www.ziyouz.com kutubxonasi
139
жойига тушди. Мени Пскентнинг автобусига чиқариб юборсанг — бас. Қоронғи тушмасидан
етиб олақолай.
Шаҳнозани қайта-қайта бағрига босиб хайрлашди. Пастга тушаётганимизда Шаҳноза ҳам
отланиб қолди.
— Ғир этиб бозорга тушиб келаман, — деди тушунтириб. — Уйда ҳўл мева билан кўкат
қолмабди.
«Эрталаб ўзим олиб келарман», десам, кўнмади. Онамни кузатиб қайтсам, Шаҳноза ҳалиям
келмабди. Юрагим сиқилиб, пастга тушдим. Қуёш ботган, сийрак туман туша бошлаган, ҳаво
совуқ эди. Кўнглим баттар ғаш тортди. Шунча бозор қиладими, одам!
Кўча бўйидаги бақатерак тагига келиб тўхтаган машинага аввал эътибор бермадим. Орқа
эшикдан тушаётган Шаҳнозанинг сарғиш плашини кўрганимдан кейингина разм солиб
қарадиму, қора машинани танидим: Санжарнинг «Волга»си! Юрагим нохуш уриб кетди.
Санжар нариги эшиқдан тушди. Башанг кийинган, бўйнида бўйинбоғ... Машина орқасига ўтиб,
юкхонани очди. Хўжалик сумкасини ерга қўйиб, очилиб-сочилиб, бир нималар деди. Шаҳноза
ҳам чамаси ғамза билан жавоб қилди. Санжар Шаҳноза тушган эшикдан машина ичига бош
суқди. Шаҳнозага оппоқ чиннигуллар узатди. Назаримда Шаҳноза боягидан ҳам очиқроқ ғамза
билан кулгандек бўлди.
Қандай етиб борганимни билмайман. Шаҳнозанинг қўлидан гулларни юлиб олдим-да,
майда-майда қилиб, Санжарнинг башарасига отдим. У ранги гезарганча, бир зум довдираб
турди-да, «Аҳмоқ!» — деди. Ўзимни идрок этолмай қолдим.
Шуниси эсимдаки, Санжар чап бериб қолди. Қўлим машинанинг орқа ойнасига қарсиллаб
урилди.
Ойна чил-чил бўлиб кетди. Аммо тўкилиб тушмади. Шаҳноза қўрқувдан кўзлари олайиб,
билагимга осилди.
— Кетинг! — деди ялиниб. — Илтимос, кетинг, Санжар ака!
«Санжар ака»си бирпас серрайиб турди-да, рулга ўтирди. Машина беш-олти қадам юриб,
бир силкинган эди, орқа ойнаси дув тўкилиб кетди.
Шаҳноза икковимиз йўл четида анча туриб қолдик. Байрам бўлгани учунми, одам гавжум,
аммо ҳеч ким бизга парво қилмас эди. Ниҳоят, Шаҳноза кафти билан юзини тўсганча уй томон
югурди. Бирпас иккиланиб турдим-да, мен ҳам уйга йўл олдим. Терак тагида турган сумкага қўл
тегизишга ҳазар қиддим. Назаримда, жигарранг сумка ҳам, ичидаги нарсалар ҳам ҳаромга
ўхшар эди.
Шаҳноза каравотга мук тушиб йиғлаб ётган экан. Рости, қилган ишимдан ўзим пушаймон
бўлдим. Ёнига келиб ўтирдим. Бошини силаб юпатгим келди-ю, ғурурим йўл қўймади.
Телевизорни ёқсам, «Ахборот» кўрсатаётган экан. Москвадаги ҳарбий парадни беряпти. Ана,
БТРлар, БМПлар, танклар, ракеталар... Қулоғим остида портлаш садолари, ярадор йигитларнинг
оҳу фиғони эшитилгандек бўлди. Телевизорни ўчириб қўйдим. Анча фурсат ўтди. Шаҳноза
ҳамон каравотда ҳиқиллаб ётар, ёнига боргим, кўнглини кўтаргим келарди-ю, гапни нимадан
бошлашни билмасдим. Аксига олиб чироқ ўчиб қолди. Дераза пардасини очиб қарасам,
ҳаммаёққа зулмат чўкибди. Фақат катта кўчадаги симёғочларда чироклар ёниқ, улар ҳам туман
қўйнида ярадек хунук, ярадек оғриқ аралаш милтираётгандек эди.
— Шам бормиди, Шаҳноз? — дедим вазиятни юмшатиш илинжида.
У хоҳламай ўрнидан турди. Ҳиқиллаб йиғлаганча, ошхонага кириб кетди. Тарақ-туруқ
қилиб, шам излади. Анчадан кейин стаканга солинган, липиллаб ёнаётган шамни кўтариб
кирди. Йиғиштириб олинмаган дастурхонга қўйди. Йиғидан кўзлари шишиб кетган эди.
Ачиндим. Ичимда ўзимни сўкдим.
— Чой ичайлик, Шаҳноз... — дедим секин.
У кескин бурилиб, яна ошхонага кирди. Чойнак кўтариб чиқди-да, дастурхон устига дўқ
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |