www.ziyouz.com kutubxonasi
131
қараса, ёнида Назира ётибди. Секин қўлидан ушлади. «Қўйвор! — деди Назира сансираб. —
Қўйвор, беномус!» Ие, Назира эмас, Фотима-ку! «Қўйвор!» — деди Фотима ғазабдан афти
қийшайиб... Комиссар юраги гурсиллаб уйғонди. Анчагача қоронғи шифтга қараб ётди. Бора-
бора тағин боши ғувиллай бошлади. Шунда... девор орасидан қандайдир шарпа сирғалиб чиқди.
Бир қараса, Ҳусанхўжага ўхшайди, бир қараса, Тўлаганга. Нуқул иршайиб, унсиз кулади...
Бўлмади... Комиссар ўрнидан туриб, валидол шимди. Бирпас иккиланиб турди-да, ваннахонага
кириб, илиқ душ олди. Адёлга ўраниб ётган жойида «Спидола» қулоғини буради. Алланечук
ҳузурбахш куй вужудини ёқимли сийпалаб ўтди. Анчагача эшитиб ётди. Охири куй тугаб,
диктор бир нималарни гапира бошлади. Комиссар «Исломобод» деган сўзни тушунди, холос.
Бундан чикди, Покистон экан... Мэлс ёдига тушиб, дарров радио қулоғини бошқа тўлқинга
олди. «Америка овози» СССРда бўлаётган демократик жараёнларни гапирар эди. Ниҳоят,
деразада тонг бўзара бошлади. У шошилмасдан кийинди. Плашини, шляпасини... Сут бидонини
олиб, пастга тушди. Қиш ҳали тугамаган, аммо кўклам нафаси сезилиб турарди. Қорлар эриб
битган, бақатераклар шохида бўртишга мойил куртаклар кўз очсамми-йўқми, деб иккиланиб
тургандек, шабадада оҳиста силкинарди. Орқа томондан кимдир ҳансираб нафас олгани
эшитилди. Эгнига «олимпийка», бошига чанғичилар телпагини кийган икки киши югуриб ўтиб
кетди. Ота-бола Оллобергановлар!
«Югура-югур! — деб ўйлади Комиссар энсаси қотиб. — Умрингни узайтирмоқчимисан?
Хэх! Кўчани кесиб ўтаётганингда пақ этиб машина уриб кетса — тамом! Қарабсанки, эшигинг
олдида қўшалоқ тобут турибди! Икки қаватли участканг хотинингга қолади». Дарвоқе, икки
қаватли кошонани қандай қурдийкин, бу? Хўп, профессорсан. Хўп, ана, ойлигинг саккиз юздир.
Саккиз юз сўм маош билан юз эллик минглик қаср солиб бўладими? Порахўр! Ҳаммаси
порахўр! Тағин булар ёшларга адолатдан ваъз ўқийди. Маузерни йўлдан урганлар ҳам шунақа
домлалар! Ёшсан, профессор, ёшсан! Ақалли ўн беш ёш каттароқ бўлганингдами! Эллигинчи
йилларда бир марта сўроқ берсанг, сичқоннинг инини минг тангага сотиб олган бўлардинг. Ўн
йил олдин рўй берган ҳангома Комиссарнинг ёдига тушди. Ғирт комедия! Йўқ, ўн йилмас,
аввалроқ бўлган экан. Унда Назира тирик эди.
Марказдаги уйда қўшни турадиган Совмин ходими илтимос қилди:
— Эрталаб ош бор, Соат Ғаниевич. Дорилфунунда ишлайдиган домлам невара тўйи
қиляпти.
Комиссар хушламайроқ турганини кўриб тушунтирди:
— Биламан, сиз ошга боришни ёқтирмайсиз. Шунақа-ку, одамларга қўшилсангиз ёмон
бўлмайди.
Тахминан шундай фасл эди. Февралнинг охирлари. Қорлар эриб, қиш чекина бошлаган,
аммо ҳали кўклам келмаган...
Қўшни хизмат машинасини чақириб қўйган экан, тонг отмасдан йўлга тушдилар.
— Домла Саидийни олиб кетсак, — деди қўшни. — Шундоқ, йўл устида.
Қўшнининг айтишига қараганда, домла Саидий дегани — шоир экан. Тўй қилаётган олим
билан эски қадрдон эмиш.
Комиссар менга барибир, дегандек қўл силтади. Нима фарқи бор: шоирми, ёзувчими? У
шоир-поирларни танимас, адабий китоб ўқишга тоқати йўқ эди.
Машина тор кўчага кирди. Аллақандай дарвоза олдида тўхтадилар. Совмин ходими
қўнғироқни босди. Ичкаридан ҳадеганда овоз келавермагач, дарвозани тақиллата бошлади.
Комиссар тоқати тоқ бўлиб, машинадан тушди. Уйғотишнинг оддий усулини ҳам билмайди, бу
галварс! Деразани муштлаш керак! Мана бундай! Ҳа, баракалла! Дарров чироқ ёнди.
Дарвоза ортида шўлтиллаган қадам товуши эшитилди.
— Ким? — деди эркак киши хавотирланиб. Комиссар кўнглида ғурур ҳиссини туйди. Сенга
ҳисоб бериб ўтириш қолувди энди!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |