ФАН ВА ТУРМУШ ЖУРНАЛИДАН
Биз билган, билмаган Плутон
Яқин-яқингача биз Плутонга Қуёш системасининг тўққизинчи сайёраси
сифатида қарар эдик. XXI аср бошларида Плутон катта сайёралар сафидан
чиқариб юборилди. Нега бундай бўлди? Бу саволга жавоб бериш учун
сайёраларнинг очилиш тарихи ҳақида тўхталсак. ХVIII аср охирларида
астрономлар Қуёш системаси Меркурий, Венера, Ер, Марс,
Юпитер ва
Сатурн каби олтита сайёрадан иборат деб ҳисоблашар эди. 1781 йилда инглиз
олими Вильям Гершель еттинчи сайёра – Уранни телескоп ёрдамида топди.
1820 йил парижлик астроном А. Бувар Юпитер, Сатурн ва Ураннинг
координаталари ўзгариши жадвалини ўта аниқликда ҳисоблаб чиқди. Бироқ
орадан ўн йиллар ўтгач, Уран олдиндан ҳисобланган ўз ўрнидан анчагина
илгарилаб кетди. Астрономлар Уран ҳаракатидаги бу четлашиш,
унинг
орбитасидан ташқаридаги бошқа бир сайёранинг таъсири туфайли, рўй
берган деган қарорга келишди. Француз математиги У. Леверье мураккаб
математик масалани ҳал этиш орқали сайёранинг ўрнини аниқлаб берди.
1846 йил 23 сентябрда Берлин обсерваториясининг астрономи, профессор
Галле сайёрани Леверье ҳисоблаб қўйган жойдан
атиги бир градус наридан
топди. Сайёрага денгиз маъбуди - Нептун номи берилди.
Қуёш тизими катта сайёралари ва кичик жисмларининг масса ва
ўлчамлари: массалар Ер массаси бирликларида, орбита ўлчамлари
астрономик бирликларда берилган. Кашф этилган митти сайёралар ўз орбита
ўлчамларига кўра катта сайёралардан 2,5 марта, масса бўйича 300 марта
кичик, шу туфайли улар “нормал” сайёралар билан "беллаша" олмайди.
Графикдаги кенг белбоғнинг мавжудлиги сайёра ўз орбитасини бегона
жисмлардан тозалай олишини кўрсатади.
1880 йилда инглиз астрономи Форбс Нептундан ташқари ҳам сайёра
бўлиши керак деган фикрни илгари сурди. Шундан сўнг астрономлар бу
сайёрани ҳам қидиришга тушишди. ХХ аср бошига келиб номаълум сайёрани
қидириш билан астроном Ловелль қизиқди. Унинг ўзи
ташкил этган
обсерваториясидаги уринишлари бесамар кетди. Ниҳоят, узоқ давом этган
машаққатли кузатишлар натижасида сайёра 1930 йилда Клайд Томбо
томонидан очилди.
Клайд Уильям Томбо
Камбағал ижарачи-фермер оиласида дунёга келган Томбо 12 ёшида илк бор
телескопда Ойни кузатиб астрономияга қизиқиб қолади. Мактабни
тугатаётган синфдошлари мактаб хотира китобига Томбо ҳақда "У янги
дунёни очади", деб ёзиб қолдиришганди. Оиласидаги моддий қийинчиликлар
туфайли Томбо ўқишни давом эттира олмаган бўлсада,
унинг астрономияга
бўлган қизиқиши сўнмади. Ўзи мустақил равишда шишага ишлов бериб,
кўзгусининг диаметри 9 дюйм (тахминан 23 см) ли телескоп ясади. У ушбу
телескоп ёрдамида олинган Юпитер йўлдошлари ва Марс юзасининг
тасвирларини Ловелль обсерваториясига юбориб турди. Бу тасвирлар
мутахассисларда қизиқиш уйғотди.
1928 йил охирларида Ловелль обсерваториясининг директори Слайфер
ҳаваскор астроном Томбони ишга таклиф қилади. У
лаборант-фотограф
лавозимига ишга олинади. Номаълум сайёрани қидириш узоқ давом этган
машаққатли меҳнатни талаб қилди. Томбо суткасига 18 соатлаб ишлар эди.
Тунлари осмонни расмга олиб, кундузлари олинган фотопластинкаларни
блик-компаратор деб аталмиш ускунада синчиклаб текширарди. У номаълум
сайёрани қидириш давомида 100 минглаб юлдузлар тасвирларини бир-бири
билан
солиштириб, янги комета ва юзлаб астероидларни кашф этди. 1930
йилнинг 18 февралида, у фотопластинкаларни текшира туриб, Эгизаклар
юлдуз туркумида қўзғалмас юлдузлар орасида кичик бир хира нуқтанинг
ҳаракатини сезиб қолди: бу Плутон эди. Ҳозирги замон ҳисоб-китобларига
кўра, Плутоннинг диаметри 2324 километр. Сайёра Қуёш атрофини 249
йилда бир марта айланиб чиқади. Қуёшга энг яқин келиш масофаси - 29,65
а.б., энг узоқлашиш масофаси - 49.28 а.б. Плутон 1979 йилда Қуёшга
нисбатан минимал масофадан ўтиб, Нептун орбитасидан ҳам ичкарига кириб
келди ва 1999 йилда бу орбитадан ташқарига чиқиб кетди. Унинг массаси
0.0022 Ер массасига тенг, зичлиги - 2 г/см3. Унинг сиртидаги ўртача ҳарорат
минус 230 0С га тенг. Плутон сайёраси кашф этилганидан сўнг
олтмиш
йилдан ортиқроқ вақт давомида Қуёш системасида бошқа катта сайёра
топилмади. Олимлар Плутонни 1978 йилгача, яъни унинг йўлдоши кашф
этилгунига қадар нақадар кичик эканлигини билишмаган эди. Харон –
Плутоннинг беш йўлдошидан энг йириги, у унча катта бўлмай, диаметри
атиги 1212 километр. Лекин Плутон билан солиштирилганда улкандек
туюлади. Харонни биз Плутон йўлдоши деб ҳисобласак-да, аслида у қўшалоқ
объектнинг биридир. Бу объектнинг атрофида 4 та йўлдош ҳаракатланади.
Плутон ерости дунёсининг маъбуди шарафига номланган ва у етмиш йилдан
ортиқ мактабларда тўққизинчи сайёра деб ўқитилган. Йигирманчи аср
охиригача Плутон ҳақида билганларимиз ана шулардан иборат эди.