www.ziyouz.com kutubxonasi
178
Кумуш ўпкалади:
— Айтинг ҳозир, — деди ва жоду кўзини аллақандай ҳолатка қўйди. Отабек жавоб ўрнида
Кумушнинг юзидан ўпди... Кумуш ўзини қутқазиб ўрнидан турди.
— Яхши қолинг энди.
Отабек тушунолмай унга қаради:
— Нима бўлди сизга, қаёққа борасиз?
— Марғилонға...
— Бу кун кеч бўлиб қолди, эртага кетарсиз.
Кумуш кулиб Отабекнинг юзига урди:
— Бизнинг овлоқда кўришканимизни, — деди, — ойим ва Ҳасанали отамдан бошқа ҳеч ким
билмайдир, айниқса Зайнабингиз билса яхши эмас.
— Билса нима қиладир?
— Ҳеч нарса қилмайдир... Яхши эмас-да,— деди,— бир оздан кейин чиқиб ойим билан
сўрашинг, кирмаганингиз учун қайин оналарингиз сўйинишиб ўлаётиптилар.
Кумуш яна бир кулиб қарағандан кейин уйдан чиқди. Отабек энди тамом ўзини босиб олган,
эндиги юрак уриши фақат ҳалиги фаришта томонға ошиқибқина эди. Ўзи ёлғиз қолғандан сўнг
нимага бўлса илжайди ва Ҳасаналига илгаригидан ҳам қуюқроқ ўзида муҳаббат сезди. Шу
дақиқадан бошлаб кечирадирган масъуд кунларини тасаввурдан ожиз ва Зайнаб тўғрисида
ўйлаб ҳам қарамас, бошқа гап эсига-да келмас эди. Орадан Кумушнинг уйга кириб олиши
фурсат ўткандан кейин, уйдан чиқди ва парвосизча меҳмонлар ўлтурган уйга борди. Унинг
келишини ўз уйидан кўрган Зайнаб югирганча Отабек орқасидан меҳмонлар олдиға кирди.
Уйдагилар Отабек-ни кўриш ила ўринларидан турганлар, фақат Ўзбек ойим «ҳап» этканча
ўлтурар эди. Отабек Офтоб ойим билан кўришди... Офтоб ойим уни қучоқлаб юзидан ўпди ва
кўзига ёш олди... Сўнгра кичкина қайин онаси билан, Зайнабнинг опаси ва бошқалар билан
сўрашиб чиқди ва кулимсираган ҳолда Кумушка «есонмисиз...» деб қўйди. Кумуш ҳам «шукур»
деб кулинди. Сўрашиш тамом бўлғандан кейин ўлтуришдилар. Отабек онасининг ёниға, Зайнаб
унинг ёниға ўлтурдилар. Кумуш Зайнабнинг бу қилиғиға ғижиниб бир-икки қайта ер остидан
унга кўз юборди.
Фотиҳа ўқулиб куяв қайин онаға узр айтди:
— Аввало сизлар келгунча қайтарман, деб эрталаб бир гуноҳ қилдим. Ундан кейин
меҳмонхонадан қўзғалолмай иккинчи уятка қолдим...
Офтоб ойим:
— Боламизникини айби йўқ.
Ўзбек ойим:
— Қимиз киргузиб қайин онангнинг оғзини ҳўл-ламағанингда нах балоға қолиб эдинг,
болам.
Кулишдилар. Карима отин:
— Кумушой бўлса, сен эримни яширғансан, деб Зайнабнинг энгка-тенгкасини чиқарди.
Яна кулгу бир-бирига элашди. Зайнабнинг бояғи ишига Кумушнинг ғаши келганини
айтилмаса, ҳозир ул ҳам жуда очилған, кулар ва ер остидан Отабекка кўз қирини ташлар,
Зайнаб бўлса Кумушни таъқиб этар эди. Мажлиска бир оз жимжитлик киргандан сўнг Отабек
ҳам ўз томонидан бир кулгу тўқумоқчи бўлиб, Зайнаб билан Кумушка қараб олди:
— Мен бир ишка ҳайронман, — деди.
— Нимага? — деб сўради Моҳира ойим.
— Нега Зайнаб семизу Кумуш озғин?!
Ўзбек ойим жавобланди:
— Бунинг ҳикматини мендан сўра, болам, — деди,— Кумушинг ўзингга ўхшаш серфикр
кўринадир, Зайнаб бўлса менга ўхшаш қувноқ.
Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
Do'stlaringiz bilan baham: |