www.ziyouz.com kutubxonasi
194
— Мен сенга айтай, Зайнаб, — деди Ўзбек ойим ва энди қудасининг гапига қулоқ солмай
қўйди, — оппоқ ойингнинг ҳамма мулоҳазаси сенданга ўхшайди. Зайнаб сиқилмасмикин, икки
ўртаға совуқчилиқ ораламасмикин, деб қўрқади. Мен: Зайнаб сиз ўйлаған келинлардан эмас,
тегу тахтлик, аслзода, Кумушни сийламағанда ҳам бизни сийлайди, — десам ҳам унамайди...
— Мени худо уриптими, — деди Зайнаб.
Офтоб ойим қудасининг кейинги гапидан анча сиқилди. Гўё ўзи Кумушни қолдиришға
тарафдор бўлса ҳам, фақат Зайнабнинг кундашлик қилишидан қўрқиб турғандек кўрсатилган
эди.
— Янглишяпсиз, ойи.
— Янглишсам, янглишмасам Кумуш бу уйдан силжимайдир.
Офтоб ойим бўғилиб, фойдасиз тортишиб ўлтуришни тарк қилди. Энди бу тўғрида эрига
мурожаат қилмоқчи эди...
Марғилонғача аравани Ҳасанали минадирган бўлди. Чунки Марғилондан арава миниб
келгучи ёлланилған киши бўлиб, Тошкандга келишнинг эртаси куни ҳисобини олған эди.
Қудаларнинг қайтиши чинга айлангандан кейин, йўл тараддуди бошланди. Ўзбек ойим
бўғирсоқ қовиртириш, талқон туйдириш, тўқоч ёпдириш билан машғул бўлди.
Офтоб ойим эридан ҳам қўлини ювиб қўлтуғиға урган эди. «Ҳожи афанди бирар йил турсин,
деб айтди. Энди бир йилни ўзимизча кўрмасак бўлмас. Икки оёғимизни бир этукка тиқишимиз
уятка ўхшайдир» дейиши ва сўзга қулоқ ҳам солмай — «меҳмонхонада ҳожи бор, сен билан
йўлакда эзилишиб ўлтуролмайман, номус!» деб бурилиб кетиши бечорани жуда ҳам
эсанкиратиб ташлади. Охирда Отабекка ҳам мурожаат қилиб кўрди. Ундан ҳам асли мақсадни
ҳосил қилолмай, фақат уларникидан жўяликроқ узр эшитди. Отабек қайин онасининг фикрига
қисман қўшилиб «Нима бўлса ҳам беш-ўн кун оғирлиқни маним учун ўз устингизга оласиз. Агар
мен сизнинг талабингизни маъқул қиладирған бўлсам, айниқса қизингизнинг кўнглига шубҳа
келадир... Сизга айткулуги йўқ, бу тўғриға маним аралашмоғим яхши бўлмас. Кундаш адовати
борасидаги фикрларингиз тўғри ва лекин иш у даражаларга етмас, деб ўйлайман... Жуда
бўлмаганда Кумушнинг ўзини олдингизға жўнатарман, хотиржам бўлинг!» деди.
Офтоб ойим шу йўсун ҳар тарафдан ҳам умидсиз-ланиб, менгравсиб қолди. Кумушни кўрган
сайин алланучка юраги ачир, жудолиқ кунларини асло тасаввур қилолмас эди. Кумуш бўлса,
онасининг ҳозирги ҳолига ачинғандек, унга яқинлашмай, четлаб юрар ва иккинчи тарафдан
Зайнабнинг бир ярим қарич осилиб кеткан қовоқ-дудоғиға истеҳзоланиб томоша қилар эди.
Йўл ҳозирликлари битиб, Ўзбек ойимнинг Ойша кампирга атаб тикдирган саруполари ҳам
битди. Бу кун меҳмонларнинг энг сўнгги кечалари эди. Ўзбек ойим ярим кечаларгача қудачаси
билан сўзлашиб ўлтурди.
Сўнгра Офтоб ойим билан Кумушни ёлғиз қолдириб ўз уйига ётқали чиқди. Она-бола бу
кечани бирга кечирмакчи эдилар. Офтоб ойим қудасининг кетидан қизиға ҳайфсиниб қўйди.
— Онангни фироқ ўтида ёндиришдан уялмадинг, қизим.
— Нега ёнар экансиз...
— Нега ёнмайин ахир, дунёға келиб сендан бошқа овинчоғим бўлмаса... Агар қўлимдан
келса ачиб ва ёниб турған юрагимни сенга очиб кўрсатар эдим... Кошки эди бир шаҳаргинада
бўлсанг.
Кумуш онасининг юрагидаги ўтни ҳозир синамасдан ҳам ҳис эткан, чунки йигирма йил ўз
қучоғида ўсдирған онадан ажралиш унинг ўзига ҳам оғир туюлиб бошлаған эди.
— Беш-олти ой... ҳеч нарса бўлмас, ойи. Эсон бўлсақ тағин кўришармиз.
Офтоб ойим кўз ёшисини дув тўкиб юборди. Начоғлик ўзини қаттиғ ушлаган Кумуш ҳам
сиррини яширолмади... Она-бола бир неча вақт йиғи ичида бў-ғилдилар.
— Қолишға-қолдинг, — деди охирда она, — аммо қайин ота ва қайин оналарингға хизмат
қил, яхшилиқни қўлингдан берма, айниқса, кундашингга ёмонлиқ соғинма, яхшилиқдир,
ёмонлиқдир ҳар нимаики ўзлари қилсинлар, зинҳор сен аралашма.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |