www.ziyouz.com kutubxonasi
132
— Очинг! — деди дағдаға аралаш.
Калит шиқирлади. Дарвоза остонасида елкасига тўн ташлаган, оппоқ сочли бошига яп-янги
дўппи кийган ихчам гавдали одам пайдо бўлди. Тўсатдан бир қалқиди-ю, чалқанчасига ерга
қулади. Дўпписи бир томонга, калиши иккинчи томонга учиб, оёғи тарвақайлаб қолди.
— Домла! — Совмин ходимининг капалаги учиб, шоирнинг бошига эгилди. — Сизга нима
бўлди, домла? Кўзингизни очинг!
Бунақа пайтда гарданини ишқалаш керак. Шундай килишди. Шоир кўзини очди.
— Нима га-ап? — деди инқиллаб. — Тинчликми?
— Тинчлик, домлажон, сизни ошга айтиб келдик. — Совмин ходими меҳрибонлик билан
шоирни қўлтиғидан кўтарди. Шоирнинг шими ҳўл, тиззалари лой эди.
Ҳовли бир зумда югур-югур бўлиб кетди. Эркагу аёл, бола-бақра аралаш-қуралаш ёпирилиб
келди. Ўғил-келинлари, невара-чеваралари шоирни авайлаб уйга етаклашди.
— Дадажон, нима бўлди?
— Бобожон, нима қидди?
Жўжага ўхшамай ўл ҳамманг! Нима бўларди? Отанг қўрққанидан сийиб юборди. Тамом —
вассалом! Совмин ходими ҳам ичкари кириб кетганча зим-зиё бўлди. Анча кутишди. Комиссар
машинада ўтиравериб, зерикиб кетди. Нима зарил эди, шу лаънати ошга бориб? Наҳорлаб
мечкай қоринга ош ейишдан бошқасини билмайди булар!
Ниҳоят, Совмин ходими домла Саидийни суягудек бўлиб олиб чиқди.
— Оддинга ўтирақолинг, домлажон! — деди меҳрибонлик билан.
Комиссар орқа ўриндиққа ўтаётганда қўшниси ўзига нафрат билан қараб қўйганини сезди...
Тўйхонага етгунча бир оғиз гаплашмадилар. Шоир ортига бурилиб қарамас, ўқтин-ўқтин
хўрсиниб қўяр эди.
Ош тугамаган экан. Дастурхонда турп бўлаклари, гуруч қолдикдари сочилиб ётган иссиқ
уйга олиб киришди. Буни қарангки, Совмин ходими билан шопирга бир лаган, шоир билан
Комиссарга бир лаган ош келди. Шоир ошга қўл ҳам урмади. Емасанг, заҳарингга! Комиссар
таъби тортганча еди.
— Ошдан олмадингиз-ку, домла! — деди чой ҳўплаб. Бир нуқтага тикилиб ўтирган шоир
сесканиб ўзига келди. Кўзи чақчайди. Паст овозда дона-дона қилиб таъкидлади:
— Сен билан ош ейманми? Сен билан-а?
Хонада ўтирган ўн чоғли одам ярқ этиб шу томонга қаради...
Қайтишда машинага яна ўша тартибда жойлашдилар: олдинда шоир, орқада Совмин ходими
билан Комиссар. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Совмин ходими шоирни дарвозагача суяб олиб
борди. Комиссар унинг охирги гапини эшитди:
— Мени кечиринг, домла... Билмабман... Билсам... — Комиссарнинг хаёлидан истеҳзоли ўй
кечди. «Хэх! Билганда нима қилардинг?»
Совмин ходими қайтиб келиб, олдинги ўриндиққа ўтирди.
— Ишхонага! — деди қатъий оҳангда.
Комиссар мийиғида кулиб қўйди. «Демак, мени дуч келган метро бекатига ташлаб кетасан!
Гапир, Совмин! Нега индамайсан? — деди хаёлан хитоб қилиб. — Хэх! Албатта индамайсан-да!
Яхшилаб титкилаб кўрилса, ўзингнинг биографиянгдан ҳам хоҳлаганча иллат топилади!»
Сут дўконида очирид кўп экан. Узоқ туриб қолди. Қайтаётганида кун ёришиб кетган эди.
Эгнига пахталик кийган Қурбоной йўлка супуряпти. Дўконга нон тушяпти... Ота-бола
Оллобергановлар тағин югургилаб ёнидан ўтиб кетишди. Қани чопавер-чи, қаёққа бораркансан.
Эрта-индин ўғлингга передача ташийсан. Тоштурмага. Ўғлинг анави Шоматовнинг ўлиги
устида айтган гап эсингдан чиқдими? Тергов практикасининг ўз қонунлари бор. Энг залварли
далил энг охирида айтилади. Ўнгланмас зарба бериш учун... Анави сўтак терговчига айтиб
қўйиш керак. Шоматовни мана шунинг ўғли ўддирган!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |