаблари мавжуд сингари саволларга тарихий-функционал ёндашув
воситасида жавоб берилади.
Ўзбек ўқирманларининг бир неча авлоди Фитрат, Чўлпон, Усмон
Носир каби ижодкорларнинг асарларини ўқиш у ёқда турсин, бу
адибларнинг номларини ҳам эшитмай яшаб ўтди. Уларнинг айрим асарлари
билан танишиш мумкин бўлган вақтда эса, бу яратиқлардаги илкинчи
ҳарорат, жозиба кейинги авлод ўқирманлари томонидан тўлиқ
илғанмаслиги табиий эди. Чунки бу давр ўқирманларининг
бадиий дид ва
эстетик қарашлари ўзгача мафкуравий-эстетик постулатлар ёрдамида
шаклланган бўлиб, бунинг устига, бошқа ижтимоий муносабатлар, ўзгача
иқтисодий ҳолат, бўлакча сиёсий вазият, янгича маънавий-эстетик муҳит бу
яратиқларнинг дастлабки таъсир кучини бирмунча камайтирганлиги табиий
эди. Чунки ҳар битта даврнинг одами ўз даврининг асарларини ўқишни хуш
кўради. Сабаби ўз даврида яратилган асарларда, табиий равишда, ўша давр
кишиларининг руҳияти кўпроқ акс этган бўлади. Маълумки,
бадиий асар
асосан ўзиникига ўхшаш руҳиятни туйиш истагида ўқилади. Фақат филолог
мутахассисларгина адабиёт тарихида ўтган барча асарларни ўқиш
мажбурияти олдида турадилар. Ҳозирча бутун дунёда ҳам кўпчилиги
бугунги адабий жараён намуналарини эмас, балки адабиётнинг узоқ
тарихига мансуб мумтоз асарларни ўқийдиган бирорта миллат мавжудлиги
маълум эмас.
Айни вақтда, чин бадиий асарлар яратилган давр билан уларни қабул
қилиш ўртасидаги замоний оралиқ ҳамда бу оралиқдаги юз берган бадиий-
эстетик, интеллектуал-мантиқий ўзгаришлар адабий яратиқларнинг асл
баҳоси, таъсир қудрати, бадиий жозибаси, яшовчанлиги ва вақт ўлчовларига
бўй бермас жиҳатларини теранроқ англаш, холис ҳамда муносиб баҳолаш
заруриятини тақозо қилади. Адабиёт тарихида шундай ҳолатлар ҳам
бўладики, асарларнинг ўз даврида у қадар аҳамият касб этмайдиган
жиҳатлари орадан вақт ўтиши билан алоҳида нурланиб кўзга ташланади,
кутилмаганда янгича ва теран маъно касб этади. Қачонлардир яратилган
асар орадан вақтлар ўтиб, бошқа бир даврда замонавий хусусият касб этиб,
ундан ўқилаётган ва текширилаётган вақтдаги шароитга ҳар жиҳатдан мос
келадиган белгилар топилади. Бундай асарлар даврдан баланд туради,
вақтга бўй бермайди.