Ача холанинг муҳраси
1980 йили ойимлар (қайнонам) Ҳакимахон ая вафот этдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин,
хокисор, меҳрибон ва доно аёл эдилар. “Дунёнинг ишлари” китобида Она қиёфаси
айнан тасвирланган. Адиб бу жудоликдан жуда қаттиқ изтиробга тушди. Шусиз ҳам
ўта
таъсирчан одам янада маъюс, хаёлчан бўлиб қолди. Охири Абдуғафур Расулов,
Баҳодир Ғуломов (домланинг жойлари жаннатда бўлсин) билан маслаҳатлашиб,
Сижжакка – Оппоқхўжа ака деган қадрдонлариникига чиқиб кетишди. “Дунёнинг
ишлари” китобининг дастлабки боблари ўша ерда туғилган.
“Дунёнинг ишлари” бошқа асарларга ўхшаб тез ва шиддат билан ёзилгани йўқ. Ҳар
бир ҳикоя мустақил асар сифатида туғилган. Аммо уларнинг ҳаммасида она сиймоси
бор. Бу китобнинг дунёга келишида атоқли шоира Зулфия опанинг ҳиссаси катта. Адиб
бўлажак китобнинг биринчи бобларини “Саодат” журналига олиб борганида Зулфия
опа бу яхши асар бўлишини таъкидлаб,
уни давом эттириш кераклигини, журнал эса
уни сонма-сон босиб боришини айтган эканлар. Адиб ҳар бир сўз, ҳар битта деталь
устида диққат билан ишлашни одат қилган.
Бир воқеа эсимдан чиқмайди. “Дунёнинг ишлари”да Ача хола, деган лўли
тасвирланган. Бир куни ёзувчи Ача холани болалигида кўп кўргани, фол очганини ҳам
томоша қилгани,
аммо фол пайтида ишлатадиган, ҳозирги нарда ўйинидаги саккиз
қиррали тошга ўхшайдиган нарсанинг номи нималигини билолмаётганини, асар тўхтаб
қолганини айтди. Тош қурғур нима деб аталишини билиш шарт! Ўйлаб-ўйлаб лўлига
фол очтирадиган бўлдик. Чорсу бозорини кираверишида лўлилар ўтирар эди. Албатта,
ёзувчини кўплар танийди. Фалончи фол очтириб ўтирибди, деган гап чиройлимас.
“Чўл ҳавоси”дан “Икки эшик орасига”гача
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 5
Хуллас, бозорга икковлашиб борадиган бўлдик. “Фол очиришга” киришдик. Лўли бир
балоларни айта бошлаган эди, адаси ҳуржунингда
тош борми, ўша билан очасан,
дедилар. Лўли кичкина саккиз қиррали тош чиқарди. Ёзувчи бунинг оти нима, деб
сўраган эди, лўли фалон сўм берсанг, айтаман, деди. Керакли пулни олгач, бу муҳра
эканини айтди.
Ёзувчи болалигида кўрган тошнинг номи “муҳра”
эканини билиб олгач, “Менинг Ача
холам” боби чала қолган жойидан давом этди. Тошнинг номини келтириш шартмиди,
деб сўрасам, бадиий асарда, айниқса, насрий асарда ҳамма нарса аниқ бўлиши шарт,
мана энди китобни лўли хотинлар ўқиса, менинг устимдан кулмайди,
деб гапни
ҳазилга бурди.
Илтижо
Шундай қилиб, китоб бир йилда дунёга келди. “Дунёнинг ишлари”нинг энг сўнгги
саҳифалари қандай туғилгани ҳамон кўз ўнгимда. Баҳор эди. Кечаси гумбирлаган
товушдан уйғониб кетдим. Момақалдироқ бўлаётган экан. Қарасам, адаси хонада
йўқлар. Айвонга чиқдим. Соат тўртдан ўтибди. Секин ёнларига бордим. Адиб унсиз
йиғлаяпти. Кўз ёши томган саҳифаларни беихтиёр ўқидим. Ўқиб, йиғлаб юбордим. Бу
“Илтижо” деган боб эди. Мана ўша сатрлар:
“Ойи, мен келдим. Эшитяпсизми, ойи, мен яна келдим… Қаранг, ойи, тағин кўклам
кирди. Эсингиздами, ҳар йили баҳор кириши билан сизни далага олиб чиқардим. Сиз
чарақлаган офтобни, тиниқ осмонни, кўм-кўк майсаларни кўриб қувонардингиз.
Эсингиздами, невараларингиз териб келган бойчечакларни кўзингизга суртиб,
“омонлиқ-сомонлиқ” қилардингиз…
Бугун… ўзингизнинг устингиздан бойчечак ўсиб чиқибди… Йўқ, йўқ, ойижон…
йиғлаётганим йўқ. Биламан, мен йиғласам, сиз безовта бўласиз. Ҳозир… ҳозир ўтиб
кетади. Мана, бўлди…
Эсингиздами, ойи, сиз укамга алла айтардингиз. Мен алланинг оҳангига маст бўлиб
ухлаб қолардим. Ўша бешикда мен ҳам ётганман. Аллангиздан мен ҳам ором олганман.
“Чўл ҳавоси”дан “Икки эшик орасига”гача
[ SAVIYA.UZ ]
. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда ёки бошқа сайтларга жойлаштирилганда
сайт номи ҳаволаси билан кўрсатилиши шарт!
| 6
Нима қилай, ойи, мен алла айтишни билмайман. Қабрингизни силаб қўйсам ором
оласизми?.. Мана, ойижон, мана… Йўқ, йўқ, йиғлаётганим йўқ. Ҳозир, ҳозир ўтиб
кетади”.
Балки, бу парчани алоҳида ўқиган одам унчалик ҳаяжонга тушмас. Бироқ “Дунёнинг
ишлари”ни бир бошдан ўқиб, Онани қаттиқ севиб қолган китобхон бу сатрларни
ўқиганда ларзага тушмай қолмайди. “Илтижо” бобини кўзда ёш билан ёддан ўқиб
берган кўплаб талаба ва ўқувчиларни кўрдим. Дарвоқе, “Икки эшик ораси” романининг
“Зилзила”, “Тушда кечган умрлар” романининг “Оппоқ-оппоқ қорлар ёғди”
бобини
ларзага тушиб, ёдаки ўқиган китобхонлар ҳам оз емас. Балки, муаллифнинг ўзи уларни
росмана йиғлаб ёзгани учун ҳам шундайдир. Нима бўлганда ҳам адиблар йиғиси
ўқувчининг қалбига нур олиб киради.
Ўлмасхон Ҳошимова,
адабиётшунос, педагог
2011 йил, август