Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
32
«ҚУЛОҒИНГНИ ДИНГ ҚИЛГИН-У, ТИЛИНГНИ ТИЙ!»
Комиссар сут бидонни кўтариб пастга тушганда тонг отмаган, ҳаво совуқ эди. Бақатераклар
шохи қорнинг оғир юки остида эгилиб, шу туришда музлаб қолгандек. Бир-икки кун
эрувгарчилик бўлиб, тўсатдан яна совуқ тушди. Шунинг учун шекилли, том чеккасида узун-
узун сумалаклар таҳлидли осилиб ётибди. Комиссар икки букланганча йўлканинг қорини
кураётган Қурбонойни узоқдан кўрди. Қор қотиб қолгани учун курак ҳар текканида ғашни
келтириб қартиллайди. Эгнига қалин пахталик чопон кийган, бошига жун рўмол ўраган
Қурбоной кучана-кучана қорни йўлка четидаги ариққа суриб туширишга уринади.
Шу ҳам одамман, деб яшаб юрибди-да! Саҳармардонлаб кўча супуради. Қишда қор курайди.
Беш вакт энкайиб намоз ўқийди. Бошига кулфат тушса, курашиш, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш
ўрнига Худога солдим, дейди-да, бўзрайиб тураверади. Начора, ота-бобосидан қолган мерос...
Эшонлар эшак бўлади, дегани шу бўлса керак-да!
Яна қор бошлади шекилли! Тошкентта Россия қиши кўчиб келдими, нима бало... Москва
атрофларида ҳам қор кўп бўлади. Бир ҳафсала қилса, ҳафталаб ёғади. Қирқ биринчи йил
декабрида шундай бўлганди. Совуқ! Гапирган гапинг оғзингдан муз бўлиб тушаётгандек...
Фашист Москва остонасига келиб қолган, қочоқлар, ваҳимачилар кўпайган... СМЕРШ-чилар
жасорат кўрсатмаса, ким билсин, нима бўларди бу ёғи! СМЕРШнинг оддий лейтенантини
кўрса, унча-мунча полковникнинг қути ўчиб кетарди... Ҳеч эсидан чиқмайди. Қор уриб
турибди. Бутун полкни сафга тизишди. Окопни ташлаб қочган иккитасини тутиб келишган
экан. Ўша ернинг ўзида дала трибунали бўлди.
Бир маҳал капитан Захаров чақириб қолди:
— Лейтенант Ғаниев. Анави биттаси осиёликларданга ўхшайди. Билмайман, ўзбекми,
тожикми... Биттаям гапига тушуниб бўлмаяпти. Ўзинг тиллаш.
Ўрмон четидаги яйдоқ майдонда саф тортган аскарлар рўпарасида иккитаси безрайиб турар
эди. Иккаласи ҳам бошяланг, шинели ечиб олинган, яланг оёклари қорда гўштдек қизариб
кетган... Соат шаҳдам қадам ташлаб бориб берироқда тўхтади.
— Кимсан? — деб сўради қора сочлигидан. — Қаердан келгансан?
Қочоқ ўзбекча сўз эшитиб, жонланди.
— Ўзбекман, ака! — деди йиғламсираб. — Менда гуноҳ йўқ. Тепамда Худо турибди.
Гуноҳим йўқ, жон ака!
— Саволга жавоб бер. Нега жанговар постингни ташлаб қочдинг, хоин?!
— Мен хоин эмасман... — Қочоқ шундай деди-ю, бир зум Соатнинг юзига тикилиб туриб,
шодон хитоб қидди: — Соат ака! Мени танимадингизми, Соат ака? Мен-ку, бу мен! Ҳусан-ман,
Ҳусан! Тепақўрғондан... Яратганга минг қатла шукр! Худо етказди сизни, Соат ака! — У
ҳўнграб йиғлаб юборди...— Тушунтиринг буларга, менда гуноҳ йўқ! — Илтижо билан икки
қўлини осмонга чўзди. — Илоё дунё тургунча туринг, жон ака! Ота-буваларимнинг арвоҳи
қўлласин! — Ялангоёқ қор кечиб яқин кела бошлади.
— Нари тур, эшонвачча! — деди Соат нафрат билан. — Нега қочдинг? Нега қуролингни
ташладинг?
— Қурол? Қанақа қурол? — Ҳусан иркит қўли билан кўз ёшларини артди. — Ёғоч милтиқ
берганди. Устимга танк бостириб келди. Қўрқиб кетдим.
— Нима деб алжираяпти, Ғаниев?
Соат ярқ этиб қаради-ю, капитаннинг шубҳа билан чақчайиб турган кўзига кўзи тушди.
Юраги музлаб кетгандек бўлди. Особист учун Ватан хоинини ҳимоя қилишга уринди, деган
битта тамғанинг ўзи кифоя!
— Орқамизда Москва турганини унутдингми, илонвачча!— деди Соат ғазаб билан. —
Шахсан ўртоқ Сталиннинг ўзи Кремлдан жилмай ўтирибди-ю, сенинг жонинг ширинлик қилиб