Халқаро Астрономия Иттифоқи (ХАИ) бу
саволга жавоб излаш
мақсадида гарвардлик профессор Оуэн Жингерих бошчилигида махсус ишчи
гуруҳини тузди. Таркибига астрономлар, тарихчилар ва ёзувчилар кирган
ишчи гуруҳ икки йил давомида изланиш олиб бориб, қуйидаги таклиф
киритди. Сайёралар сони 12
тага етказилиб, улар икки гуруҳга бўлиниши
лозим. «Классик» сайёралар деб аталмиш биринчи гуруҳга Меркурий,
Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун ва энг катта астероид
Церера киради. «Плутонийлар» деб аталувчи иккинчи гуруҳга Плутон, Эрида
нептунорти объектлари кириши керак.
Лекин ХАИ Комиссияси бошқача таклифни ўртага ташлади. 2006 йил 24
августда Халқаро Астрономик Жамиятнинг Прагада 2500 дан ортиқ астроном
иштрокида ўтган XVI Бош Ассамблеясининг охирги иш кунида Қуёш
системаси жисмларининг янги мақоми бўйича ХАИ Комиссияси таклифи
учун овоз берилди. Овоз бериш натижаларига кўра
эндиликда осмон
жисмлари қуйидагича таърифланади:
1. Сайёра - Қуёш атрофида айланувчи осмон жисми. Шарсимон шаклда
бўлиши керак ёки бу шаклни эгаллаши учун етарлича катта ва массив
бўлиши, ҳамда ўз орбитаси яқинида ўлчами уникига яқин жисм бўлмаслиги
керак. Сайёралар сони 8 та: Меркурий, Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн,
Уран ва Нептун. Бу гуруҳга «классик сайёралар» номи берилди.
2. Митти сайёра - Қуёш атрофида айланувчи осмон жисми бўлиб,
орбитаси яқинида ўлчами уникига ўхшаш жисм бўлиши мумкин. Митти
сайёралар Плутонга ўхшаш бўлиб, уларнинг энг йириги Эридадир. Плутон,
Харон, Церера ва Седна ҳам ушбу оила вакиллари деб ҳисобланди. Митти
сайёраларга нептунорти объектлари номи берилган.
3. Қуёш системасининг бошқа объектлари - Қуёш
атрофида айланувчи
барча жисмлар. Улар «Қуёш системасининг кичик жисмлари» деб аталади.
Ҳозирча буларга Марс ва Юпитер сайёралари оралиғида ҳаракатланувчи,
сони 600 мингдан ошиб кетган астероидлар, кометалар ва нептунорти
объектларидан бошқа осмон жисмлари киради. Булар орасида 2009 йилда
Ўзбекистонда очилган “Самарқанд” астероиди ҳам бор.
Ҳа, Плутон энди катта сайёралар сафидан чиқарилди! Инсон асрлар
давомида кўкка
интилиб яшаб, ўзининг Коинот ҳақидаги билимларини
ошира борди. Сайёралар, кометалар ва астероидларни кашф қилди, Ер
атрофидаги яқин космосни забт этди, Ойга парвоз қилди. ХХ аср сўнгида яна
бир буюк кашфиёт қилинди: Қуёш тизимидан ташқарида, бошқа юлдузлар
атрофида айланувчи сайёралар – экзосайёралар топилди. Буюк поляк олими
Николай Коперник ўзининг гелиоцентрик тизимида Олам марказида Қуёш
жойлашган, унинг атрофида барча сайёралар, жумладан Ер ҳам айланади,
юлдузлар эса Қуёшдан бир ҳил масофада жойлашган, деб ўқтирган эди.
Жордано Бруно Коперник
таълимотини ривожлантириб, юлдузлар Қуёшдан
турли масофаларда жойлашган, улар ҳам Қуёшга ўхшаб кучли нур тарқатади,
уларнинг атрофида ҳам сайёралар айланади, ўша сайёраларда ҳам одам
яшаши мумкин, деган эди. Бруно башорати тўғри бўлиб чиқди. ХХ аср
охирларига келиб ўнлаб экзосайёралар топилди. Ушбу сайёралар телескопда
кўринмаса-да, уларнинг мавжудлигини сайёра она юлдузининг тебранувчан
ҳаракатидан билиш мумкин эди. 2009 йилда экзосайёраларни кузатишга
мўлжалланган "Кеплер" космик телескопи учирилди. Унинг ёрдамида 1000
дан ортиқ экзосайёра топилди. Уларни излашда турли усуллар қўлланилди.
Топилган сайёраларнинг аксарияти ўз она юлдузига яқин жойлашган юқори
ҳароратли гигант сайёралар - "қайноқ Юпитерлар" бўлиб чиқди. Ва ниҳоят,
2009 йил апрелида экзосайёраларнинг илк кашфиётчиси
Мишел Майор
бошқарган халқаро астрономлар гуруҳи Глизе 581 юлдузидаги “е” сайёрани
очди. Бу сайёра бизга маълум экзосайёраларнинг энг енгили бўлиб чиқди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, унинг массаси Ер массасидан икки марта
кичикроқ экан. Бундан ташқари, Глизе 581 юлдуз тизимидаги “d” сайёраси
илк бор 2007 йилда топилган бўлиб, орбитаси аниқлангандан кейин “яшаш
зонаси”га тушди. Бунинг маъноси шуки, бу сайёрада очиқ ҳолдаги сув
океанлар мавжуд бўлиши мумкин. 2012 йил 22 февралда Гарвард – Смитсон
астрофизика маркази олимлари Ердан 40 ёруғлик йили узоқликда сувдан
ташкил топган GJ 1214 b экзосайёрасини топишди. Ниҳоят, 2014 йилда
очилган Кеpler-186F экзосайёраси Ердан бироз каттароқ дастлабки сайёра
бўлиб қолди. У ўз она юлдузидан "яшаш зонаси"
деб аталувчи масофада
жойлашган. Бу масофада сайёра сиртидаги сув суюқ ҳолатда бўлади. Мазкур
сайёра Ердан 490 ёруғлик йили масофада жойлашган. Энг сўнгги ҳисоб-
китобларга кўра, Сомон йўли деб аталмиш Галактикамиздаги экзосайёралар
сони 100 милиарддан ошар экан. Улардан 5-20 миллиарди “ерсимон”
сайёралар бўлиши мумкин.
Рассом тасаввуридаги Плутон
Бу кашфиётлардан илҳомланган инсоният энди ўзини Қуёш тизимидаги
сайёраларга, аввало, Марсга парвоз этишда синаб кўрмоқчи. Марсга бўлажак
дастлабки парвозлар борса келмас парвозлар бўлса-да, бу ҳақда эълон
бўлиши биланоқ, сайёрага парвоз қилишни хоҳловчилар сони 10 минг
кишидан ошиб кетди. Инсоният Қуёш тизимининг чеккасига бора оладими,
йўқми, буни билмаймиз. Лекин, бир инсон йўлга чиқиб бўлди. 2006 йилда
Клайд Томбо таваллудиниг 100 йиллиги шарафига «Янги горизонтлар»
космик кемаси учирилди. Кема бортида Плутонни кашф этган Клайд
Томбонинг ҳоки солинган қутича бор.
Томбо тўқсонинчи
йиллар охирида, 93 ёшда вафот этди. Ҳозир унинг
ҳоки космик кемада Плутонга қараб учиб кетмоқда. Ҳақиқатан, бу маълумот
барчани ҳаяжонга солади. Наҳотки, у ўшанда – 1930 йилда Плутонни кашф
этганида, ўзи Плутонга учиб боришини тасаввур қилган бўлса? Бу парвоз
сайёрани кашф этган инсон хотирасига бўлган чуқур ҳурматдир. “Янги
горизонтлар” аппарати 2015 йил 14 июлда Плутонга етиб боради. Ўн йиллик
парвоздан сўнг «Янги горизонтлар» да Плутонни ўрганиш учун атиги бир
неча ойгина вақт қолади. Асбоб-ускуналар Плутонга ултрабинафша
диапазонида қарашга, атмосферасининг юқори қатламларидан чанг йиғиш ва
сайёрада магнитосфера бор-йўқлигини аниқлаш учун Қуёш шамолининг
зарядланган заррачалари параметрларини ўлчаш имконини беради.
Шундан
сўнг, «Янги горизонтлар» Плутонни тарк этиб, номаълум юлдуз сари йўл
олади. Худди 85 аввал Плутоннинг мавжудлигини билмаганимиздек,
кеманинг қаерга боришини ҳам билмаймиз.
Хушвақтов Ўрал Норқобилович
20.04.20222