www.ziyouz.com kutubxonasi
140
этиб қўйди. Чойнак қопқоғи шарақлаб силкинди, тумшуғидан чой томди.
— Қуймайсанми? — дедим ноқулай илжайиб.
— Балки ичириб қўйишим ҳам керакдир? — Энди у йиғламас, шам ёғдусида кўзлари
ғазабли ёниб турарди. — Э-ҳа, — деди асабий кулиб. — Эсимдан чиқибди: ахир сиз ёш
боласиз-ку! Нотавон гўдак!
Гапидан кўра оҳанги оғир ботди. Ичимдан тошиб келаётган титроқни аранг тийиб турардим.
Эшик журъатсиз тақиллади. Шаҳноза шошилмай бориб очди. Қоронғи йўлак томондан
Қурбоной холанинг овози келди. Шаҳноза билан айланиб-ўргилиб сўрашди. «Рустамжон ўғлим
яхши ўтирибдими?» деди. Гап-сўзидан шам сўраб чиққанини англадим.
...Шаҳноза қайтиб келиб, юзини терс ўгирган кўйи ўтираверди.Нимадир дейишим керак эди.
— Ким кепти? — дедим ўта бемаъни савол бераётганимни била туриб.
Шаҳноза ярқ этиб ўгирилди.
— Вой! Эшитиб қолдингизми? — деди ўйиб оладиган оҳанг-да. — Санжар ака келди!
Байрам баҳона машинасида сайр қилдирмоқчи экан. Диляни ўйнатиб зерикибди. Энди менинг
галим экан!
Ғазабим қўзиди. Амаллаб ўзимни босишга уринардим. Билиб турибман: ҳозир уришсак,
буниси — охирги жанжал бўлади.
— Гулни-чи? — дедим лабим титраб. — Гулни нега Диляга бермабди?
Шаҳноза афтимга чақчайиб, истеҳзоли кулди.
— Сиз бермаганингиздан кейин у беради-да! Бирон марта гул совға қилганмисиз одам
бўлиб?
Титраб кетдим.
— Бас! — дедим таҳдид билан.
— Урмоқчимисиз? — Шаҳноза ўрнидан сапчиб турди. — Уринг! — деди чинқириб. —
Уринг! Шундан бошқа нима келарди қўлингиздан! Дуч келган одамга мушт кўтарасиз. Ҳамма
— ёмон. Битта сиз — яхшисиз! Ўз кўнглингизда қаҳрамонсиз! Адолат ўрнатмоқчи бўласиз...
Уни бу алпозда биринчи кўришим эди. Юзи ғазабдан хунуклашиб кетган, кўзларида алам
эмас, ғазаб ҳам эмас, нафрат ёнар, вужуди қалтираганча автоматдек тўхтовсиз гапирар эди.
— Нимага эришдингиз? — деди ҳамон чинқириб. — Нимани исботладингиз? Одамлар
сизнинг адолатингизга тупурган, эшитдингизми! Минг марта, миллион марта! Бундан кейин
ҳам тупуради, билдингизми?..
Қулоқларим шанғиллаб борар, кўз ўнгим қоронғулаша бошлаганини сезиб турардим.
— Бўлди! — дедим нафасим қайтиб. — Бўлди, Шаҳноза... илтимос, Шаҳноза... Дунёда
адолат бор-ку! Озми-кўпми, адолат бор ахир...
У дами кесилгандек жимиб қолди. Мени биринчи марта кўраётгандек бошимдан оёғимгача
қараб чиқди.
— Нима? — деди овозини пасайтириб. — Нима дедингиз? —. Эсдан оғган одамдек
қийқириб-қийқириб кула бошлади. — Ҳа-а, энди тушундим, тушундим! — Яна баттарроқ
қийқирди. — Манави кошонани айтяпсиз! Сенга уй олиб бердим, демоқчисиз. Шунақами?
Айтинг, шуни пеш қилмоқчимисиз? Уй олиб берганмиш. Вой! Уй олиб берганмиш! —
Жазаваси тутиб, қўш қўллаб тиззаларига ура кетди. — Суюнчи беринглар! Бу киши излаган
адолатини топибдилар!
Ҳайратдан оғзим очилиб қолган, нима дейишни, нима қилишни билмасдим.
Кулиб-кулиб, чарчади шекилли, энтиккан кўйи афтимга узоқ тикилди.
— Қаҳ-ра-мон! — деди нафратли истеҳзо билан бош чай-қаб. — Адолат курашчиси!.. У
қулоқ-бу қулоғингиз билан эшитиб олинг! Агар адам исполкомдаги Степаничми, гўрми-ерми,
ўшанинг жиғилдонига беш мингни тиқмаса, мана шу товуқ катагиниям тушингизда
кўрардингиз!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |