www.ziyouz.com kutubxonasi
192
— Ул кундаш бўлғанда мен кундаш эмасми?
— Минг қилғанда ҳам, — деди онаси, — сен чин кундаш бўлолмайсан.
— Нимага?
— Нимагаки эринг сен тарафда, чин кундашлик ва чин душманлик Зайнаб тарафда.
Кумуш кулимсираб онасининг қулоғиға шивирлади:
— Бу тўғрида хотиржамъ бўлинг.
— Нима учун хотиржамъ бўлай?
— Агар Зайнаб манга кундашлик қилаберса, ку-я-вингиз унинг жавобини бермакчи... Шунинг
учун ҳам маним бу ерда қолишим маъқул.
— Жавобини берса, қайтиб келишлик қочмас...
— Ман кетсам, — деди Кумуш, — ҳеч қачон Зайнабка жавоб бермайдир.
— Нега бермайдир?
— Шунинг учунки қудачангиз келинсиз қоламан деб ораға тушадир, аммо мен шу ерда
бўлсам, албатта тилига калтак келадир.
Офтоб ойим ҳамон оёғ узатмади, қизиға ялиниб кўрди:
— Ёш жонинг бор, қизим, — деди, — биравга ёмонлиқ соғинма, ман билан бирга кет, нима
қилишса ўзлук-ўзи қилишсин... Зайнаб ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйған.
— Сиз тушунмай ётибсиз, — деди Кумуш ва эшикдан оёғ товшини сезиб гапни шу ерда
тўхтатди. Ўзбек ойим сўзланиб кирди:
— Нега мунча шошмоқ, ёв қувладими, ақалли бир ой бўлсин... Марғилон деган юртдан от-
отлаб, туя қўмлаб кел эмиш-да бир ойғина турмай кет эмиш! — Офтоб ойим билан Кумуш унинг
ҳурматига ўринларидан турдилар. Ўзбек ойим ўлтура-ўлтура сўради. — Ҳали эшитдингларми?
Eшитдик, — деди Офтоб ойим биз ҳам шунинг можаросида эдик.
— Ахир шу ҳам гапми, худда аллакимларга ўхшаб.
Офтоб ойим узр айтди:
— Уйимиз ёлғиз, шунчалик сизларни озор чекдирдик... Бегона кишиникида ҳам йигирма кун
турайлиқ-чи... Худда ўз уйимиздек яйраб-яшнадиқ, шарофатларингиз соясида кўб кишилар
билан танишдиқ, иззат-икромларингиз таърифидан ожизмиз... Энди навбат сизларнинг ҳам
бизнинг шаҳарларга боришларингизға келди.
— Бекор гап, — деди Ўзбек ойим, — ҳали қудаларимизни муддаодагидек сийлай олғанимиз
йўқ, шу ҳолда жўнатсақ бизнинг шаънимизга яхши эмас... Мен қудамнинг олдиға чиқаман,
бизга номус келтирмакчи бўлса эртага жўнайберсин.
Офтоб ойим такрор узр айтди:
— Бизни уялтирмоқчи бўлсангиз майли, чиқинг, агар хурсандлигимизга қарасангиз, қўйинг.
Кумушингиз ҳам; шунча турғанимиз бас, энди Зайнабни олиб ойимнинг ўзлари бизникига
борсинлар, дейди...
Кетиш орасиға Кумуш ҳам келтурилиб сиқилғач Ўзбек ойимнинг ҳалиги одамгарчиликлари
кейинги навбатка қолди.
— Ҳали Кумуш ҳам кетмакчими?
Кумуш кулимсираб онасиға қаради. Офтоб ойим узр айтди:
— Шукур, сизнинг олдингизда Зайнабниса бор. Маним бўлса қанот-қуйруғим шу Кумуш.
Айниқса, Кумушингизга жавоб бермасангиз бўлмас, ойи.
Ўзбек ойим Кумушка хўмрайиб олди:
— Йўқ-йўқ Офтоббону, — деди, — сизларга жавоб берсам-да, Кумушка йўқ.
— Шу галча жавоб берасиз, мен сиздан сўрайман.
— Сўзингиз ерда қоладир, був Офтоб, бир оз андиша ҳам лозим, — деди ва Кумушка юзини
ўгирди, — уят эмасми, келин? Кеча келдинг сурилиб, бу кун кеткин бурилиб.
— Менда ихтиёр йўқ, ойижон, — деди Кумуш, — сизлар нимани маъқул кўрсаларингиз менга
барибир.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |